Мақолалар

Умидсиз бўлманг, диндошим!

Ҳаёти давомида кишининг боши устидан қуёш чарақлаб туриши баробарида, турли хил ташвиш булутлари ҳам сузиб ўтади. Кенглик—танглик ҳам, тўқлик—очлик ҳам, ғалаба—мағлубият ҳам, шодлик—мусибат ҳам. Умри фақат шодлигу ғалаба билан ўтган кимсани тарих билмайди. Одам боласидан машаққат ва мусибат пайтида сабр қилиши, умидсизланмаслиги, ҳақ устида сабот билан туриши талаб этилади. Дунё ғами келиб – кетувчи меҳмондир. Абадий қолади, деб ранжимаслик керак.Тонгни кутадиган одам сабр қилиши шарт. Тун қиёматга қадар давом этмайди. Неъматга сабр билан эришилади, шошқалоқ ва бесабр неъматдан маҳрум қолади. Неъматни кўриш билан шокир, мусибатга дуч келганда эса собир бўлиш иймон жумласига киради. Ҳаёт қийинчиликларсиз бўлмайди, қийинчиликларсиз маъносини йўқотар эди. Биз ё муваффақият қозонамиз ёки ютқазамиз. Ғалаба қозонмоқчи бўсак курашмоқ керак. Кураш туфайли қўлга киритган ютуғимиз кўнглимизни тоғдек кўтаради, мамнун бўламиз, энг муҳими, руҳимиз яна бир поғона юксалади. Умидимиз сўниб, ҳафсаламиз пир бўлган пайтлар кўп бўлади. Орзуларимиз, режаларимиз амалга ошмаган пайтда ўзимизни қандай ҳис қиламиз? Ҳалол ишласак, тинмай меҳнат қилсак, бировнинг дилига озор бермасак ҳам барибир ҳамма ўйларимиз барбод бўляпти. Нима учун, деб савол берамиз. Мавлоно Жалолиддин Румий шундай дейдилар: “Ҳеч томондан умидим йўқ. Фақат У карам соҳиби : “Умидсиз бўлманг” – дейди. Хоқонимиз доимо бизга далда бермоқда, “Умидингизни узманг” деб қулоғимизни бурамоқда” .

Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

 “(Эй, Муҳаммад!) Менинг иймон келтирган бандаларимга айтинг: “Парвардигорингиздан қўрқингиз! Бу дунёда эзгу иш қилган зотлар учун (охиратда) чиройли (оқибат – жаннат) бордир.Аллоҳнинг Ери кенгдир. Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур” (Зумар сураси 10 – оят). Ҳисоб–китоб ва кузатишларга қараганда, катта қизиқиш ва манфаат кўриш билан бошланган ҳар қандай фирма, илмий тадқиқотлар қайсидир босқичга етганда бирдан барбод бўлади. Маълумотларга кўра, беш йил ичида ҳар юзта фирмадан атиги бештасигина қолар экан. Қолганлари рақобатга дош беролмагани, ишчилари кетиб қолгани, молиявий қийинчиликлар туфайли ёпилар экан. Худди шунингдек, инсон ҳаётини юз фоиз хурсандчиликдан иборат деб бўлмайди, ҳаётимиздаги энг қувончли кунларда тўсатдан бутун ҳаётимизни остин – устун қилиб юборадиган касаллик, оилавий муносабатлар, хизматдаги кескин ўзгариш, моддий қийинчиликлар билан боғлиқ бирор воқеа рўй бериши мумкин, ана шунда ҳамма орзуларимиз, умидларимиз сўнади.  Нега? Нима учун?

