Мақолалар

Ҳамал кирди – амал кирди

Халқимизнинг “Ҳамал кирди – амал кирди” деган мақоли жуда машҳур. Ҳижрий-шамсий тақвим бўйича Қуёшнинг биринчи буржга ва ойнинг ўн икки бурждан бири – Ҳамалга (ҳомиладор қўй) кириши билан “Наврўз”, “Янги кун”, у билан бирга эса янги йил ва янги фасл – баҳор кириб келади. Наврўз келиши биланоқ, баҳор нафасидан борлиқ танасига қайта жон киради. Неча минг йиллик тарихга эга бу байрам инсон ички олами ва унинг табиат билан уйғунлиги рамзидир.

Маълумки, ислом тақвимлари Ой календари ва Қуёш календарига бўлинади. Аллоҳ таоло биз бандалар ҳисоб-китобни, йил, ой ва кунлар ададини билмоғимиз учун Қуръони каримда буржларни зикр қилиб, улар билан қасам ичади. Каломуллоҳда “Буруж” деган сура ҳам мавжуд. Унинг 1-оятида Аллоҳ айтади: “Қасамёд этаман (ўн иккита) буржларга эга осмон билан...” Бу ўринда буржлардан мурод – осмондаги Қуёш ва Ой буржларидир. Фурқон сурасининг 61-оятида эса Парвардигор бундай марҳамат қилади: “Осмонда буржларни бунёд этган ва унда чироқ (Қуёш) ва нурафшон Ойни пайдо қилган зот баракотли (буюк)дир”.

Ушбу оятлардан маълум бўладики, буржлар алоҳида ҳикмат билан яратилган. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг буржлар билан, қуёш, ой ва юлдузлар билан қасам ичишида ақл эгалари учун оят-ибратлар бор. Зотан, Қуёш ва Ойнинг яратилганида, бошқа вазифалри билан бир қаторда,  биз бандаларнинг ҳаётий, диний, деҳқончилик ишларимизни Аллоҳ тақдир қилган илоҳий тақсимот – 12 бурж асосида белгилаб олишимизга восита қилингандир.

Юртимизда азалдан уч хил тақвим, ҳижрий, милодий ва деҳқончилик календари билан иш юритиш одат тусига айланган. Йиллар ҳисобини билишимиз учун Аллоҳ таоло Исро сураси, 12-оятида шундай зикр қилади: “Кундуз аломатини эса, Раббингиздан фазл (ризқ) исташларингиз учун ҳамда йиллар саноғини ва ҳисобини билишингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик. Барча нарсани батафсил баён қилиб қўйганмиз”.

Улуғ муфассирларимиз ушбу оятнинг “йиллар саноғини” қисмини қамарий (Ой) тақвим билан иш юритиш (бинобарин, диний юмушларда), “йиллар ҳисобини” қисмини эса шамсий (Қуёш) тақвим билан иш юритиш (айниқса, деҳқончиликда) мазмунида тафсир қилганлар.

Ҳадиси шарифда зироатчилик билан шуғулланиш улуғ иш экани кўп бора такрорланган. Чунки деҳқондан барча манфаат олади. Аллоҳ таоло уларни барча жонзотнинг ризқига сабабчи қилиб қўйган. Шу боис касблар ичида ислом уламолари нуқтаи назарида деҳқончилик энг афзал касб ҳисобланади. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон бирор экин экса-ю, ундан ейилса, албатта, унинг учун садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам унинг учун садақа бўлади. Йиртқичлар егани ҳам, албатта, унинг учун садақа бўлади. Қушлар егани ҳам, албатта, унинг учун садақа. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса, албатта, унинг учун садақадир” (Имом Муслим ривояти).

