Мақолалар

Фарзанднинг ота-она устидаги ҳақлари (5-мақола): Фарзандларга чиройли муносбатда бўлиш

Болага тарбия бериш жараёнида уни уриш тўғри эмас дейди соҳа мутахассислари. Фақат нотўғри иш қилган вақтида унга жазо тариқасида бундай усулни қўллаш ўринли бўлар экан. Бола тарбия қилишда ота-она ҳар доим уларга нисбатан марҳаматли, шафқатли ва севги билан муносбатда бўлишлари лозим. Турли жазо усулларини қўллашдан имкон қадар воз кечиш тарбиянинг яхши самара беришига ёрдам беради. Содир этилган хатони катталаштириш, қаттиқ жазо бериш ва болани бошқалар олдида шарманда қилиш мутлақо жиоз эмаслигини айтилади. 

Мақсад ва ғояларни тушунтиришда улар тушунадиган тил ва услубда етказиш мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки диний ҳақиқатларни тушуниш анча қийин бўлганидан ҳам уларга мисоллар орқали тушунтириб бориш яхши натижа беради. 

Ривоят. Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳу шундай ривоят қиладилар:

Инсонларнинг энг гўзал ахлоқи бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари эди. Мен ёшлигимда, уларнинг хизматларини бажариб юрган пайтимда бир эҳтиёжлари учун мени бир жойга юбордилар. Мен эса (ўша пайтдаги ёшлигимга бориб): “Мен бу ишга бормайман”, дедим. Бироқ кўнглимда Аллоҳниннг Расули буюрган ишга боришим керак деган ниятим бор эди. Шундай деб хаёлимдан ўтказиб, йўлга чиқдим. Йўлда кетиб турсам кўчанинг четида уйнаб турган болалар билан учрашиб қолдим. Улар билан уйнаб, ишимни эсимдан чиқариб қўйибман. Маълум вақт ўтганидан кейин қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ортимдан бошларини тутиб кулимсираб, қараб турган эканлар. Менга боқиб: “Эй Анас(жон), айтган жойимга бормайсанми?” дедилар. Мен эса: “Ҳа Расулуллоҳ, ҳозир бораман” дедим. Ҳазарти Анас розияллоҳу анҳу ривоятни давом эттириб:

“Аллоҳга қасамки, мен у зотнинг етти ёки тўққиз йил хизматларида бўлдим. Бажарилган бирорта ишим туфайли “Нега бундай қилдинг?”, бажарилмаган бирорта ишим сабабли эса “Нега бундай қилмадинг?” деб айтганларини билмайман”. (Муслим)  

Одоб китобларимизда ота-оналарни фарзандлари билан ширин сўзли, шафқатли бўлишга, уларга озор бермаслик, қийнамаслик, уларни ҳақорат қилмасликка буюрилади. Чунки фарзанд бу наслнинг, хайрли ва яхши ишларнинг давомчисидир. Агар тарбия тўғри берилса ҳақиқатдан ҳам шундай бўлади. Агар нотўғри тарбия берилса, минг афсус ёмон ишларнинг давомчиси бўлади. Фарзанд тарбиясида таёқ ишлатиш масаланинг ечими эмас, ноҳақдан уриш эса ҳаром экани китобларимизда маълум қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида:

“Енгиллаштиринг, қийинлаштирманг. Мужда (яхши хабар) беринг, нафрат қилдирманг!”, деб буюрганлар.  (Бухорий, Муслим, Абу Довуд) 

Ибни Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзига тамға босилган бир эшакнинг олдидан ўтиб қоладилар ва унга қараб:

“Аллоҳ бунга тамға босган кишини лаънатласин” – деб марҳамат қилганлар. (Муслим, “Риёз-ус-солиҳийн”) 

Ушбу ҳадиси шариф ҳайвоннинг юзини куйдирган кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаънат этишлари, бу ҳаракатнинг гуноҳи кабира эканидан далолат беради. Бир ҳайвонга-ки ноҳақ зулм қилиш Пайғамбарнинг лаънатига сабаб бўлар экан, болаларни ноҳақ уриш, уларга зулм ўтказиш, уларга қўпол муносабатда бўлишнинг мутлақо нотўғри эканини тушуниш қийин эмас.

***

Фарзандларни сахийликка ўргатиб, мол-мулкка бўлган муҳаббатларини кесиш лозим. Чунки молу дунёнинг зарари фойдасидан кўп эканини, барча ёмонликлар айнан дунё севгисидан пай    до бўлишини яхшилаб тушунтириб бориш лозим. Болалар бўш қолган вақтларида ақлий ва баданий фойда бўлган ўйинлар билан ўйнашларига рухсат берилади. Вақти соати келганида ўғил болаларн суннатлаш лозим. Чунки бу Исломиятнинг шиори, аломатидир.

***

Агар фарзанд илм талабида бўлса унга барча шароитини яратиб бериш лозим. Меҳантга қизиқса бирорта фойдали касбни ўргатиш керак бўлади. Боланинг қобилияти қайси соҳага яқин бўлса, ўша йўналишдаги таҳсил ёки касбга йўналтириш лозим. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаракат қилаверинглар, ким нима учун яратилган бўлса, у нарса ўша банда учун осон қилиб қўйилгандир” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти), деб айтганлар. 

***

Қизларга алоҳида ҳурмат ва эҳтиромда бўлиш, уларни кўнглини кўтариб, яхши сўзлар билан эркалаш иболи-ҳаёли бўлиб етишишларида катта ёрдам беради.  

“Бир болага таълим берсанг, жамиятда бир шахс тўғри юради. Агар бир қизга таълим-тарбия берсанг, бутун бир миллат ўнгланади”, дейди ислом олими Абдулҳамид Бодис Жазоирий. 

Ҳикоя. Отажон, мен сизни яхши кўраман!

Бир куни бир одам янги олган машинасини созлаш билан машғул бўлиб турганда, олти ёшли ўғли ердан тош олиб, машинанинг ён тарафига чизиб, тирнади. Буни кўрган отанинг ғазаби тошиб, ўғлининг қўлидан тутиб, чизган қўлига бир неча марта урди. Отанинг қўлида мурувват (болт-гайка)ларни қотириб-бўшатадиган калит (ключ) бор эди. У ўзи сезмаган ҳолда ўғлининг қўлига ўша калит билан урган эди. Бунинг натижасида ўғилнинг бармоқлари кесилиб, шифохонага ётқизилди. Болакай уни кўргани келган отасидан: “Бармоқларим қачон ўсиб чиқади?” деб сўради. Бу гапларни эшитган ота эса, аламига чидай олмай, машинанинг олдига бориб, уни тепа бошлади. Чарчаб, ўтириб қолганда, машинанинг эшигига чизилган чизиқларга назар солди. Яхшилаб қараса, ўғли “Отажон, мен сизни яхши кўраман” деб ёзган экан. 

Муҳаббат ва ғазабнинг чегараси йўқ. Ғазабинг тошган пайтда турли қарорлар қабул қилиб, кейин ҳаётинг давомида ўша қарорларингга надомат қилиб юрмаслигинг учун нафсингга, то у тинчлангунича, фурсат бер

Улуғбек Султоновнинг 
"Ота-онага хизмат қилиш 
одоблари" китобидан олинди

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 5310 times

Мақолалар

Top