Мақолалар

“Такрор айтилганда рангсиздир калом”

Одам бехосдан ҳурматли кишини ранжитиб қўйса хижолат бўлганидан шу қадар кўп узр сўрайдики, бу – атрофдагиларнинг ҳам, ўша муҳтарам зотнинг ҳам энсасини қотиради. Лекин ҳеч айб қилмаган одам узрхоҳлик қилса, бу энди сира ҳам ярашмаган иш бўлади. У баайни, бизнинг аҳволимизга тушган бўлади.

Хўп, бизнинг аҳволимизга нима бўлибди?..

Биз “Ислом дини террорчиликка қарши”, “Ислом экстремизга қарши” қабилидаги жумлани шу қадар кўп қайтарамизки, ҳатто соҳа мутахассисларининг ўзлари йиғилиш ўтказаётган тор доирадаги мажлисларда ҳам шу жумлаларни ким ўзарга қайтарамиз.

Бизнинг бу ишимиздан ўзимиз ният қилганнинг акси бўлган иккита хулоса юзага келади: биринчиси, биз ростдан ҳам айб иш қилган бўлиб қоламиз, айтаётган гапларимиз эса ўша айбимиз учун узр сўраш маъносида чиқади.

Нафсиламри, аксар нотинчликлар мусулмонлар яшайдиган мамлакатларда юз бераётгани, Оврўпа ва Амриқода қўпорувчилик қилаётганларнинг баъзилари мусулмон давлатлари фуқаролари эканини инобатга олиб, ўша шарафсиз кимсалар касрига қолиб, ўзимизни айбдоргинадек ҳис қилдик ҳам дейлик. Лекин муҳташам шоиримиз Абдулла Орипов айтганидек,

Бисёр бўлса агар бол ҳам беқадр,

Такрор айтилганда рангсиздир калом

эмасми, ҳадеб динимизни оқлашга уринаверсак, ҳамманинг жонига тегмаймизми?

Ҳикоя қилишларича, бир букри қўшнисини белкўрак билан уриб ўлдириб қўйибди. Кейин уни қотил сифатида суд қилибдилар. Букрига давлат ёллаган адвокат суд мажлисига кечикиб келибди. Суд мажлиси бошлангандан сўнг эшикда пайдо бўлган оқловчи “Ассалому алайкум”, дебди. Суд ҳайъати “Ваалайкум, дебди. Оқловчи бир қадам ичкари юриб яна “Ассалому алайкум”, дебди. Бу сафар барчанинг энсаси қотиброқ қарабди унга. У эса бепарволик билан яна бир қадам ташлаб: “Ассалому алайкум”, дебди. Бу сафар судья тутоқиб кетибди-да:

– Бу ерда кар одамлар ўтирибдими, нега ҳадеб салом бераверасиз, бас қилинг! – дебди.

Шунда оқловчи:

– Муҳтарам судья жаноблари, “ассалому алайкум” ёмон сўзми, – деб сўрабди.

– Йўқ, у ёмон сўз эмас, аммо сизнинг уни ҳадеб қайтараверганингиз, одамларнинг асабига тегяпти, шуни тушуняпсизми? – дебди судья.

– Муҳтарам судья ва суд мажлиси иштирокчилари, мен сизга энг ажойиб тилакни “ассалому алайкум”ни уч марта қайтарганимга чидай олмадингиз, агар шу сўзни яна бир марта айтганимда, кўчага қараб улоқтирардингиз, шунда ҳам тўхтамасам, бир муштдан уриб ўлдириб қўйишларингиз ҳам ҳеч гап эмас эди, тўғрими? Аммо бу одамни қўшниси йигирма йилдан ортиқ вақт давомида “букри” деб ҳақоратлаб келган. Бу одам ўзини муттасил ҳақоратлаб, шундан завқланиб келган қўшнисини ўлдириш учун белкўракни серпамаган, балки бутунлай савқи табиий ила кўтарган уни. Сиз, ўзингиз – энг яхши сўзни уч мартагина қайтарган одамни ўлдиришга тайёр турган одамлар, йигирма йилдан бери бир ҳақоратни қайтарган кимсани ўлдириб қўйган бечорани суд қилишга ҳақлимисиз, – деди...   

Қолаверса, мусулмонлар яшайдиган мамлакатда яшайдиган, борингки, исми, шарифи ҳам мусулмонча бўлган одамнинг эътиқоди бошқа бўлса-чи – кришначидир, насронийдир, оташпарастдир... мутлақо диндан бехабардир, мунофиқдир. Мусулмон давлатида бошқа динга эътиқод қилувчилар, риёкорлар йўқми!

