Мақолалар

Нарда ўйнашнинг гуноҳини биласизми?

“Кимки нарда ўйнаса, Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига итоатсизлик қилибди” (Имом Абу Довуд, Имом ибн Можа ривоят қилган).
Нарда ўйнаш тақиқланишининг сабаби вақтни исроф қилиш ва қимор ўйинларига ўрганиб қолишдан иборатгина эмас, унда унга ортиқча боғланиб қолмасликни ва кўп вақт ўйнамасликни шарт қилиб уни ўйнаш мумкин бўлиб қолар эди. Масалан, бирор киши ишдан кейин 5-10 дақиқа дам олиш учун ўйнайман, дейиши мумкин. Бир қарашда бунда ҳеч қандай ғайритабиий нарса йўқдек, аммо ана шу ҳолатда ҳам нарда ўйнаш қатъиян тақиқланган.
Нофеъдан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ ибн Умар ўз аҳлидан бирортасининг нард ўйнаганини билса, ўшани урар ва нардни синдириб ташлар эди».
Шарҳ: Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг бу ишлари барча ота-оналар, оила бошлиқларига намунадир. Ҳар бир оила бошлиғи ўз қўл остидагилар нима билан машғул эканини зийраклик билан кузатиб туриши ва ношаръий ишлар содир бўлса, дарҳол чора кўриши лозим.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Унга ҳовлисида турадиган аҳли байтидан баъзиларининг нарди борлиги хабари етди. Бас, у уларга одам юбориб «Агар нардни чиқариб ташламасангиз, сизларни чиқариб ташлайман» деди ва бу ишларини инкор қилди».
Шарҳ: Нардни ўйнаш у ёқда турсин, уни ўйнайдиган тахтаси, доналари ва тошларини ҳам уйда сақлаш мумкин эмас экан. Нард ўйнаган кишига эмас, балки уни уйида сақлаб турган кишига нисбатан шу қадар кескинлик қилган эканлар.
Робиа ибн Кулсум ибн Жабрдан у отасидан ривоят қилинади:
«Ибн Зубайр бизга хутба қилди.
«Эй Макка аҳли! Менга хабар беришларича, қурайшлик баъзи кимсалар бир ўйин ўйнашар экан, унинг номи нардишер экан» деди. У чапақай эди. «Аллоҳ «Албатта хамр ва қимор рижсдир, шайтоннинг амалидандир...» деган.
«Албатта, мен Аллоҳнинг номи ила қасам ичиб айтаманки, ким уни ўйнаб, қўлга тушиб, менинг олдимга келтирилса, мен уни сочида ва башарасида иқобга оламан ва кийимларини уни олдимга олиб келган одамга бераман», деди».
Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу бир муддат Маккада ҳоким бўлиб турганлари ҳаммага маълум. Ўша даврда баъзи одамларнинг нард ўйнашаётганлари ҳақида у кишига хабар етганда бунга қарши чоралар кўрган эканлар. Бу чоралар ҳақида ўз хутбаларида эълон қилган эканлар.

Нарда ўйнаш мумкин эмаслигига барча мазҳаблар бирдек ижмоъ қилган – пул тикиб ўйнайдими, шунчаки дам олиш учун ўйнайдими, фарқи йўқ.
Юқоридаги ҳадисда таъкидланганидек, нарда ўйнаш Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига итоатсизлик қилиш бўлади.
Ушбу ҳадис маъносидан яна шундай хулоса чиқариш мумкинки, одамни намоздан ва бошқа ибодатлардан чалғитадиган, фойдали иш коэффицентини пасайтириб юборадиган ҳар қандай нарса – ўйин бўладими, бошқа жиддий машғулотми – шариатимиз ҳукми бўйича ҳаром экан. Иккинчи жиҳати, худди шу нарса инсоннинг руҳиятига ҳам салбий таъсир ўтказса (инсон боқибеғам, эринчоқ бўлиб қолса ёки хаёл-ҳуши ўша нарсага боғланиб қолса), бу иш ҳам ҳаром ва макруҳ саналади. Зотан, инсон ўзига омонат қилиб берилган жисмоний ва руҳий соғликни муҳофаза қилишга масъулдир.
Бинобарин, одамнинг шариат рухсат берган сув ичиш, овқат ейиш, хордиқ чиқариш, яхши кийимлар кийиш, ўйин-кулгулар қилишга эҳтиёжи бўлганидек, ибодат қилишга, бошини саждага қўйишга ҳам кучли эҳтиёж бор. Динимиз инсон ҳаётининг барча жиҳатларини қамраб олган ва тўғри йўлни кўрсатиб қўйган. Биз бандалар ана шу йўлдан оғишмасак бас.


Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 7646 times

Мақолалар

Top