Мақолалар

"Исломофобия" - ҳақдан қўрқишми ёки ҳақдан тўсилиш?

Ҳаётимизда кўп бора фобия тушунчасига дуч келамиз. Фобия (пҳобиа) аслида инглиз тилидан олинган бўлиб, "бирор бир нарсадан қўрқиш" деган маънони англатади. Фобиянинг турлари кўп, масалан: гидрофобия - сувдан қўрқиш, аерофобия - самолётдан қўрқиш, спайдерфобия - ўргимчакдан қўрқиш...

 Аммо мана бир неча йилдирки, фобиялар қаторида исломофобия ҳам тез-тез тилга олинмоқда. Ислом сўзи араб тилидан таржима қилинганда "бўйсуниш, таслим бўлиш" деган маънони билдиради. Агар Ислом сўзининг янада туб маъносига назар ташласак, унинг асли "тинчлик" деган маънони англатишини биламиз. Демак, Ислом асли тинчлик экан, у ҳолда исломофобия - "тинчликдан қўрқиш" бўладими?! Наҳот инсонлар асрлар давомида дунё беланчагини ўзининг эзгу ғоялари ила тебратиб келган ҳақ диндан қўрқиб, ундан юз ўгирсалар?! Нима сабабдан аввал Европа, аста-секин Осиё ёшлари орасида бу тушунча тобора кенг қулоч солиб бормоқда? Бунинг боисини билишни истасак, айни дамда мусулмонлар яшовчи минтақаларида юз бераётган ҳодисалар билан чуқур танишимиз лозим.

ХХ асрнинг сўнгги йилларидан буён Араб диёрларидаги нотинчликлар жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини ўзига қаратди. Аввал Афғонистонда юз берган воқеалар Мисрдаги давлат тўнтариши билан давом этди. Яман ҳам ички урушлар оқибатида парчаланиш ҳолига келди. Ливия, Покистон каби давлатларда ҳам аҳвол ҳавас қилинмайдиган даражага етди. Учинчи қўл кирдикорлари билан юзага келган бу зиддиятлардан аслида Исломни ва мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш, Ислом маърифатини тарқалишига тўсқинлик қилиш, омма наздида мусулмонларни ҳамиша жанжал чиқарадиган, ҳеч тинчимайдиган  халқ сифатида кўрсатиш эди.

Айнан шу вазиятда Ироқ ва Сурияда ИШИД ташкил топди. Ислом душманлари учун янги баҳона топилди. Уни йўқ қилишга олиб борилган ҳаракатлар натижаси муваффақиятли якун топди.

Кейинги воқеалар Мянма ҳудудида содир бўлди. Бутун дунёга Мянмада истиқомат қилувчи роҳинжа мусулмонларини террористликда айблаб, ўзларини жабрдийда қилиб кўрсатган, уларнинг ҳужумларини қурбони бўлганларини жар солган мянмалик буддавийларнинг, алалоқибат ёлғон маълумот тарқатганлари маълум бўлди. Неча минглаб мусулмонлар бегуноҳ ҳалок бўлганлари ойдинлашди.

Воқеъликка теран нигоҳ ила назар ташлайдиган бўлсак, асл айбдор этиб мусулмонлар кўрсатилганига гувоҳ бўламиз. Аммо урушлар натижасида жабр чеккан, ҳалок бўлганлар ҳам мусулмонлар эканлигини ким қандай изоҳлаб бера олади?

 Аслида Ислом тинчлик ва омонлик дини.  Исломнинг муқаддас манбалари ҳисобланган – Қуръони Карим ва ҳадисларда кўп бора инсонлар ер юзида бузғунчилик қилмай, ўзаро аҳил ва иноқ яшашлари кераклиги таъкидланган. Жумладан, Бақара сурасининг 60-оятида шундай дейилади: “Аллоҳ берган ризқдан еб-ичинглар ва Ер юзида бузғунчилик устига бузғунчилик қилманглар”. Ёки шу суранинг 208-оятида: “Эй иймон келтирганлар! Тинчликка тўлиғича киринглар”, деб марҳамат қилинган.

Исломда тинчлик инсон қалбининг тинчлигидан бошланади. Банда ўз Парвардигори, борлиқ ва Охират ҳақидаги соф ва соғлом Ислом эътиқоди билангина қалб тинчлигига эриша олади. Сўнгра бу тинчлик оилага, сўнг қўни-қўшнилар орасига, юрт орасига кўчиб, ниҳоят Ислом  кўзлаган тинчликда бутун дунё тинчлигига эришилади.

Ҳозирги кунда Республикамизда Ислом маърифатини ёш авлод онгига тўғри етказиш борасида кўп ишлар амалга оширилмоқда. Ўрта махсус ислом билим юртлари қошида Қуръони Карим ва араб тилидан махсус ўқув курслари очилгани, ислом билим юртларига қабул қилиш квоталарини кўпайгани, Юртбошимиз Шавкат Миромоновичнинг “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръонни эшита олсак, эшиттира олсак, бу муваффақият бўлади. Элимизга нур келади” деган сўзларининг амалдаги намунаси сифатида илк бора Ўзбекистон Қуръон мусобақаси ташкил этилгани ва шу каби ишлар бунинг яққол мисоли бўлади.

Хулоса шуки, биз агар бутун Ер курраси узра тинчлик бўлишини истасак, аввало ўзимизнинг Ислом борасидаги тушунчаларимиз, эътиқодимизни поклашимиз, ботил ғояларга эргашмаслигимиз лозим. Ана шунда Исломофобия каби мантиқсиз ва зарарли тушунчалар тарқалишига тўсқинлик қилган бўламиз.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

махсус ислом билим юртининг

4-курс талабаси Юсуфий Рокия

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 6473 times

Мақолалар

Top