Шунинг учун ҳам қиёмат кунида жаннатийлар жаннат эшиклари олдида тўпланиб, ким биринчи киради, дейилганида “деҳқон”, дейилади. Табиийки, деҳқончилик қилиш учун унинг тақвимини яхши билиш керак. Аксинча, экин экиш, дарахт ўтқазиш вақтини билмаслик зироат ва боғдорчиликнинг касодга учрашига сабаб бўлади. Шунга кўра, Наврўзни баҳор байрами, деҳқончилик юмушлари бошлангани нуқтаи назаридан нишонлаш бизнинг юртимизда азалдан урф бўлган.

Наврўзда кун билан тун баробар бўлади. Деҳқонлар экин экишни, ерга уруғ қадашни, умуман, зироат юмушларини бошлаб юборади. Илло, ерга уруғ қадаш бизда ибодат даражасига кўтарилган. Чунки деҳқончилик – ҳалол ризқ, ҳалол луқма, ҳалол меҳнат ва фаровонлик асоси. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли аёлларининг нафақаларини Мадинаи мунаввара яқинидаги Хайбар еридан тушадиган ҳосилдан олар эдилар. Аҳли аёлларидан ҳар бирига ҳосилдан юз васақ (бир васақ тах. 190 кг) берар эдилар.

Деҳқончилик бизга аждодлардан мерос. Юртимиздан етишиб чиққан буюк тариқат намояндаларининг аксарияти деҳқончилик билан шуғулланган. Хожа Муҳаммад Бобо Самосий – боғбон, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ўз ерларига буғдой, мош ва бошқа экинлар экиб тирикчилик қилганлар. Хожа Аҳрор ва Жўйбор шайхлари даромадининг бир қисми асосан зироатдан бўлиб ундан нафақат хонадон аҳли, балки халқ оммаси ҳам баҳраманд бўлган. Хожа Аҳрор Валий ўз омборларида сақланаётган беҳисоб ғаллаларни фуқаронинг ризқи деб ҳисоблаган. Жўйбор шайхлари эса мамлакатда дон тақчиллиги сезилганда ўз омборхоналаридаги ғаллаларни муҳтожларга тарқатган. Ариқлар қазиш, янги ерларни ўзлаштириш, боғу роғлар барпо этиш борасида бу икки хонадон аҳлининг хизматлари алоҳида эътиборга молик.

Амир Темур бобомиз янги ерлар ўзлаштириб, деҳқончилик қилишга алоҳида эътибор берган эди. Унинг даврида янги ўзлаштирилган ерлардан уч йилгача солиқ олинмаган ва бу тадбир қишлоқ жойларида фаровон ҳаётни таъминлашда ижобий аҳамият касб этган. Ўрта аср масжид, мадраса ва хонақоҳларга вақф қилинган ерлар зироатидан келадиган даромад шу диний муассасалар иқтисодий пойдеворини ташкил этган. Демак, таълим тизимимиз, маънавиятимиз сарчашмалари ҳам деҳқончилик билан бевосита боғлиқ бўлган.

Улуғ уламоларимиз фиқҳий китобларда халқимизнинг анъанавий ҳамда миллий байрамларини, жумладан, Наврўзни байрам тариқасида нишонлаш ҳақида фатво берганлар. Бинобарин, “Фатовои заҳирия”да шундай дейилади: “Наврўз уч хилдир: Наврўзи Жамшидий, Наврўзи Мажусий ва Наврўзи Султоний. Наврўзи Султонийни ўтказмоқлик мақбулдир ва ҳеч динга зиёни йўқдур”. Улуғ уламоларнинг фатволарига эътибор берсак, Наврўзи Жамшидий ва Наврўзи Мажусий лолалар очилган, саҳролар яшнаган пайтда ўтказилгани ҳақидаги маълумотларни кўрамиз. Наврўз ислом оламида маҳбуб билингани каби Беруний, Ибн Сино, Умар Хайём, Чағминий, Улуғбек каби дунёвий илмлар соҳиблари ҳам тун билан кун баробар бўладиган ва Қуёш Ҳамал буржига кирадиган кунни Наврўз айёми сифатида нишонлаш мақбул эканини таъкидлашган. Улуғ мутасаввиф Ҳаким Термизий “Солнома” асарида, бухоролик буюк фақиҳ Абдулазиз ибн Моза “Ал-Муҳит ул-бурҳоний фил фиқҳ ан-нуъмоний” қомусида Наврўз ҳақида қимматли маълумотлар қолдирган. Қадим Шарқда Қуёш қайси буржга кирса, ойга ўша бурждаги юлдузлар туркуми шаклига қараб ном беришган. Жумладан, Ҳамал ойини – бурж шакли ҳомиладор қўйга ўхшагани учун Ҳамал деб, Савр ойини – юлдузлар туркуми ҳўкизга ўхшаб кўрингани учун Савр деб аташган.