Инсон қанчалар кучли бўлмасин, барибир тўсатдан бошга келган зарбалар ҳар биримизни эсанкиратиб қўйиши табиий. Ҳамма бирдек руҳий ирода ва кучга эга, ҳамма ҳам шароитлар билан муроса қила олишга қодир эмас. Ҳатто жасур, дадил инсон ҳам мушкул вазиятларда талмовсираб қолади, руҳияти тушиб кетади. Энди вазиятни таҳлил қилиб, умидимизнинг сўнишига олиб келадиган сабабларни қидирамиз. Биринчи навбатда ўзимизнинг моҳиятимизни англаб оламиз. Яъни, нима учун бу дунёга келдик, яшашимиздан мақсад нима? Бу дунёга ўзимизни кашф этиш, руҳиятимизни камол топтириш учун келамиз. Мақсад руҳиятимизни мукаммалликка эриштириш экан, ҳаётимиз давомида сабоқ оламиз. Руҳиятимизни чиниқтириш, маълум бир синовлардан ўтиш учун биз дарс ўтишимиз, шахсиятимизни шакллантиришимиз керак. Сабр меъёрни билиш, ирода инсон руҳини чиниқтиради. Умидларни сўндирадиган шароитлар эса руҳиятимизни чиниқтириш учун керак бўлган омилларнинг айнан ўзгинаси. Шулар биз учун дарс вазифасини ўтайди. Баъзида биз кучга, ҳатто жуда катта кучга эга бўламиз. Фалокатлар эса, катта кучга эга бўлганимиз учун эмас, балки шу кучимизни нотўғри тақсимлаганимиз учун рўй беради. Барбод бўлиш – ўзингизнинг шахсингизни тушунмаслик, нотўғри хулоса қилиш, иродангизни суистеъмол қилишдан келиб чиқади. Айрим ҳолларда бу молиявий, ўзаро муносабатлар, мартаба, амал ёки иззат – обрў каби моддий йўқотишларга ҳам олиб келади. Буни ўзимиз ўйлагандек кучимиз қувватли, тушунчаларимиз тўла ва мукаммал эмаслиги учун юборилган аломат сифатида қабул қилишимиз мумкин. Баъзида фалокатлар инсоннинг меҳнатсиз роҳатга эришасан, деган шайтон сўзларига қулоқ солиб тўғри йўлда бўлмаганидан содир бўлади. Агар биз руҳиятимизни камолга эриштириш ўрнига моддий бойлик тўплашга муккасидан кетсак, оқибатда шу кунгача қўлга киритган ва эришганларимизнинг ҳаммасидан жудо бўламиз. Биз кўз олдимизда содир бўлаётган ҳодисалар устидан ғолиб келиб бўй кўрсатишимиз, яъни руҳий юксалишимиз лозим. Аввал бошдан ақл билан иш кўрганимизда ҳозиргидек фалокатлар содир бўлмасмиди?! Лекин энди ақлимиз кирди, агар ҳозирги мушкуллик бошимизга тушмаганда бу ақл ҳеч қачон келмасди ҳам. Демак, у синов ва дарс. Ана шу сабоқни ўзлаштирсак, кейинги сафар ҳудди шунингдек қийин вазиятлардан осон чиқиб кетамиз. Кўпинча зиддиятли вазиятларда биз инсонлар ҳаддимиздан ошиб кетганимизни пайқаймиз ва бунинг учун жавобини беришимиз керак бўлади. Фалокат ўзимизга жуда ишониб, мағрурланиб кетганимиз, аслида мавжуд бўлмаган ирода ва кучимизга ортиқча ишониб юборганимизнинг натижаси.

   “Баъзида ютқазганингизни рўйи рост тан олишингиз керак, қоқилиш – ўзингизнинг айбингиз. Бошга иш тушганда энг аввало умидсизланмаслик керак, қаерда қандай хатога йўл қўйганини тушуниб, уларни тузатишга ҳаракат қилиш лозим” .

Ҳуд сурасида Одам болаларининг қандайлиги чиройли тарзда баён этилган:

“Агарда биз инсонга Ўз марҳаматимизни тоттириб, сўнгра (яна) уни тортиб олсак, (қарабсизки) у ноумид ва ношукр (бўлиб қолур). Агарда унга бирор зарар келиб кетгандан кейин ноз – неъматларни тоттириб қўйсак: “Ёмонликлар мендан (ўзича) кетди”, – дейди, албатта. Зеро, у мағрур ва  фахрланувчидир. Илло, сабрли бўлган ва эзгу ишларни қилганларга, айнан ўшаларга мағфират ва катта мукофот бордир” (Ҳуд сураси 9 – 11 оятлар).

