Мақолалар

Онани рози қилиш икки дунё саодатига эриштиради

Увайс Қаронийнинг эришган барча даража-ю мақомлари онасига қилган яхшлик туфайли эканини ҳаммамиз яхши биламиз.

Увайс Яман ўлкасида туя боқиб, тирикчилигини зўрға ўтказаётган камбағал бола эди. Унинг қари онасидан бошқа ҳеч кими йўқ эди. Камбағалликка жуда ҳам камбағал эдилар, лекин Увайснинг кучли, агар қиёслаш керак бўлса тоғдек иймони бор эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида яшаб, у муборак зотни кўрмасдан Ислом динини қабул қилиб, мусулмон бўлган зотлардан эди.

У яшаган қишлоқда уларнинг оиласидан ташқари ҳамма одамлар бутларга сиғинар эди. Увайс эса кўп вақтини чўлларда туя боқиш билан ўтказиб, ибодат билан шуғулланарди.

Вақт ўтиб унинг ёши қирққа етади, онаси ҳам анча қариб қолади. Увайс бу орада тоату ибодатда юксак даражаларга эришади, унинг дарвешона ҳолу ҳаёти, Ислом динига бўлган муҳаббати, айниқса, замонанинг охирги Пайғамбари Муҳаммад соллаллолҳу алайҳи васалламга бўлган чексиз муҳаббати туфайли одамлар унга Увайс деган тахаллус берадилар ва шу ном билан чақирадиган бўлишади. Шундай бўлса-да, у ўзини тўлиқ бахтли деб ҳисобламас эди. Чунки Пайғамабаримиз соллаллоҳа алайҳи васаллам билан бир замонда яшаётган бўлса ҳам улардан жуда ҳам узоқда яшар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнининг муборак дийдорларини бир марта бўлса ҳам кўриш, суҳбатларидан баҳраманд бўлиш унинг энг катта орзусига айланган эди. Фақат қари онасини қандай қилиб танҳо ташлаб Мадинага бориш уни кўп ўйлантирарди. Сабаби онасига қарайдиган бошқа ҳеч ким йўқ эди.

Аҳволи муълум бўлса-да, бир куни Увайс бу ҳолига ортиқ чидолмасдан, онасининг олдига тиз чўкиб:

 Онажон, бошқа чидолмайман, қисқа фурсатга сизни танҳо қолдирсам ҳам Пайғамбаримизни бир марта кўриб келишимга русат беринг! – дейди.

 Ўғлим, бу қари онангни кимга ташлаб кетасан? – деб сўрайди онаси. 

 Тезда бориб қайтаман, кўп вақтим кетмайди, – дейди Увайс.

Онаси бироз қайғу аралаш табассум қилиб:

 Менинг фариштагинам! Пайғамбар ишқи сенинг ақлинги олиб қўйибди-ку. Бу ердан Мадинага минглар чақирим йўл бор. Сенинг йўлчилигингга ҳафталар кетади. Қолаверса, пиёда боришингга тўғри келади, миниб боришга на туянг, на бирорта отинг бор. У иссиқ чўлларда ош-овқатсиз, сувсиз юришга қандай чидайсан?

 Пайғамбаримизни бир марта кўриш учун ҳар қандай қийинчиликни бошимдан ўтказишга тайёрман, онажон. Фақат сиз рухсат берсангиз бўлди, – дейди Увайс.

Фарзандининг аҳволини кўрган онаси чорасиз қолганидан:

 Бўпти ўғлим, шунчалик кўришни хоҳламоқда экансан, рухсат бераман, фақат, битта шартим бор, – дейди.

Онасининг бу сўзларини эшитганидан хурсанд бўлиб кетган Увайс унинг қўлларини ўпиб:

 Шартингиз бошим устига онажон, айтинг у нима экан? – деб сўрайди.

 Мадинага борганингда тўғри Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига бориб, эшикни тақиллатасан. Агар Пайғамбаримиз уйларида бўлсалар кўрасан, дийдорларига тўясан, мабодо уйларида бўлмасалар кутмасдан яна ортингга қайтиб келасан. Кутиш йўқ, бўладими? – дейди онаси.

 Хўп, бўлади.

 Сўз берсанми?

 Албатта.

 У ҳолда сенга рухсат, йўлинг равон бўлсин! – деб онаси оқ фотиҳа беради.

Шундай қилиб, Увайс йўл тадорикини кўриб, сафарга чиқди. Ҳафталаб бепоён чўлу биёбонларда юрди, чарчоқ нима билмади, оч қолди, чанқади, терлади ва қумли бўронлар остида қолди. Лекин буларнинг бирортаси уни ўз йўлидан қайтармади. Ундаги Расулуллоҳга бўлган муҳаббат олови ҳамма нарсадан устун эди. Натижада бир куни эрталаб Мадина шаҳрига етиб келди. Сўраб суриштириб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраи саодатларини топади. Келиб, секин эшикни тақиллатади. Эшикни Ойиша розияллоҳу анҳо онамиз очадилар. Увайс  ҳаяжон билан салом-аликдан сўнг:

– Расулуллоҳ уйдамилар? – деб сўрайди.

