Мақолалар

Илм даражадир

Ислом – мусулмонни илм олишга, маърифатли бўлишга тарғиб қилувчи дин. Башарият ҳамиша илм билан азиз бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган дастлабки оятларда илмга ундаш маъноси бор. Аллоҳ таоло Қуръони каримда илмли кишиларнинг мартабалари юксак даражаларга кўтарилажаги ҳақида шундай дейди:

“Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларининг бирида шундай дейдилар: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганлар, балки, илмни мерос қилиб қолдирганлар.”

Илм инсонга шу қадар даража берар эканки, ҳатто қуллар шу сабабли султонлар мартабасига эга бўларкан. Шу ўринда Солим ибн Убай илм сабабли етган мартабалари ҳақида ҳикоя қиладилар: “Хожам мени 300 дирҳам эвазига сотиб олди ва озод қилди. “Мен энди нима қиламан?”. десам, “Илм ўқийсан”, деди. Бир йил ўтиб Мадинанинг амири ҳузуримга зиёратга келди. Киришига рухсат бермадим”.

Илм эгалламай туриб азиз бўлишни истаган ва ўзини улуғлардан деб билган инсон албатта адашувдадир. Шубҳасиз, Одам алайҳиссалом илм туфайли фазилатга эга бўлиб, фаришталарнинг  таъзимига сазовор бўлдилар. Тарихда ҳам, ҳозир ҳам қайси халқ илмга муҳаббат қўйса, ўз даврида замонасининг илғор вакилларига айланган. Қайси бир инсон илмга рағбат қилса, эл аро шаъни юксакларга кўтарилган.

Албатта, бу илм Қуръон илми билан зийнатланса, Аллоҳ таоло шу қадар баракот ато этадики, бутун жамиятга нур ва яхшиликлар бахш этади. Дунёга устоз бўлган Бухорий ва термизийлар, Навоий ва фузулийлар, Мирзо Улуғбек ва фарғонийлар Қуръон илмини эгаллаганлари сабаб шу қадар даража топганлар.

Раббимизнинг марҳати билан юртимизда Қуръон ўзининг фасоҳати, юксак шукуҳи, файзу баракаси, элимизга улашаётган нури барчанинг ҳавасини келтирмоқда. Юртимизнинг барча гўшаларида Қуръон байрамлари ўтказилаётгани ва бу хайрли ишга давлат миқёсида эътибор берилаётгани кишига катта завқу-шавқ беради.

Ҳабибуллоҳ Ҳамдамов,
“Валихўжа ўғли Норхўжа” жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 4621 times

Мақолалар

Top