Мақолалар

Хожа Баҳоуддин Нақшбанд

Хожа Баҳоуддин Нақшбанд – ислом оламининг энг машҳур авлиёларидан бири, нақшбандия тариқатининг асосчиси. У милодий 1318 йилнинг март ойида Бухоро вилоятининг Когон туманидаги Қасри Ҳиндувон қишлоғида туғилган. Халқ орасида Баҳоуддин, Баҳоуддинжон, Хожа Баҳоуддин, Баҳоуддин Балогардон, Балогардон, Хўжайи Бузрук, Шоҳи Нақшбанд номлари билан ҳам машҳур. Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг асл исми Муҳаммаддир. Манбаларда у кишининг отаси ҳам бобоси ҳам Муҳаммад исмида бўлгани қайд этилади. Баҳоуддин Нақшбанднинг насаби ота тарафдан Ҳазрат Алига, она тарафдан ҳазрат Абу Бакр Сиддиққа бориб тақалади. Хожалар авлодидан бўлгани учун унинг номи олдига хожа сўзини ишлатиш расм бўлган. Ёшлигида отаси билан бирга кимхобга нақш солиш ҳунари билан машғул бўлгани учун Нақшбанд лақаби билан машҳур бўлган. Ўша даврда матоларга нақш ишлаган, нақш солинган кўйлаклар ёки нақшли гиламлар тўқиган касб эгалари нақшбанд дейилган. Баҳоуддин” сўзи “Диннинг нури” деган маънони англатади. Бу Хожа Нақшбандга кейинчалик берилган фахрли унвон. Баҳоуддин Нақшбанд умри давомида бир неча пирнинг тарбиясини олган. Биринчи пири – Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий эди. Кекса шайх бу ёш муридини тарбиялашни ўринбосарларидан бўлмиш Амир Саййид Кулолга топширади. У тариқат бобида билганларини ўргатиб бўлганидан кейин шогирдига ижозат беради. Баҳоуддин илм истаб, яссавия тариқати шайхларининг машҳур вакилларидан бўлмиш Қусам шайх олдига, Нахшаб, яъни ҳозирги Қаршига боради. Уч ой ундан таълим олади. Баҳоуддиннинг бу пирга ихлоси баланд бўлган, айни чоғда Қусам шайх ҳам уни ўз ўғлидек билиб, муридига чексиз ҳурмати туфайли умрининг охиригача Бухорода яшаб, шу ерда вафот этади.  Манбаларнинг далолат беришича, у Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний (1103–1179)дан руҳий тарбия олган. Баҳоуддин Нақшбанднинг умри асосан Бухоро ва унинг атрофидаги қишлоқларда ўтган. Ғарибона ҳаёт кечирган, фақат ўз меҳнати билан кун кўрган. Хизматкор ёки қул сақламаган. Ўз таълимотини яратишда Юсуф Ҳамадоний ва Абдулхолиқ Ғиждувоний назарияларига асосланган. Таълимоти асосида: “Дил – ба ёр-у, даст – ба кор” (“Кўнгил Аллоҳда бўлсин-у, қўл иш билан банд бўлаверсин”), – деган шиор ётади. Тасаввуфдаги ҳар қандай тариқат каби, хожагон-нақшбандия тариқати ҳам ўз ғоялари, тартиб-қоидалари, одоблари ва қатъиятларини шакллантиришда жуда қадим ришталардан сув ичган. Аммо тариқатнинг бутун моҳиятини унинг бош шиори бўлмиш: “Дил – ба ёр-у, даст – ба кор” ҳикмати ҳамда яна ўн бир қоида белгилаб беради. Бу қоидалар “рашҳалар”, яъни “томчилар” деб юритилган. Рашҳалар Юсуф Ҳамадоний, Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд тарафларидан асосланган  

НАҚШБАНДИЯ ОЛТИН СИЛСИЛАСИ

Нақшбандия манбаларда “силсилат аз-заҳаб”, яъни “олтин силсила”  тарзида тилга олинади.

