Мақолалар

Наврўзи олам – яшариш айёми

Азиз юртимизга мавсумлар келинчаги баҳор келди.

Замин уйғонмоқца. Барча-барчамиз интиқиб кутган Наврўз айёми – яшнаш ва яшариш палласи кириб келмоқда.

Шамсий йил ҳисобида йилнинг биринчи куни – наврўз (янги кун) деҳқончилик ишларининг  бошланиши, янги мавсумга кириш вақти саналади. Азалдан Наврўз байрамида янги униб чиққан кўкатлардан кўксомса, кўкчучвара каби тансиқ таомлар пиширилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, биз нишонлайдиган Наврўз байрами оташпарастлар нишонлайдиган наврўз эмас, балки қиш фаслидан чиқиб, баҳор айёмига саломат етганимиз, ерга уруғ қадайдиган фурсат етгани муносабати билан деҳқонларнинг баҳор байрами сифатида нишонлайдиган мавсумий тадбири ҳисобланади.

Мир Алишер Навоий ҳазратлари ҳам ўз асарларида: "Ҳар тунинг "Қадр" ўлубон, ҳар кунинг ўлсун "Наврўз", деб бу кунни алоҳида ёд этганлар.

Бинобарин, барча миллий байрамлар қатори Наврўз байрамини ҳам кўтаринки руҳда билан, фасли навбаҳор айёмига соғ-саломат етказгани учун Яратганга шукроналаримизни адо этган ҳолда ўтказишимиз лозим бўлади.

Наврўз байрами мамлакатимизда умумхалқ байрамларидан бири сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Ҳар йили мамлакатимиздаги барча шаҳар ва қишлоқларда ушбу байрам муносабати билан турли сайиллар, томошалар, байрам тадбирлари ўтказилмоқда. Байрам куни меҳрибонлик уйлари уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз кексалар, ногиронлар, меҳрга муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиниб, уларни байрам билан қутлаб, турли совғалар, хайр-эҳсонлар тақдим этиш халқимизнинг гўзал анъаналаридандир.

Бобо деҳқонларимиз, миришкор боғбонларимиз орзиқиб кутган дамлар етиб келди. Улар ерга барака уруғини сочади, мевали ва манзарали дарахтлар ўтқазади. Динимизда деҳқончилик, ерни обод қилиш масаласига алоҳида эътибор берилган. Зеро, ерга меҳнат билан қанчалик ишлов берилса, деҳқончилик, зироат ҳам шунга қараб баракали бўлади. Рўзғоримиз бутун, ҳаётимиз фаровон бўлиб бораверади. Шаҳар ва қишлоқларда яшовчи барча  инсонлар бу муборак фаслни ғанимат билиб, юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, турмушимиз равнақи йўлида астойдил бел боғлаб, фидокорона меҳнат қилиш билан ўзларининг ҳиссаларини қўшишга харакат қиладилар.

Шунингдек, ҳар йили баҳор келиши билан атроф-муҳит, ўқув даргоҳлари ҳамда маҳаллаларни саранжом-саришта қилиш бўйича кўплаб оммавий ҳашарларни уюштириш ҳам миллатимизга хос одатлардандир. Бунда дарахтлар оқланиб, ҳар хил чиқиндилар тозаланади, янги-янги мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилади. Атрофни ўзгача файзу шукуҳ, поклик қамраб олади, Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "...Ҳовли ва уй-жойларингизни озода тутинглар"; "Поклик имондандир" дея умматларини  покликка  чорлаганлар.

Наврўз байрами кеча билан кундузнинг тенглашган чоғи, баҳор фаслининг 21-22 март кунларидан бошлаб, бир ҳафта, ўн кун давомида ўтказилган. Бу байрам, аввало, табиатнинг жонланиши, янгиланиши билан юртимизга гўзал баҳор фасли кириб келиб, ям-яшил сепини ёйиши билан бошланган.

Аждодларимиз бу байрамни нишонлаб, турли-туман, ранг-баранг удум ва маросимларни ўтказишган. Далаларда баҳорги экин-текин ишлари бошланиб кетган. Жамоа-жамоа бўлиб ҳашарлар уюштирилган. Ўтган аждодлар руҳи ёд қилинган, қабристонлар ободонлаштирилган,

Наврўз байрамига атаб аждодларимиз махсус кийимлар тайёрлашган ва уларни кийиб байрам қилишган. Наврўз таомлари ўзига хос бўлган. Улар орасида, айниқса, сумалак, ҳалим тайёрлаш анъанавий одат тусига кирган.

Тинч ва осойишта юртимизнинг янада тараққий этиши ҳамда зироат ишларида мўл-кўл ҳосил олиш йўлида меҳнат қилаётган дехқонларимиз, барча миришкорларимизга Яратганнинг файзу-баракотини ато этишини сўраб қоламиз.

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,

Янгийўл шаҳар  «Жоме» масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 9830 times

Мақолалар

Top