Мақолалар

Мулоҳаза: тўйлардаги ўйларимиз

Маълумки,   Яратган дунё аҳлига,   жумладан   инсон   оламига бир қанча  неъматларни ато этиб, уларни берилган неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга,  исрофга йўл қўймасликка чақиради. Бу  борада Қуръони каримда:

“...Шунингдек, еб-ичинглар, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исров қилувчиларни севмагай” (Аъроф сураси, 31-оят).

Айни пайтда  ҳадиси шарифда: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга берилманглар” деб марҳамат қилинган.

Лекин,  минг  афсуслар  бўлсинки,  бугунги  кунга  келиб  аксарият  холларда исрофдан сақланиш эътибордан четда қолмоқда.  Айтишимиз  мумкинки,   исроф  моҳияти шуни ифода этадики, исроф бўлаётган неъмат хох унинг баҳоси қиммат ёки арзон, нодир ёки сероб бўлишидан қатъий назар мақсадсиз истеъмол этиш исроф маъносини ифода этади.

Халқимиз тўй, турли муносабатлар билан ўтказиладиган  маросимларни, шодиёналарни яхши кўради. Умри давомида меҳнат қилиб фарзанди учун тўй-хашамларига деб маблағ сарфлайди. Назар солсангиз, бу каби меҳр-мурувват таҳсинга лойиқ. Аммо, ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун бўлиш, тўй ва маросимларини бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали қиламан деб фарзандларининг бахтини ўйламай бир қанча исроф ишлар (сон-саноқсиз автоулов, бир неча юз нафар кишилар, бир қанча ҳофизларни жалб қилиш ва ҳоказо )га қўл уриб, натижада  кўнгилсизликларга учраш эса ачинарли ҳол.

Аслида тўй-маросимларни меъёрида, дабдабасиз, исрофга йўл қўймаган ҳолда ўтказиб, тўйда сарфланадиган ортиқча маблағларни ёш келин-куёвларнинг келажак ҳаётларида асқотадиган зарур маиший жиҳозларга сарфланса қандай гўзал бўлар эди.

Мамлакатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев ҳам тўйларни ихчам, камчиқим ўтказиш бўйича вилоятларга борганларида фаоллар билан учрашганларида гапириб ўтдилар.

Бир донишманд айтганидек, “саховатли бўл, аммо исроф қилма, тежамкор бўл, лекин бахил бўлма”. Исроф саҳийлик эмас, тежамкорлик бахиллик эмас. Тежамкор киши пулини  керагидан ортиқча сарфламайди. Пулини фақат ҳаёти, рўзғори, эҳтиёжи учун зарур бўлган нарсаларга харжлайди. Тежаган киши асло фақир бўлмайди, балки икки дунё саодатига эришишини таъкидлаб, муборак ҳадисларда “ Иқтисод қилган киши фақир бўлмайди”, деб марҳамат қилинган экан. Айнан шу маънода  Абу Ҳанифа (р.ҳ): “Хайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳечқандай хайр йўқдир”, деган бўлсалар. Суқрот эса камхарж бўлиб қолганидан шикоят қилган кишига қарата: “ Исрофингга бир чегара қўйиб, маблағингни тежа, ўзинг ўзингдан қарз ол, шунда аҳволинг яхшиланади”, деган экан. Донишманднинг тавсияси бугунги кунимизда хар қадамда исрофга йўл қўйиб, ҳаётининг қийинчилигидан шикоят қилаётган кишиларни тўғри йўлга чорлаётгандек бўлиши барчага сир эмас.

Дейлик, исроф деб фақат маблағ, бойлик ёки мулкни совуриш тушунилмайди. Ҳаётимиз учун зарур бўлган электр энергиясини тежаш, табиий газдан унумли фойдаланиш, ичимлик сувидан меъёрида фойдаланиш, қимматли вақтни  беҳуда кетказиш каби фойдали ишларга сарфламаслик ҳам исрофнинг бир туридир. Барчаларимизга ҳаётда тежамкор ва тадбирли бўлишликни, муқаддас ўгитларга мувофиқ умр кечиришимизни насиб этсин деб сўраб қоламиз.

 

М. АЛОХЎЖАЕВ,

Наманган шаҳар “Абдулқодир қори”

жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

   

Read 4430 times

Мақолалар

Top