Мақолалар

Зуҳду зоҳидлик нима?

Савол: Зуҳд, ҳақиқий зоҳидлик нима дегани?

Жавоб: “Зуҳд” бирор нарсадан юз ўгириш маъносини англатади. Абу Идрис Ҳаволоний зуҳд ҳақида бундай деганлар: “Ҳақиқий зоҳид ҳалол нарсани ўзига ҳаром қилмайди, дунёдан воз кечмайди. Балки ўз қўлидагидан кўра, Аллоҳ таолонинг ҳузуридагига ишонади, етган бирор мусибат эвазига ажру савоб умид қилиб, янада хотиржам бўлади”.

Абу Сулаймон Доримий: “Бирор кишининг зоҳирини кўриб, зоҳид экан, демагин. Чунки зуҳд қалбда бўлади”, деганлар. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Зуҳд киши бирор одамни кўрганида уни ўзидан афзал билишидир”, деганлар. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ: “Дунё борасида зоҳидлик орзуларнинг қисқалиги ва одамлар қўлидаги нарсалардан тама қилмаслик”, деганлар.

Демак, ҳақиқий зуҳд ҳамма нарсадан юз ўгириб яшаш эмас, балки мол-дунёга муҳаббат қўймаслик, қўлдан кетганига қайғурмай, етган азиятга сабр билан Аллоҳ таолодан савоб умид этиш, эришган ютуқлари учун Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, яна савоб умид қилишдир.

“Сўраган эдингиз” китобидан

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 6527 times
Tagged under

Мақолалар

Top