Мақолалар

“Давра” маросими ҳақида биласизми?

“Давра” маросими қайси вақтдан ва қандай зарурат туфайли вужудга келгани ҳақида билмоқчи бўлсангиз қуйидаги мақолани ўқиб чиқишни тавсия этамиз. 

Таассуф билан шуни айтмоқ лозим, “давра” шариатимизда жорий бўлган фидя ҳақидаги масалага зиддир. Турли сабабларга кўра мусулмонлар орасида ҳар хил бидъат ва хурофотлар жорий бўлиб қолган. Шундай хурофотлардан бири “давра”дир. 

Киши беморлиги ёки бошқа шаръий узр билан адо қилолмаган намоз ва тутолмаган рўзалар учун васият қилсагина у қолдирган меросининг учдан биридан фидя берилади. Фидя миқдори ҳар бир фарз намоз ва витр учун ҳамда бир кунлик рўза учун ярим соъ буғдойдир. Демак, бир кунлик намоз учун 12 кг буғдой фидя сифатида берилади. Мазкур сонни намоз адо этилмай қолган кунлар ададига кўпайтирилса, умумий фидя миқдори чиқади. Бир ой рўзанинг фидяси 60 кг буғдойдир. 

Давра тарғиботчилари эса марҳум ҳали дафн қилинмасдан туриб, унинг умрини ҳисоблаб, марҳум васият қилмаган бўлсада, бунча намози ва бунча рўзаси қолибди, шунинг учун фалон миқдорда мол беришингиз керак, деб марҳумнинг қариндошларидан мол-пул талаб қилишади. Аллоҳ таоло мусулмонларни бировларнинг мол-мулкини ботил йўл билан ўзлаштиришдан қайтаради. Бу ҳақда “Нисо” сурасининг 29 оятида бундай дейилади: 

“Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир”. 

“Сўраган эдингиз” китоби асосида тайёрланди 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 6142 times

Мақолалар

Top