Ойиша онамиз бу одамга ҳайрон бўлиб қарайдилар ва оҳиста:

 Сен ким бўласан? – деб саволга савол билан жавоб қайтарадилар.

 Туя боқувчиман. Расулуллоҳни кўргани келдим. 

 У ҳолда сен бу ерлик эмасман.

 Ҳа шундай, Ямандан келдим!

Ҳайратланган Ойиша онамиз Увайсдан:

 Ямандан шу ергача, фақат, Пайғамбарни кўриш учун келдингми? – деб сўрадилар.

Увайс боши билан “ҳа” деган ишорани билдирди. Қалби эса ҳаяжондан отилиб чиқай деб турганди. Чунки ҳозир бир умр орзиқиб кутган, жонидан-да ортиқ кўрадиган, севгили инсонини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўради. Неча йиллардан буён айнан мана шу кунни, худди шу лазҳаларни кутиб яшаганди. Ва ниҳоят бу онлар етиб келган эди. У бунга ишонмас, ҳаяжонини яширолмас эди. Бироқ…

 Пайғамбаримиз масжидда эдилар, бориб кўрсанг ҳам бўлади, агар шу ерда кўрмоқчи бўлсанг кутишингга тўғри келади, – дейдилар онамиз.

Бу гапни эшитган Увайснинг юзи сарғайиб кетади, ақл-ҳушини йўқотиб қўяй дейди, шошилиб қолади, эшитганига ишонмайди, кўзлари мўлтиллаб қараб қолади, титроқли овозда:

 Расулуллоҳ уйда эмасмилар? – деб қайта сўрайди.

 Йўқ. 

Дунё Увайснинг кўзига қоронғу бўлиб кетади, шундай баҳайбат, серсоқол одам бирданига ҳўнг-ҳўнглаб йиғлаб юборди.

 Нега йиғлаяпсан?

Увайс ғамнок овоз билан:

 Онамга сўз берган эдим. Агар Расулуллоҳ уйларида бўлмасалар ҳеч қаерга бормасдан, дарҳол ортимга қайтиб келаман деб айтгандим, мен энди ортимга қайтиб кетишга мажбурман, дейди.

 Ҳазрат Пайғамбаримиз келганларида ким деб айтайлик? – дейдилар Ойиша онамиз.

 Отим Увас, – дейди йиғлаб Увайс Қароний. 

Кейин:

 Сиздан илтимос, Расулуллоҳга менинг саломимни етказсангиз! – ёлвориб сўради онамиздан. – Кўришиш охиратга қолди! Иншооллоҳ Аллоҳ жаннатда бизларни кўриштиради, – деб Увайс йиғлаб-йиғлаб Мадинани тарк қилади.

Бироз муддатдан сўнг уйларига келган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшикларида Увайснинг нурини кўриб:

 Эй Ойиша, Увайс келган экан, у мен билан шу фоний дуёнда дўстлашмоқчи бўлган эди. Ваҳоланки, у мени бу дунё кўзлари билан кўрмайди. Аллоҳ уни имтиҳон қилиб катта мукофот беради, – дейдилар.

Увайс Қароний шу маҳзун ҳолича, ҳижрон қайғусида йиғлаб-йиғлаб яна Яманга қайтиб келади ва онасининг оёқлари остига йиқилиб:

  Эй онажон, Расули акрамни кўролмадим, дийдорларига тўёлмадим. Масжидга кетган эканлар, сизга берган ваъдамга мувофиқ қайтиб келдим. Бу қандай ҳолат эканки, шунча йўл босиб борсам ҳам мақсадимга эришолмадим?

Онаси жигарпорасининг бу ҳолини кўриб:

 Кўп қайғурма болагинам, Пайғамбаримизни энди барибир охиратда кўрасан. Менинг ризоимни олганинг учун қиёмат куни Ўзлари сенга шафотачи бўладилар иншооллоҳ, – дейди. (Шарҳи Аҳмадия) 

Гарчанд Пайғамбарни кўриш истаги Увайс Қаронийнинг бир умрлик орзуси бўлган эса-да, онасига берган ваъдасига вафо қилди. Чунки у Ислом динида онанинг ҳаққи қандай муқаддас ва юксаклигини яхши биларди. Онани ранжитиш Аллоҳнинг ғазабини келтириш эканини ҳам жуда яхши тушунарди. Шунинг учун ҳам у ҳеч қачон бундай қилмасди. У ҳақиқий мусулмон эди. Онасини рози қилиб жуда ҳам катта ажру савобга муяссар бўлди. Ҳали ҳаётлик пайтидаёқ ҳеч кимга насиб қилинмаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг катта илтфотларига сазовор бўлди, вафотларидан олдин муборак ҳирқаларини Увайсга ҳадия қилдилар. Бу эса Увайснинг ҳам бу дунёдаги ҳам охиратдаги юксак даража ва мавқеидан далолат берар эди.

Улуғбек Султоновнинг 
"Ота-онага хизмат қилиш 
одоблари" китобидан олинди

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4797 times

Мақолалар

Top