Мақолалар

Калом илми атрофидаги баҳслар

Ҳижрий иккинчи асрнинг бошларида мусулмонлар орасидаги ақидавий баҳс мунозаралар янги босқичга кўтарилган. Ақийдавий масалалар баҳс қилинадиган махсус давралар пайдо бўла бошлаган.

Бу давраларнинг етакчилари, уларга эргашувчилар ҳамда бир-биридан фарқли ақидавий қарашлар яққол кўрина бошлаган. Буларнинг самараси ўлароқ турли номлар билан аталадиган фирқалар шакллана борган. Бу фирқаларни аҳли суннадагилар  ё етакчиларининг исми билан, ё қилаётган асосий даъволари билан, ё ажралиб турадиган бирор сифатлари билан номлаганлар.

 Мазкур фирқаларнинг вакиллари хилма-хил эътиқоддаги шахслар бўлиб, уларнинг баъзилари ўзининг бузуқ эътиқодида ниҳоятда ғулувга кетган ва исломдан чиқиб кетишга яқин қолган бўлса, айримлари исломга бегона бўлган турли фалсафий қарашларга ёпишиб олган эди. Бундай кимсалар эътиқод ҳақидаги сўзларга фалсафий қарашларни аралаштириб юборган эдилар. Тарафлар ўртасида бугун "фалон нарса ҳақидаги калом" номи остида, эртага бошқа бир "фалон нарса ҳақидаги калом"атрофида турли ақидавий баҳс-мунозаралар, қаттиқ тортишувлар борарди.

Шунинг учун ҳам жамият аҳли орасида мазкур шахслар машғул бўлган "калом" билан шуғулланишнинг шаръий ҳукми ҳақидаги саволлар баралла янграй бошлаган. Табийки мазкур шахсларнинг ҳолатларидан хабардор аҳли сунна уламолари бундай "калом" билан шуғулланишнинг ҳаром эканини, ундан сақланиш лозим эканини қаттиқ таъкидладлаганлар. Мазкур "аҳли каломчилар" ўртасидаги баҳс мунозараларда содир бўлаётган самъий далилларга нисбатан бепарво муносабатда бўлиш, қарши томонни кофирга чиқариш каби ҳолатлар аҳли сунна уламоларининг сўзлари ҳақ эканини кўрсатиб турарди. Ушбу даврларда аҳли сунна уламолари "калом илми" билан шуғулланишдан қатъий равишда батамом ман қилганлар.

Кейинчалик аҳли сунна уламолари "калом илми"нинг хатарли жиҳатларидан огоҳлантириш билан бирга Қуръон ва суннат асосидаги "калом илми" ҳақида ҳам сўз юритганлар. Яъни энди "калом илми"ни мутлақо ман қилишдан уни жоиз ва ножоиз турларига ажратишга ўтилган. Бу ҳақида Ғаззолий "Илжамул авам ъан илмил калам" номли рисоласида,  Ибн Вазийр "Таржийҳу асалийбил Қуръан ъала асалийбил юнан" номли китобларида баҳс юритганлар.

Шунингдек Имомул Ҳарамайн, Ҳулаймий, Байҳақий, Ғаззолий, Нававий ва Ибн Асокир каби уламолар бу илмни ўрганиш фарзи кифоя бўлиши айтганлари ривоят қилинган. Абул Ҳасан Ашъарий роҳматуллоҳи алайҳ ушбу масалага бағишлаб "Истиҳсанул ховзи фи илмил калам"номли асарларида "калом илми"га қарши чиққанларнинг далилларига жавоб берганлар. "Калом илми" атрофидаги баҳслардаги икки тарафнинг ҳам асосий далилларини ўрганиб чиқиш кўплаб тушунмовчиликларга барҳам беради.

"Калом илми"га қарши чиқиб уни ўрганишдан ман қиладиганларнинг асосий далиллари қуйидагилардир:

  1. Қуръон ва суннатда тортишувдан қайтарилган. Муташобиҳ оятларга эргашиб чуқур кетувчиларни дилларида оғиши борлар дея улардан огоҳлантирган: 

فَأَمَّا الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ زَيْغٌ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَابَهَ مِنْهُ ابْتِغَاءَ الْفِتْنَةِ وَابْتِغَاءَ تَأْوِيلِهِ

Аммо дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар[1].

Муташобиҳ оятларга эргашиб чуқур кетиш эса калом илмида бўлган. Шунингучун калом илмига киришишдан сақланиш керак.

