Мақолалар

Ноёб  фиқҳий  асар

Мазҳабимизни ўрганамиз

Фарғона водийсининг Косон шаҳрида туғилган маликул уламо Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад Косонийнинг ўн жуздан иборат “Бадоеус саноеъ фи тартибиш шароеъ” китоби устози Алоуддин Самарқандийнинг уч жузли “Туҳфатул фуқаҳо” асарига ёзилган шарҳдир. “Туҳфатул фуқаҳо” мазҳабимизда тан олинган нодир китоблардан бўлиб, унда фиқҳий масалалар мажмуи мухтасар баён этилган.

Алоуддин Косоний китобини “Бадоеус саноеъ фи тартибиш шароеъ”, яъни, “Шариат қонунини тартиблашда гўзал санъатлар” деб номлар экан, уни қўлга киритган киши ибодат ва муомалот масалалари ажойиб бир санъат даражасида тартиб-интизом билан териб айтилган батафсил ва мазмунли асарга эга бўлишини назарда тутган.

Алоуддин Косоний китоб муқаддимасида ёзади: “Аллоҳни таниб, Унинг сифатларини билганимдан кейинги илмларнинг энг улуғи фиқҳ илмидир. Фиқҳ илми – ҳалол ва ҳаром илми, қонунлар ва ҳукмлар илмидир. Фиқҳ мана шуларни ўргатадиган фандир. Барча пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг шу буйруқларини етказиш учун юборилган. Демак, пайғамбарлар – Аллоҳ элчиларининг асосий вазифаси одамларга фиқҳни ўргатиш бўлган”.

Аллоҳ таоло: “У Ўзи истаган кишиларга ҳикмат беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, бас, унга кўп яхшилик берилибди(Бақара сураси, 269), дейди. Баъзи тафсирларда оятдаги “ҳикмат” сўзини фиқҳ илмига йўйилган. Яъни, “ҳикмат – яхшилик берилди”, жумласини кимга фиқҳ илми берилса (яъни динни англаса, ўзи қилаётган амални билиб қилаётган бўлса), шу одам Аллоҳ таолодан жуда катта яхшилик олган, бахтли одам бўлади, деб тафсир қилинади.

Динни ўрганиш йўлида босилган ҳар қадам учун улуғ мукофотлар бор. Муқаддимада бунга далил сифатида бир ривоят келтирилади. Улуғ саҳобий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурига – Мадинаи мунавварага Шом диёридан (Сурия, Фаластин, Ўрдун, Қуддус атрофлари шу ном билан аталади) бир киши келди. Мадина билан Шомнинг орасида минг чақиримдан ошиқроқ масофа бор. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Шомдан нега келдинг?” деб сўраганларида у киши: “Мен ташаҳҳудни яхши билиб, ўрганиб олгани келдим”, деб жавоб беради. Шунда Умар йиғлаб юбордилар, кўзёшларидан соқоллари ҳўл бўлиб кетди. Кейин: “Аллоҳга қасам, Аллоҳдан умид қиламан, Аллоҳ сени ҳеч қачон азобламайди”, дедилар. Яъни, сен битта масалани ўрганиш учун шунча йўл босиб келибсан, машаққат чекибсан, сен учун яхши бир оқибат бор, демоқчилар.

Бир масалани шундай ихлос билан ўрганган киши учун бир улуғ саҳобий жуда катта неъматни умид қиляпти. Бизлар ҳам динимизнинг ҳар бир масаласини шундай холис ният билан сидқидилдан ўргансак, ўргатсак, ўша ваъдалар, Аллоҳ хоҳласа, бизга ҳам насиб этади, деб умид қиламиз.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 6281 times

Мақолалар

Top