Ибратли ҳикоялар

Пайғамбар ҳақида сўзлаган бўри воқеасини эшитганмисиз?

Чўпон ва бўри воқеаси Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг мўъжизаларидан биридир. 

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Бир бўри чўпоннинг олдига келди ва унинг қўйларидан бирини олиб қочди. Чўпон бўрининг орқасидан етиб олиб, қўйини тортиб олди. Шунда йиртқич жонивор (яъни, бўри) бир тепаликка чиқиб думини оёқлари орасига қисиб чўнқайиб ўтирди ва: “Сен Аллоҳ таоло берган ризқни мендан тортиб олдинг”, деди чўпонга қараб. 

“Аллоҳга қасам, мен бўрининг бундай гапирганини ҳеч эшитмаган эдим!”, деб ҳайратланди чўпон. “Бундан ҳам ажабланарлироқ нарса бор”, дея сўзлашда давом этди бўри: “Икки (вулқон ўчганидан кейин ҳосил бўлган) тошлоқ ер ўртасидаги хурмозорда бир одам сизларга бўлиб ўтган ва сизлардан кейин бўладиган ишлар ҳақида хабар бермоқда!” Ҳалиги чўпон яҳудий эди. У Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, Исломни қабул қилди ва бўри билан бўлган воқеани айтиб берди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни тасдиқладилар ва: “Бу Қиёмат олдидан бўладиган аломатларнинг биридир”, дедилар. Биров (уйидан) чиқиб кетади. Қайтиб келса, у кетганидан сўнг оиласининг нима билан машғул бўлганини ҳатто оёқ кийимлари ва қамчиси сўзлаб беришига яқин қолади”, дедилар” (Имом Аҳмад).

Бу ва бунга ўхшаш ғаройиб ҳодисалар Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг улуғ мўъжизалари бўлгани учун барчамиз сўзсиз уларга имон келтиришимиз керак.

“Сўраган эдингиз” китоби асосида тайёрланди

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 6814 times

Мақолалар

Top