Бу далилга мутакаллимлар шундай жавоб берганлар: Шариатда муташобиҳ оятларга эргашишдан ёки ақл етмайдиган нарсалар тўғрисида ақлий баҳс юртишдан қайтарилган. Аммо булардан бошқа ақидавий масалалар тўғрисида муҳкам оятлар, саҳиҳ суннат ва очиқ-ойдин ақл тақозоси баҳс юритиш асло ман қилинган эмасдир. Ояти карималарда ва ҳадиси шарифларда ман қилинган тортишувлар хусуматчилар ҳақидадир. Аммо ҳақни зоҳир қилиш йўлидаги баҳс-мунозаранинг ҳеч қандай кароҳияти йўқ, балки у буюрилган иш ҳисобланади:

وَجَادِلْهُمْ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ 

Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг![2]

 Шариатда ботил нарсага тортишиш, илмсиз равишда баҳс-мунозара қилиш ман қилингандир. Аммо ҳақ йўлидаги мужодала вожиб ё мустаҳаб иш ҳисобланади. Қуръони каримда Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми билан узоқ баҳс мунозара қилгани қавми тилидан баён қилинган:

قَالُوا يَا نُوحُ قَدْ جَادَلْتَنَا فَأَكْثَرْتَ جِدَالَنَا

Улар: Эй, Нуҳ, батаҳқиқ сен биз билан тортишдинг, кўп тортишдинг.

Маълумки Нуҳ алайҳиссалом қавми билан фаръий масалалар тўғрисида тортишмаганлар балки эътиқодий масалаларда тортишганлар. Зеро Қуръони каримда эътиқодий масалаларни ва уларнинг далилларини батафсил баён қилиб берувчи оятлар тўладир. Шунинг учун бу илмни ўрганиш фарзи кифоя ҳисобланади.

Калом илмига қарши чиқувчиларнинг иккинчи далиллари

  1. Саҳобаи киромлар энг яхши асрда яшаган ва динни бошқалардан кўра яхшироқ билганлар. Ушбу зотлар фиқҳий аҳкомларни таълим олганлар ва бошқаларга ҳам уларни ўргатганлар. Аммо "калом илми" билан асло машғул бўлмаганлар. Демак бу илм бидъат ва ҳалокатга дучор қилувчи залолатдан бошқа нарса эмасдир.

Бу далилга мутакаллимлар шундай жавоб берганлар: Ҳақиқатдан ҳам саҳобаи киромлар бу илм билан машғул бўлмаганлар. Чунки уларда бунга эҳтиёж йўқ бўлган. Бунинг сабабини мутакаллим олимлардан бири шундай тушунтирган: " Саҳобаи киромлар бу илмга киришмаганлар чунки у зотларнинг ҳолати олдиларида уларга қарши жанг қиладиган ҳеч ким бўлмаган шунинг учун қуролланиш машаққатига ҳеч бир сабаб бўлмаган кишиларнинг ҳолатидек бўлган. Аммо биз эътиқодимизни инкор қилиб бизга қарши чиқадиганларга рўбарў бўлдик. Биз ўзимизни ҳимоя қилишга, тўғрини нотўғридан ажратишга муҳтож бўлиб қолдик".

Калом илмига қарши чиқувчиларнинг учинчи далиллари:

  1. Улуғ мужтаҳид уламолар "калом илми" зоҳир бўлган пайтда уни ёмон кўрганлар ва шогирдларини у ҳақида баҳс юритишдан қайтарганлар. Масалан Имом Аъзам роҳматуллоҳи алайҳ ўғли Ҳаммодни "калом"билан шуғулланишдан қайтарган. Имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳ: " калом билан машғул бўлган бирон кимса ҳам нажот топмаган" деган. Шунга яқин маънодаги сўзлар имом Молик ва имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳимолардан ҳам ривоят қилинган.

Бу далилга мутакаллимларнинг жавоблари: улуғ мужтаҳид уламолар "калом илми" зоҳир бўлган пайтда уни ёмон кўрганлари ва шогирдларини у ҳақида баҳс юритишдан қайтарганлари ҳақиқатдир. Аммо ўзларининг ҳам "калом илми" бўйича машҳур асарлар таълиф этганлари ҳам худди шундай ҳақиқатдир. Шу ўринда улар қайси "калом илми"ни ёмон кўриб ундан қайтарган, деган ҳақли савол пайдо бўлади. Бу саволга жавоб ахтариб уларнинг асарларига мурожаат этадиган бўлсак, улар Қуръон ва суннатга мухолиф бўлган бидъатчиларнинг сўзларини ёмон кўрганлари ва шогирдларини ҳам уларнинг сўзларини баҳс қилишдан қайтарганлари маълум бўлади. Бу ҳақиқат Имоми Аъзам роҳматуллоҳи алайҳнинг "Ал-фиқҳул акбар", "Ал-фиқҳул авсат", "Васият" ҳамда Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳнинг "Ар-родду ъалал жаҳмия" каби асарларда ўз ифодасини топган. Бу асарларда аҳли сунна вал жамоа эътиқоди қандай бўлиши лозимлиги баён қилинган. Демак улуғ мужтаҳид уламолар бидъатчиларнинг "калом илми"дан қайтаришган, Қуръон ва суннат асосидаги "калом илми"ни эса ўрганиш зарурлигини ўзлари бу ҳақида асарлар ёзиб тушунтирганлар.

 Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин! 

Абдулқодир Абдур Раҳим

Read 11964 times

Мақолалар

Top