Бу қуйидаги тарзда шаклланган:

  • Сарвари олам Муҳаммад (соллаллоҳу алйҳи васаллам) (570–632).
  • Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) (573–634).
  • Ҳазрат Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу) (578–657).
  • Ҳазрат Қосим ибн Муҳаммад (раҳматуллоҳи алайҳ) (ваф. 605 й.).
  • Ҳазрат Имом Жаъфари Содиқ (раҳматуллоҳи алайҳ) (702–765).
  • Султон ал-орифин Боязид Бистомий (қуддиса сирруҳу) (ваф. 875 й.).
  • Шайх Абул Ҳасан Харақоний (қуддиса сирруҳу) (963–1033).
  • Шайх Абу Али Формадий (қуддиса сирруҳу) (962–1055).
  • Ҳазрат Хожа Юсуф Ҳамадоний (қуддиса сирруҳу) (1049–1141).
  • Ҳазрат Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний – Хожаи жаҳон (1103–1179).
  • Ҳазрат Хожа Ориф Ревгарий – Моҳитобон (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1317 й.).
  • Ҳазрат Хожа Маҳмуд Анжирфағнавий (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1317 й.).
  • Ҳазрат Хожа Али Рометаний (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1326 й.).
  • Ҳазрат Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1354 й.).
  • Ҳазрат Хожа Саййид Амир Кулол (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1370 й.).
  • Ҳазрат Хожа Баҳоуддин Нақшбанд Бухорий (қуддиса сирруҳу) (1318–1389

Юсуф Ҳамадоний тайин этган шиорлар:

  • Ҳуш дар дам.
  • Назар бар қадам.
  • Сафар дар ватан.
  • Хилват дар анжуман.

Абдулхолиқ Ғиждувоний тайин этган шиорлар:

  • Ёткард.
  • Бозгашт.
  • Нигоҳдошт.
  • Ёддошт.

Баҳоуддин Нақшбанд тайин этган шиорлар:

  • Вуқуфи замоний.
  • Вуқуфи ададий.
  • Вуқуфи қалбий.

ЗИЁРАТ ТАРТИБ-ҚОИДАЛАРИ           

  • Қабр зиёратига борган одам аввало ниятини тўғрилаши ҳамда бу амали билан Аллоҳнинг розилигини кўзлаши лозим. Зеро, ҳар бир амал ниятга боғлиқдир.
  • Қабристонга имкон қадар таҳоратли ҳолда сукунат билан кирган афзал.
  • Қабр аҳлига сиғиниш, улардан эҳтиёжларини сўраш жоиз бўлмай, бу ширк амал ҳисобланади. Аксинча, бунинг ўрнига уларнинг ҳаққига дуо қилиш лозим..
  • Қабр аҳлига назр қилиш, жонлиқ сўйиш, шам ёқиш, латта боғлаш каби ишлар оғир гуноҳ бўлиб, кишининг имонига путур етказади.
  • Қабристонга киришда қуйидаги дуони ўқиш ва ундаги маъноларни тўла ҳис этиш афзал: “Ассалому алайкум, мўмин мусулмонлар диёри аҳли! Биз ҳам, иншааллоҳ, сизларга қўшиламиз. Сизлар бизниннг ўтмишдошимизсиз, биз эса сизларнинг ўринбосарингизмиз. Аллоҳдан бизга ҳам, сизга ҳам офият сўраймиз”.
  • Зиёратчи ўзи зиёрт қилмоқчи бўлган қабрга оёқ тарафидан келиб, қабрнинг ўнг тарафига туради ва унга юзланиб, қиблага орқа қилган ҳолда қабр эгасига салом беради.
  • Зиёратчи қабр аҳли ҳаққига Қуръон тиловат қилади.
  • Қабр олдида Қуръон ўқиганда тиловатни овоз чиқариб ўқиган афзал, чунки қабр аҳли ундан баҳра олади.
  • Қабр устидаги кўкариб турган ўсимлик, дов дарахт ва майсаларга тегилмайди, чунки уларнинг тасбеҳидан маййитга манфаат бор. Қуриганларини йиғиштириш мумкин.
  • Зиёрат вақтида қабр тошларини ўпиш, уларни силаб юз-кўзга суртиш, қабр атрофини айланиб тавоф қилиш, у ерда шам ёқиш, зиёратгоҳ ҳудудидаги дарахт ёки ёғочларга латта парчаларини боғлаш жоиз эмас.
  • Қабр устига пул сочиш мумкин эмас, балки ҳар қанча хайрия, садақа ва эҳсони бўлса махсус эҳсон қутиларига ташлаш талаб этилади.
  • Зиёратгоҳ ҳудуди озодалагини сақлаш керак. Ёш болаларнинг бошқа зиёратчиларга халал беришларининг олдини олиш лозим.
  • Зиёратдан сўнг яна охиста чиқиб кетилади.

 

Ҳайдархон Юлдашходжаев

“Мир Араб” Олий мадрасаси ректори

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 10133 times

Мақолалар

Top