Мақолалар

Ибрат олайлик

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча оятларида бизни муҳташам коинотдан ибрат олишга чақиради. Одам боласи Аллоҳ таолонинг борлигини, бирлигини, чексиз қудратини ҳис қилиш учун тоғларга, денгиз-дарёларга, ҳайвоноту ўсимлик оламига ва хусусан, энг катта мўъжиза бўлмиш инсонга ибрат назари билан боқиши, тафаккур қилиши керак. Зеро, мана бу ояти карималар шунга ундайди:

(Эй инсонлар,) ерда ишонувчилар учун аломатлар бордир. Ўзларингизда ҳам. Ахир, кўрмайсизларми?!” (Зориёт, 20 -21).

“Ахир, улар туяга қараб, қандай яратилганига, осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига, тоғларнинг қандай тикланганига ва Ернинг қандай ёйиб-текислаб қўйилганига боқмайдиларми?!” (Ғошия, 17-20).

Табиатда кечаётган қайта жонланиш, янгиланиш ва яшариш жараёнлари улуғ Аллоҳнинг яратувчилик қудратини намоён этадиган энг гўзал далиллар эканини пайқамаслик мумкинми? Аллоҳ таоло яратиқнинг нима учун ва қандай қилиб яратилганига диққатни тортиб, бундай марҳамат қилади:

Сизлар ўзларингиз ичаётган сувни (ўйлаб) кўрдингизми?! Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдирувчимизми?! Агар Биз хоҳласак, уни шўр ва аччиқ қилиб қўйган бўлур эдик. Бас, шукр қилмайсизларми?! Сизлар ёқаётган оловни (ўйлаб) кўрдингизми?! Унинг дарахтини сизлар пайдо қилдингизми ёки Биз пайдо қилувчимизми?! Биз уни (жаҳаннам ҳақида) бир эслатма ва йўловчилар учун фойдаланадиган нарса қилиб қўйдик. Бас, (Эй Муҳаммад,) Улуғ Раббингиз номини (поклаб) тасбеҳ айтинг!” (Воқеа, 68 -74).

Бу оятларни ўқигач, Аллоҳнинг борлигини, бирлигини, Унинг улуғ қудратини тасдиқ этишимиз, берган неъматларига шукр қилмасдан иложимиз қолмайди. Ер юзидаги ҳамма нарса ўз тили билан Аллоҳни ёд этиб, Унга тасбеҳ айтар экан, яралмишларнинг энг шарафлиси бўлмиш инсонларнинг Ундан узоқ қолиши тўғри бўладими?

Сўзимизни мана бу ояти карима билан якунлаймиз:

(Эй Муҳаммад,) айтинг: “Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ кечани қиёмат кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси “илоҳ” сизларга бирор ёруғлик келтира олур?! Ахир, эшитмайсизларми?!” Айтинг: “Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ кундузни қиёмат кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси “илоҳ” сизларга таскин топадиган кечани келтира олур?! Ахир, кўрмайсизларми?!” (Қасас, 71-72).

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3920 times

Мақолалар

Top