Мақолалар

Адоват  ва нафратдан йироқ бўлайлик

Аллоҳ таоло барча инсонларни бир ота-онадан яратганини билдириб: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик” (Ҳужурот сураси, 13-оят) дейди.

Ўзгаларга нисбатан фикр-ўйларимизда гина-кудуратнинг мавжудлиги зараримизга хизмат қилади. Айни ҳолат ўз хоҳишимиз билан тоқатимиз етмаган юкни кўтаришдек гап. Қуруми тўлиб қолган печни кўз олдингизга келтиринг. Қурумнинг оловнинг ёнишига қай даражада халал беришини тасаввур қилинг. “Банда агар бирор гуноҳ қилса, унинг қалбида қора нуқта пайдо бўлади. Агар у гуноҳини тарк қилиб, истиғфор айтиб тавба қилса, қалби сайқалланади. Агар гуноҳга қайтса қора нуқта катталашади. Ҳаттоки қалбини эгаллаб олади” (Термизий ривояти). Ҳадисни янада қувватлаш учун ушбу оятни келтирамиз: “Балки уларнинг дилларини ўзларининг қилмишлари (гуноҳлари) қоплаб олгандир” (Мутоффифун сураси, 14-оят).

Баъзида рақиб томон қилган ишидан хафа бўламиз-да унинг юришидай жавоб қайтариш мақсадида, у қилган хатони такрорлаб қўямиз? Бу билан биз бир қадам орқага кетган бўламиз. Инсон ўз жаҳлини тия оладиган даражада кучли бўлсагина ўзи ва ўзгаларга яхшиликда бардавом бўлади.

Кимлардир мол-дунёси кўплигидан, насл-насаби, миллати билан такаббурланиб, ўзларини бошқалардан устун қўйиб мақтанади. Аслида эса улар тупроқдан яратилганини унутади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида: “Аллоҳ таоло бандаларининг мол-дунёсига, кийган кийимига эмас, пок қалбига ва қилаётган амалларига қарайди” дейилган. Ҳар бир қилган хатти-ҳаракатимизни кўриб-ёзиб турувчилар бор. Охиратда савол-жавоб бор.

Аллоҳ таоло: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара сураси, 208-оят) деб огоҳлантирган.

Сал нарсага асабийлашиш инсонни ҳар томонлама заиф ва бемор қилади. Кичкинагина нарсаларга ҳам жиддий эътироз ва норозилик билан қарамоқ танадаги ҳужайраларининг бир-бири билан кескин реакцияларининг вужудга келишига сабаб бўлади. Бу эса инсондаги илғор фикр ва ғояларнинг йўқолишига замин яратади. Инсон Аллоҳ таолонинг яратганлари орасида ажойиб мўъжизадир. Ҳар бир соғлом инсонда юқори салоҳият, ихтирочилик ҳамда ўз ҳаракат тезлигига қараб комиллик, юзага келади. Дангасалик, эринчоқлик бизни йўлимиздан тўхтатиб қўяди ёки орқага тортади. Бир-биримизга азоб бериб, бировни камситиб, хатоларга эргашганимиз билан яхшиликка эришиб бўлмайди.

Фикримизни тасдиғи сифатида бир ҳикояни мисол тариқасида келтирамиз:

Бир одам донишманднинг ҳузурига келиб:

– Сиз мудом яхши кайфиятда юрасиз ва ҳеч қачон жаҳлингиз чиқмайди. Менга ҳам ўзингиз каби инсон бўлишимга ёрдам беринг, – дебди.

Донишманд бироз ўйланиб унга картошка ва қоп олиб келишини буюрибди. У қопни олиб келгач:

– Мабодо бирор кимса сени хафа қилгудек бўлса, ундан ғазаблансанг, ўша одамнинг исмини картошкага ўйиб ёзда, ўша картошкани қопингга солиб қўй”, – дебди.

– Бор йўғи шуми? – ажабланибди у.

–  Йўқ, бу ҳали ҳаммаси эмас, ўша одамларнинг исми битилган картошкалар солинган қопни ўзинг билан бирга олиб юришинг керак! Маслаҳат сўровчи донишманднинг ҳузуридан кетаркан ўзидаги иллатдан қутилиш учун унинг айтганларини сўзсиз бажаришга жазм қилди. Шундан сўнг орадан бир оз вақт ўтди. Кунлар ўтган сари унинг қопи картошкалар билан тўлиб оғирлашиб қолди. Қопни доим ўзи билан олиб юриш ниҳоятда ноқулайлик туғдириб, ўйиб исмлар ёзилгани сабабли картошкалар ачий бошлади. Ана шундан сўнг бадбўй ҳид анқиётган картошкалардан фориғ бўлишнинг чорасини излаб яна донишманднинг ҳузурига бориб: 

– Бу картошкалардан қандай қутулишни билолмаяпман. Биринчидан қоп жуда оғир, иккинчидан, картошкалар ачий бошлади. Бошқа бирон нарса таклиф қилинг? – дебди.

Бироқ донишманд унинг гапига унамабди,

– Кўрдингми, инсонларнинг қалбида ҳам худди шу ҳолат вужудга келади, аммо биз буни илғамаймиз. Ишларимиз кўникишларга, кўникишлар феъл-атворга, феъл-атворимиз эса қабиҳ одатларни ўзлаштирувчи инсон бўлишимизга сабабчи бўлади. Мен сенга шу ҳодисани ўз кўзинг билан кўришинг учун замин ҳозирладим. Аразлаш ёки бировни хафа қилишдан олдин мана шу ҳодисани кўз олдингга келтир, – деб унга сабоқ берибди.

Қалбимиздаги гина-кудуратлар картошка мисоли қалбимизга оғир юк ва бадбўйлик олиб келмасин.

Раббимизга қараб: “Менинг анча муаммо ва дардим бор”, дейиш ўрнига  дардимизга қараб: “МЕНИНГ БУЮК РАББИМ БОР!” дейлик. Шунда барчаси хайрли ечим топади, иншоаллоҳ!

Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4987 times

Мақолалар

Top