Янада ажабланарлиси, қўпорувчи ёки худкуш европалик бўлса асаб касали деб, мусулмон давлатидан бўлса, террорчи деб аталяпти. Мусулмон давлатдан борганлар ичида асаби чатоқлар, оврўпаликлар ичида террорчилари  бўлмайди деган гапга ким ишонади?

Иккинчиси эса, Исломни ҳаддан ташқари, ҳатто инсонни таҳқирлайдиган даражада мулойим дин қилиб кўрсатиб қўймоқдамиз. Модомики, биз динимизни тўғри тушунтиришни ният қилиб шу ишга бел боғлаган эканмиз, унинг ғоятда шиддатли дин эканини, мусулмон киши ҳақини бировга бериб қўймаслигини, ўзини хафа қилишларига асло йўл қўймаслигини тушунтирмоғимиз керак.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нуқтида: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз”, дегани ҳақиқий мусулмоннинг жасорати эди ва  давлатимиз раҳбарининг ушбу нутқи айнан ана шу сўзлари туфайли бутун оламга машҳур бўлиб кетди.

Аслида юртбошимизнинг ана шу тарихий нутқи бу мавзуга қўйилган сўнгги нуқта эди. Аммо биз ҳали ҳам Ислом динини, мусулмонларни оқлашда давом этмоқда. Демакки, динимизни ҳамон айбдордек ҳис қиляпмиз. Зотан, динимиз душманларининг мақсади ҳам шу эди ўзи. Биз ҳозир ўзимиз мутлақо сезмаган ҳолда уларнинг тегирмонига сув қўймоқдамиз.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу “Қиличлар жарангидан зўр овоз борми!” деганда жанговарликни, шижоатлиликни назарда тутган эди. Ана шундай таълимотдан озиқланган мусулмонлар, ҳатто бизнинг юртимизга бостириб кирган хитой қўшинини ҳам орқасига қаратиб қувлаб юборган эди. 

 “Уйғурлар буддавийликни қабул қилмади. Чунки буддавийлик уларнинг жанговарлик хусусиятини сусайтириб юборар эди. Шу боисдан улар Исломни танлашди”, деб ёзган эди Лев Гумилёв “Қадимги турклар” асарида.

Немис файласуфи Нитцше; «ҳаёт – курашлар натижаси, жамият – уруш қуроли. Урушдан бош тортиш катта миқёсдаги ҳаётдан бош тортмоқ демакдир», деган фикрни айтган. Бу ўринда уруш деганда луғавий эмас, истилоҳий маъносига эътибор қаратиш зарур. Жаҳон айвонида муносиб ўринга эга бўлиш учун тинимсиз курашмоқ керак. Йўқса, бошқалар суриб чиқариб юборади.

Муҳтарам олимларимизнинг ёзишича, “Ўнг юзингга урсалар чап юзингни тут”, деган ҳикмат эса  “Матто Инжили”дан олинган. Унинг бизнинг динимизга сира ҳам алоқаси йўқ. Бизнинг динимиз таълимотида ўнг юзингизга урса, сиз ҳам унинг ўнг юзига уришингиз керак. Агар урмасдан кечириб юборсангиз, савоб оласиз.  

Энг муҳими, террорчиларнинг Ислом дини номидан фойдаланаётгани Ислом динининг нуфузи самовий динлар ичида шитоб билан баландлаб бораётганидан нишонадир. Комил ишонч билан айтиш мумкинки, агар бошқа диннинг нуфузи исломникидан баланд бўлганида террорчилар ўша диндан фойдаланган бўлар эди. Динимизнинг террорчиликка мутлақо қарши дин эканини мана бу савол ошкора намоён этади. Модомики, Ислом террорчилик дини бўлса, нега оврўпаликлар,амриқоликларнинг номдор олимлари, санъаткорлари, талаблари Исломга кириб боряпти?

Одамлар Исломдан қўрқади дегани ҳам ҳаммага дахлдор эмас, саводсиз ва тараққиётдан йироқ кишилар ҳақидадир. Исломни таниган кишилар эса унга эътиқод қилади. Исломнинг номига таъна тоши отаётганлар эса унинг салобати қаршисида талвасага тушган заифу нотавон таълимотлар вакилларидир. Биз уларнинг фитналарига чалғимасдан ўз йўлимизда дадил давом этмоғимиз, юксак марраларни илму маърифатимиз билан забт этмоғимиз даркор.

Хулоса шуки, Шайх Саъдий ҳазратлари айтганидек, “Учраган ҳар итга тош отиб юрган карвон манзилга қачон етади”.

Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3790 times

Мақолалар

Top