Деҳқончилик тақвимига оид ойларга қараб деҳқонларимиз, боғбонларимиз зироат ва кўчат тадоригини кўришади. Жумладан, тўқсон деган мавсум 5 декабрдан 5 мартгача давом этади. 21 январь – қантароғди куни. “Қантароғди қор турмас” ҳикмати оғиздан-оғизга ўтиб келиб, асрлар оша деҳқонлар орасида ўз аҳамиятини йўқотмаган. “Қантароғди” дейилишига сабаб шуки, қиш мавсумида айиқ қирқ беш кундан тўқсон кунгача ухлайди. Қирқ беш кундан кейин иккинчи томонига ағдарилиб ухлашга одатлангани учун тўқсон куннинг иккинчи ярми қантароғди деб юритилган. 22 декабрдан 20 февралгача – чилла мавсуми кечади. Бу мавсумда асосан ернинг шўрлари ювилади. Зеро, бу пайтда ерни суғориш ҳар хил зараркунанда қумурсқалар кўпайишининг олдини олади, шунингдек, ернинг яхши етилиши учун ғоят фойдалидир. Чиллада сув бермаган деҳқон йил бўйи яхши ҳосилдан маҳрум бўлади. Қавс ойида 21 ноябрда кўчатлар ўтқазилади. “Ниҳол дар қавс, қалам дар ҳут” (Ниҳол ўтқазиш қавс ойида, қаламча қилиш ҳут ойида) ибораси деҳқонлар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилган. Кузнинг сунбула ойи (22 августдан 21 сентябргача) асосан кузги буғдой экишга тайёргарлик кўриш, буғдой экиладиган ерларни суғориш, мезон ойи (22 сентябрдан 21 окябргача) эса буғдой экиш мавсумидир. Шунинг учун халқ тилида айтилади: “Сунбула об деҳ, мезон кор” – “Сунбулада суғор, мезонда эк”. Зотан, деҳқончилик тажрибасидан маълумки, сунбула ойида суғориб, мезон ойида экмоқлик серҳосиллик гаровидир. Ақраб ойи (22 октябрь) кирганда, қўйлар урчитилади. Қўзиларнинг туғилиш муддати беш ой экани инобатга олинса, уларнинг қиш изғиринларидан соғлом ва нуқсонсиз ўтиб, баҳорда – Ҳамал (олтинчи ой аввалида)да туғилиши ғоят манфаатлидир. 6 мартдан 13 мартгача “айёми ажуз” (халқимиз тилида “аямажуз”) ҳафталиги бўлиб, “айём” тилидан “тўқсон” мавсумига қарата айтилган ибора машҳурдир: “Тўқсон, бир кунимча йўқсан”. Яъни шу “айёми ажуз” ҳафталигида тўқсон мавсумида бўлмаган об-ҳавонинг кескин ўзгариши кузатилади. Шунинг учун халқимизда “аямажуз” ҳафталигида шамоллаб қолмаслик ва дардга чалинмаслик мақсадида ўзини эҳтиёт қилиб юриш, беҳуда чўмилмаслик, кир ювмаслик одатлари сақланиб қолган. 14 мартдан 20 мартгача “Оби раҳмат” ҳафталиги бўлиб, бу кунларда Аллоҳнинг изни билан албатта осмондан раҳмат сувлари ёғади. Бу сувларни кишилар табаррук ҳисоблаб, ўрик шарбати, қандобларга улардан қўшади ва Наврўз куни ана шу шарбатлар дастурхон кўркига кўрк бағишлайди. Ҳаттоки денгиздаги садафдорлар (ракушка) шу кунларда сув тепасига чиқиб, оғизларини очиб ёмғирни кутишади. Оби раҳмат ёмғиридан бир томчи тегса, ундан катта дур пайдо бўлади, аксинча, очкўзлик қилиб кўпроқ томчи олса, унда оддий кичик марварид пайдо бўлиши айтилади. Бунинг ҳикмати шундаки, инсон озига қаноат қилса – азиз бўлади, очкўзлик қилса – хор бўлади. Кўриб ўтилганидек, ҳар бир ой ва кун деҳқончилик учун бениҳоя қимматлидир. Деҳқон етиштирган ҳар қандай экин, боғбон етиштирган ҳар қандай мева инсон учун жон озиғи ҳисобланади.

