Мақолалар

Кун мавзуси: Олимлар макони – Регистон майдони

«Устознинг муборак ўрнига ҳаргиз ўтирма.

Чунки бу ишинг устозга нисбатан ҳурматсизлик бўлади».

«Таълим олувчига таълим йўлини ўргатиш» китобидан

 

Зиёрат туризмини ривожлантириш, уни иқтисодиётимизнинг муҳим тармоғига айлантириш бўйича жуда катта ишлар олиб борилмоқда. Муқаддас юртимиз асрлар давомида олим ва мутафаккирлар етиштириб чиқарган масжиду мадрасаларга, буюк инсонларнинг муборак қадамжоларига бой замин. Она юртимизда юзлаб, балки минглаб таълим даргоҳлари, қорихоналар мавжуд бўлган. Ана ўшалардан бири – Регистон ансамбли. Темурий ҳукмдор Мирзо Улуғбек ушбу майдонда уч бинодан иборат муҳташам обидалар яратади. Уларнинг иккитаси мадраса, биттаси эса масжид-мадраса бўлган:

  1. Улуғбек (1417-1420 йиллар);
  2. Шердор (1619-1635 йиллар);
  3. Тиллакори (1646-1660 йиллар).

Мирзо Улуғбек ва Шердор мадрасалари барча шароитлар муҳайё қилинган, ўз даврининг илғор олий ўқув юртлари бўлган. Улуғбек мадрасаси эса Шарқдаги биринчи дорилфунун ва кенг имкониятларга эга илмий муассаса сифатида ҳам катта шуҳрат қозониб, "Улуғбек академияси" сифатида машҳур бўлди. Европалик машҳур ёзувчи, файласуф ва тарихчи олим Вольтер: «Трансаксиянада унинг (Амир Темур) ўрнига тахтга чиққан машҳур Улуғбек Самарқандда биринчи академияга асос солди. Астрономик жадвалларни тузишга бош бўлди», деб айтади.

Мадрасалар таркибида масжид, кутубхона, дарсхоналар, ҳужралар ҳамда ошхона мавжуд бўлган. Кутубхоналарга диний ва дунёвий фанларга оид китоблар жамланган. Буюк Амир Темур ва авлодлари жамлаган китобларнинг аксари ана шу ерда сақланган. Бу мадрасаларда диний ва дунёвий фанлардан чуқур таълим бериш яхши йўлга қўйилган. Мавлоно Муҳаммад Хавофий, Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид, Муъиниддин Коший мадрасаларнинг етакчи олим ва мударрислари саналган. Улуғбек мадрасасида бошқа олимлар билан бир қаторда Улуғбекнинг ўзи ва шогирди Али Қушчи ҳам дарс берган. 

Ушбу мадрасалардан Маржоний Шаҳобиддин, Шарофуддин Али Яздий, Ҳофизи Абрў, Абдураззоқ Самарқандий, Мирхонд, Хондамир, Исфаҳоний, Давлатшоҳ Самарқандий. Қутб, Сайфи Саройи, Лутфий, Ҳайдар, Хоразмий, Дурбек, Амирий, Яқиний, Атойи, Саккокий, Абдуқодир Наимий, Қулмуҳаммад Шатқий, Ҳусайн Удий, Шоҳқули Ғижжакий, Қосим Раббоний, Дарвиш Аҳмад каби буюк олим ва ижодкорлар етишиб чиққан. Бутун дунёга танилган машҳур бобокалонларимиз Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ҳам Ҳиротдан Самарқандга келиб Мирзо Улуғбек мадрасасида таълим олганлар. Шунингдек, машҳур олим Мирам Чалабий ва Абул Али Биржандий ҳам мазкур билим даргоҳларида таҳсил олганлар.

