Мақолалар

Тафаккур вақти: ҳар нарсадан ҳикмат изланг...

Ҳар бир нарсанинг икки кўриниши бор. Уни сиз қандай кашф қилсангиз, ўшандоқ бўлади. Ҳеч бир иш ҳикматсиз содир бўлмас. Ўзингиз буни ҳаётингизда қўллаб, тадбир қилиб кўринг. Ҳар бир нарсани яхшиликка йўйиш – шу неъматга ярим эга бўлиш демак. Икки соатлик йўл юриб, ишхонамга боришимни эшитган ҳар кимдан бир хил гап эшитаман: “Йўлда умрингиз ўтаркан, йўлни ўзи чарчатиб қўяди, ҳар куни 3-4 соатингизни бекорга йўқотасизми?....”

Бу сўзларга шундай назар билан қарасангиз, қуйидаги натижани беради: Бутун танангизни чарчоқ ва нолиш эгаллайди. Ўзингизни роса мадорсиз ҳис этасиз...

Ўзимга бу гаплардан ҳикмат ясайман. Оқибатда умрим зое кетмайди. Қолаверса, ўз севган касбим билан шуғулланиш, яратилган шароитлар шукронаси мени тарк этмайди. Уйда уй ишлари, ишда иш билан банд бўламиз. Аммо озгина тафаккурга Уни зикр қилишга вақт тополмайман, дейишга ҳожат йўқ. Йўлда ҳеч бир юмиш сизни Ундан чалғитолмайди. Ўзгаларга қийин туйилган сизнинг ҳаётингиз аслида сиз учун яхши имкониятдир, агар буни билсангиз. Ёмон нарсани ҳам яхшиликка йўйиб ижобий вазиятни туғдириш осон. Бунинг яхши ҳикмати борлигини ўйласангиз кифоя. Ҳикматини топганга ёмонлик йўқ.

Шунда беихтиёр мутаржим, олим Садриддин Салим Бухорийнинг ушбу сермаъно рубоийси ёдимга тушади:

Иллат излаганга иллатдир дунё,

Ғурбат излаганга ғурбатдир дунё.

Ким нени изласа топгай бегумон,

Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё.

 

ХУМОРБЕГИМ

 

 

 

Read 5767 times

Мақолалар

Top