Шуни таъкидлаш жоизки, ўн икки йил давомида кетма-кет бир-бирига ўрин алмаштириб келадиган мучал тушунчаси аслида “мўлжал” сўзидан олинган. Ўн икки йил давомида осмон жисмларининг жойлашиши қандай шаклни беришига қараб, йилларга мучал номлари берилган.
Жумладан, юлдузлар туркумининг сичқонга ўхшаши йилнинг сичқон йили, сигирга ўхшаши сигир йили... деб номланишига асос бўлган. Уламоларимиз ана шу ўн икки йилга ўн икки мақом берилганини махсус ҳужжат билан тасдиқлашган. Жумладан, Зайниддин Восифий “Бадоеъ ул-вақоеъ” (Ажойиб воқелар) асарида мучал ҳақида нодир қайдлар ёзиб қолдирган. Абу Райҳон Беруний наврўзни коинот ва олам билан бир бутунликда таърифлайди. Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” асарида бу ҳолга шундай таъриф берган: “Шарқдан баҳор насими эсиб келди, оламни безамоқ учун фирдавс йўлини очди. Оқ ранг кетиб, бўз ерни алвон ранг қоплади, олам ўзига оро бериб безанмоқ тараддудига тушди. Зерикарли қишни баҳор нафаси ҳайдади, мусаффо баҳор яна ўз ҳукмига кирди. Қуёш яна қайтиб ўз ўрнига келди, Балиқ (Ҳут) думидан Қўзи (Ҳамал) буржига кўчди. Уйқуга кирган дарахтлар яна яшил тўн кийди, ол, сариқ, кўк, қизил рангли ҳарир ёпинчиқлар билан безанди”.

Наврўз ҳақидаги фикрлар, афсона-асотирлар турлича бўлишига қарамай, бунёдкорлик, эзгулик, яшариш ва яратиш каби умумбашарий ғоялар уларни боғлаб туради. Зотан, Наврўз бутун инсоният учун уйғониш ва янгиланиш айёмидир. Кўп минг йиллик тарих синовларидан эсон-омон ўтиб келган Наврўз бугун остонамизда эшик қоқиб турибди. Юртимизда бу мўътабар айёмни, гўзаллик ва нафосат байрамини нишонлаш аллақачон бошлаб юборилди. Баҳор байрами, кўклам қувончи билан йўғрилган айём ҳаммамизга муборак бўлсин!

Манбалар асосида ЎМИ

Навоий вилоят вакили,

вилоят бош имом-хатиби Тоҳиржон РЎЗИЕВ тайёрлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 5437 times

Мақолалар

Top