Анас ибн Моликдан (р.а) ривоят қилинади: “Бир одам қазо қилди. Кимдир Расулуллоҳ (с.а.в.) эшитадиган қилиб: “Жаннат муборак!” деб юборади. Буни эшитиб Расулуллоҳ (с.а.в.): “Сен қаердан биласан? Балки у беҳуда нарсаларни гапиргандир ё арзимаган нарсага хасислик қилгандир?”-дедилар.
“Беҳуда” деган сўз барчамизга таниш. Унга “на дунё ва на охират учун фойдали бўлган нарса” ёки деб таъриф бериш мумкин. Беҳудаликнинг ҳақиқати - дин ва дунёсига зарур бўлмаган, Раббининг ризолигига эришишида бандага нафи тегмайдиган нарсадир.
Бу борада аллома Али ал-қорий шундай дейди: “Кишига амал, сўз, назар ва фикр сифатида тегишли бўлмаган ҳар нарса беҳудаликдир”. Яъни қилаётган хатти-ҳаракат ва айтаётган сўзларимиз, кўзимиз тушган, ўйлаётган нарсаларимизда ҳам кераксиз ва зарурий бўлмаганларидан узоқ бўлмоғимиз лозим.
Демак, ҳаётимиз давомида эҳтиёжимиздан ортиқ сўз, хатти-харакат бехудаликка киради. Қалб, тил, кўз, қулоқ, ақл ва ҳатто фикрларининг амаллари учун ҳам ҳисоб берадиган одам фарзанди, тарозининг савоб палласини боса олмайдиган нарсалардан узоқ юришимиз лозим экан.
Ҳамроқул ХОЛБОЕВ
Бекобод тумани “Улуғбек” масжиди имом-хатиби