Мақолалар

Сабр – улуғлик белгиси

Сабр – инсонга дунё ва дин ишларида тўғри йўл тутишда ёрдам берадиган фазилат. Инсон  зоти яралибдики, ўзининг барча мақсадларини сабр асосида рўёбга чиқаради. Агар у сабрсизлик билан иш тутса хеч қачон мақсадга эриша олмайди. Ҳар қандай ишда ҳам шошқалоқлик зарар келтиради. Сахл Ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Шошилмаслик Аллоҳдандир, шошқалоқлик шайтондардир”, дедилар (Термизий ва Байхакий ривоят қилган).

Шунинг учун ҳам мўмин-мусулмон банда ҳеч бир ишда шошилмаслиги лозим.

Сабр – улуғлик ва камолот белгисидир. Аллоҳ таоло ўз исмларидан бирини “Ас-собур” деб атагани хам бежиз эмас. Аллоҳ таоло гуноҳ қилган бандасини дарҳол жазоламайди, унга берилажак азобни орқага суради. Аъроф сурасида бундай марҳамат қилинади: “Албатта Раббингиз осмонлару ерни олти кунда яратган”  (54-оят).

Аллоҳ таоло истаса оламни бир зумда яратар эди. Аммо бандаларга ибрат бўлиши учун уни олти кунда яратган. Шунингдек, Аллоҳ таоло Қурони каримни  ҳам бир йўла нозил қилса бўлар эди. Аммо бандаларга осон бўлиши учун йигирма уч йилда нозил этди. Шариат аҳкомларини ҳам ўша муддатда жорий қилди. Ожиз бандалар бу дунё ишларини амалга оширишда қанчалик машаққат ва оғирлик  ҳосил бўлмасин, мустаҳкам ирода ва сабр-тоқат кўрсатиши лозим. Имом Бухорий ривоят қилган бир ҳадисда: “Кимки сабр қилишни хоҳласа, Аллоҳ унга сабр беради. Ҳеч бир кишига сабрдан кўра яхшироқ неъмат берилмаган.” дейилади. Инсон ҳаёти давомида бир имтиҳондан чиқиб, иккинчи имтиҳондан чиқиб, учинчи имтиҳонга тўқнаш келаверади ва бу нарса бир-бирига уланиб кетган синовлардан иборат .

Бугунги кунда кўп гуноҳ ва жиноятлар келиб чиқишига назар ташласак, сабрсизлигимиз эвазига содир бўлаётганини кўрамиз.  Инсонларнинг ёши-қари ҳаммаси сабрни унутиб қўйдик, десак муболаға бўлмайди. Аллоҳу таоло шунча соҳиб қудрат эгаси бўлса ҳам биз бандаларга ҳар бир нарсада ибрат олишимиз учун ақлимизни сабрга ундаган. Хато камчилликларнинг бари сабрсизлигимиз оқибатида содир бўлаяпти. У ҳаёт уфқида кетма-кет пайдо бўлувчи булутлардан қўрқмайдиган, балки бир кунмас, бир кун ўзига ҳам омад кулиб боқишидан умидини узмаслиги лозим. Бундай натижани сабр бардош, хотиржамлик ва ишонч билан кутиш эса айни ҳикматдир. Шунинг учун дин бандадан хар  доим сабр қилишни талаб этади.

Абдухалил АБДУНАЗАРОВ,

Қизириқ туман бош имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4382 times

Мақолалар

Top