Мақолалар

Урфга айланган бидъатлар

Маъсият билан бидъатнинг орасида фарқ бор. Осий маъсиятнинг гуноҳ эканини била туриб қилади. Савобдан маҳрумлигини ва жазога гирифтор бўлишини ҳам билади. Аммо бидъатчи ўзини ҳақ йўлда деб ҳисоблайди. Ўзгаларни унга эргашмаганликда айблайди. Бидъати учун савоб олишига қаттиқ ишонади ва ўз амалларини энг тўғри ва керакли деб билади.

Бидъат-хурофотларга берилган кишининг қилаётган ишлари: яхши амалларнинг ҳабата бўлиши, шайтоннинг бидъатчига яқин бўлиши ва ҳақ билан ботилнинг аралашиб кетишига сабабчи бўлади.

Инсонлар онгида ўрнашиб, айни кунда одат тусига кириб қолаётган бидъат амалларнинг хато эканини тушунтириш, уларни шаръий ҳукмлар билан баён қилиш долзарб масала ҳисобланади. Тарихдан маълумки, халқимиз ўзининг бой маънавияти, азалий қадриятлари, урф-одатлари билан бошқа халқлардан ажралиб туради. Халқимиз онгида мустаҳкам илдиз отган шундай қадриятларимиз борки, улар (меҳмондўстлик, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, саломлашиш) миллийлигимизга янада зеб бериб, халқимизнинг янада фаровон яшашини ҳамда бошқа миллат ва элатлар орасида доимо юксак эҳтиромга сазовор бўлишини таъминлаб келган.

Диёримиздан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Лайс Самарқандий, Имом Доримий каби уламоларимизнинг Ислом динига кўрсатган улкан хизматларини бугунги кунда бутун дунё эътироф этади. Аллоҳга ҳамд бўлсинки, халқимиз ҳақ ислом динига эътиқод қилади ва ундаги шариат аҳкомлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилади. Ислом динида урф-одатга ижобий қаралиб, ҳатто баъзи ҳолатларда ҳукмларни истинбот қилишда урфга ҳам қаралади.

Урф  икки хил – урфу саҳиҳ ва урфу фосид бўлади. Урфу саҳиҳ кишилар одатланиб қолган, шаръий далилга мухолиф бўлмаган, ҳаромни ҳалол қилмайдиган, бажариш лозим бўлган ишдан тўхтатмайдиган нарсага айтилади. Фосид урф эса, одамлар одатланиб қолган, бироқ у шариатга хилоф, ҳаромни ҳалол қилувчи, лозим бўлган ишни қилишдан тўхтатувчи нарсадир. Масалан, кишилар одатланган, фарзанд туғилгандан кейинги ношаръий зиёфатлар, туғилган кунни ҳар йили нишонлаш, киши вафот қилгандан сўнг бажариладиган мункар ишлар; судхўрлик, турли қимор ўйинлари каби амаллар киради.

Саҳиҳ урфга биноан шаръий ҳукм чиқаришда қозилар мужтаҳидлар ҳукмларига риоя этади. Чунки одамлар одатланиб қолган ишлар, агар улар шариат қонунларига зид бўлмаса, уларнинг манфаатлари ҳисобланади. Аммо фосид урфга риоя қилмаслик вожибдир. Чунки унга риоя қилиш шаръий далилга қарши туриш ёки шаръий ҳукмни бекор қилишдир.

Демак, урф-одатлар шариатга мувофиқ келсагина уларга амал қилиш жоиз. Халқимиз орасида урфга айланган, кўпчилик уларни қилмасликни иложи йўқ, ота-боболаримиздан қолган маънавий мерос деб эътиқод қиладиган ишлар жуда кўп. Афсуски, ушбу урф-одатларимизнинг ҳаммаси ҳам динимиз кўрсатмаларига мувофиқ келавермайди. Урф-одат экан деб уларнинг ҳаммасига амал қилавериш ярамайди. Ҳар қандай ишни қилишдан олдин бу ишга Аллоҳ буюрганми  ёки қайтарганми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида бу ҳақда нима дейилган? Бу борада шариатимиз кўрсатмаси қандай? каби саволларга жавоб топилиши лозим.

 

Меҳринисо САИДЖАЛОЛОВА,

Хадичаи Кубро аёл-қизлар  ўрта махсус

  ислом  билим юрти Ахборот-ресурс

  маркази раҳбари

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Read 4527 times

Мақолалар

Top