ХV асрда Самарқанд илм ва адабиёт маркази сифатида  Шарқда машҳур эди. Самарқандда қурилган Регистон ансамбли шарқ меъморчилигининг энг нодир ёдгорликларидан бўлиб, ҳақли равишда Ўрта аср мусулмон меъморчилигининг ноёб дурдонаси деб фахрланишга арзийди. 2001 йил Регистон майдони ЮНЕСКОнинг бутун дунё ёдгорликлари рўйхатига киритилди.

Дарҳақиқат, ушбу улуғ қадамжолар бутун дунёдан зиёратчиларни ўзига жалб қилиб туради. Ҳақиқатки, зиёратчиларга бу масканларнинг бошқа бирор ерда топилмайдиган ўзига хос руҳияти, шарқона гўзаллигидан баҳраманд бўлиб кетиш учун қулай шароитлар яратиш айни муддаодир. Шу ўринда шароит қандай бўлиши керак деган савол эса бугун кўпчиликни бошини қотираётгани аён. Яқинда бир интернет сайтида “Регистон майдонидаги бўш турган ҳужраларда кафетерийлар ташкил этилиши мумкин”, деган хабар тарқалди.

Хабарда айтилишича: Самарқанднинг Регистон майдонидаги бўш турган ҳужраларда кафетерий ва меҳмонхона хизматлари ташкил этилиши мумкин. Испаниянинг Саноат, энергетика ва туризм вазирлиги Халқаро бўлими бошлиғи Мария Анхелес Мартинес Мингеса Самарқандга ташрифи чоғида шаҳар ҳокимлиги томонидан туризм соҳаси вакиллари иштирокида ташкил этилган давра суҳбатида мазкур таклифни билдирган. Унинг таъкидлашича, бу каби усуллар Испаниядаги маданий мерос объектларида кенг тарқалган.

Меҳмоннинг туризмни ривожлантириш бўйича берган қолган барча таклифларини ўрганиб чиқиш мумкин. Бироқ бўш турган ҳужраларни кафетерий ёки меҳмонхона қилиш масаласи, албатта, бизга тўғри келмаслиги аниқ.  Чунки асрлар оша не-не буюк зотларни тарбиялаб келган ҳужраларни қаҳвахона ёки меҳмонхоналарга айлантириш, бу жойларнинг мартабасига тўғри келмайди. Бундай иш нафақат ўзимизда, балки бошқа диндош ўлкаларда ҳам эътирозларга сабаб бўлиши мумкин. Аслида зиёратчиларга қулайлик яратишнинг бошқа усуллари жудаям кўп. Бундай қулайликларни Ансамблдан чеккароқда ташкил қилса ҳам бўлади.

Таълим-тарбияга оид адабиётларимизда шундай ривоят нақл қилинади. «Уламолардан бири масжидга талабаларга дарс бергани киради. Қараса, талабалар устозига ҳурмат кўрсатишини ният қилиб, у зотнинг курсисини доим ўтирадиган жойидан олиб, бошқа ўринга, юқорироққа олиб қўйишибди. Буни кўрган устоз ўриндиқни аввалги жойга қайтариб, талабалардан: "Сизлар курсини қўйган жойда аввал ким ўтирганини биласизларми?" деб сўрабди. Улар: «Йўқ», деб жавоб қилишибди. Устози уларга: «Бу ерда ана шу илм даргоҳининг катта устозларидан бири ўтирган. Мен ҳали бу муборак ўринга ўтиришга лойиқ бўлмадим», дебди. Ваҳоланки, у зот 20-30 йилдан бери катта-катта уламоларга дарс бериб келаётган экан".

«Таълим олувчига таълим йўлини ўргатиш» китобида бундай дейилади: «Устознинг муборак ўрнига ҳаргиз ўтирма. Чунки бу ишинг устозга нисбатан ҳурматсизлик бўлади».

Улуғ бобокалонларимиз таълим олган муқаддас жойларни уларнинг мартабаларига мувофиқ эъзозлашимиз уларнинг муборак хотираси қаршисидаги бурчимиздир.

ЎМИ матбуот хизмати 

 

Read 6295 times

Мақолалар

Top