Мазкур уч оят “Бу васф  иймон ва ислом тақозо қилган сифатлари билан тўла сифатланмаган инсоннинг васфидир”, — деб тафсир қилинади “Тафсири ҳилол”да. — Агар ундай одамга бирор неъмат бериб туриб, сўнгра олиб қўйилса, тушкунликка тушиб, дод–вой қилади, ўзини ҳар томонга уради. Ёки аксинча, ё иссиққа кўнади ё совуққа. Охирги оятда солиҳ бандаларнинг икки сифати алоҳида таъкидланмоқда: сабр ва яхши амаллар қилиш. Сабр доимо, ҳаммага керак: яхшилик етганида ҳам, ёмонлик етганида ҳам, зарар – камчилик пайтида ҳам, фойда – борчилик пайтида ҳам ғоятда зарур. Йўқчиликка сабр қилиш осон. Аммо борчилик–тўқчиликка ҳамма ҳам тоқат қила олмайди. Аслида банда оғир пайтда бардош билан, неъмат етганда шукр ва яхшилик билан сабр қилсагина саодатга етиша олади. Орамизда баъзи бировлар ҳаёт йўлларига назар солиб, унинг нуқул тўсиқ, ғовлар тоғидан иборат эканини айтишлари мумкин. Улар ана шу ғовлар устига тик юриб, енгганлар, айланиб ўтганлар. Ҳатто йўлларида: “Бу сенинг қўлингдан келмайди, буни қўлга киритолмайсан, бу сен учун эмас” деб гапирадиганлар учраб қолади. Огоҳлантирувчи кишиларнинг кўп ёки камлигидан қатъий назар, ичимиздаги қандайдир бир куч бизни уйғотади, тетиклаштиради, ҳаётга ва ўзимизга бўлган ишонч кучи, эҳтимол бахтга эришиш умиди, орзуси бизни олдинга қараб, янгича ҳаёт кечиришга ундар. Орада пайдо бўлган танаффуслар олға қадам босишга имконимиз борлигини билдиради ва буни идрок этамиз. Ҳаёт тўсиқлардан иборат. Биз уларни осон ва тез ёки стресс билан қабул қилишимиз мумкин. Биз тўсиқ ва муаммоларни енгиш учун ўзимизни хаёлан тайёрлашимиз ёки таслим бўлишимиз мумкин. Одатда қийинчиликлардан ўтиб олганимизда енгиллик ва мамнунликни ҳис этамиз. Лекин тўсиқлардан ўтиш осон эмас, қатъийлик ва тўғри қарор қабул қилишни талаб қилади. Тўғри қарорга келиш эса ўз ҳаётимизни фалсафий мушоҳада этиш билан амалга ошади. Агарки тўсиқларга таслим бўлсак, бу бизнинг ҳаёт имтиҳони олдидаги катта хатойимиз бўлади. Зеро, юртбошимиз бизларни олға интилишга чақириб шундай дейдилар: “Бировнинг қўлига ва юзига қараб яшайдиган инсон ва давлатнинг озодлиги бутун бўлмайди, мустақиллиги тўлиқ бўлмайди. Ҳаётнинг шафқатсиз қонуни шу: фақат ўз куч–қудратига ишонган халқгина ўз – мурод – мақсадига етади” .

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Оли Имрон сурасида шундай деб марҳамат қилади:

“Мол-мулкларингиз ва жонларингиз (офати ва мусибати) ила синалурсизлар. Шунингдек, сизлардан олдин Китоб берилганлар ва мушриклардан кўп азиятли (аччиқ) гапларни эшитасизлар. Агар сабр қилсаларингиз ва тақволи бўлсаларингиз, албатта, бу ишларнинг пухталигидандир” (Оли Имрон сураси 186 – оят).

Ана шу душманлар инсонни йўлдан уришга, унга шаҳватларни чиройли қилиб кўрсатишга ва уни тоат – ибодатлардан узоқлаштиришга уринадилар. Улар кўзлаган мақсадларига эришиш учун бетўхтов ҳуруж қилиб туришади. Шу боис, инсон нафсини жиловлаб олиш, ҳавои – ҳохишини шариат измига юргизиш ва ҳақиқий душманни – шайтонни мағлуб этиш йўлида жидду – жаҳд кўрсатмоғи лозим. Атрофимизда оптимистлар, ўзини кучли деб биладиган одамлар бор, уларни кузатишимиз, кучли шахслар даврасида бўлишимиз керак, негаки биз мулоқот қилган одамлар бизга ҳам куч–қувватларини берадилар, ўз тебранишлари таъсирига киритадилар. Психологик нуқтаи назардан айтганда, омадсизлар ва ҳаёти, яшаш тарзидан доим нолийдиган инсонларга яқин юрмаслик лозим, чунки улар тез ва осон таслим бўладилар, ҳаётга тескари томондан қарайдилар ва нотўғри хулоса чиқарадилар.

 “Дарҳақиқат, инсон бетоқат қилиб яратилгандир. Қачонки, унга ёмонлик (камбағаллик ёки мусибат) етса, у ўта бесабрлик қилувчидир” (Маориж сураси 19 – 20 – оятлар).

“Қатъийлик руҳий кучдир. У инсонни ҳаётий даражага кўтаради. В.Жикарентсев, айнан умидсизлик пайтида биз ҳаёт маъносини ва бахтни туямиз, деб ҳисоблайди. Бу ҳолатда қарама–қарши қутбнинг биридан иккинчисига ўтаётган бўламиз. Инсондан талаб этиладигани шуки, жараёнларнинг кечишига қўйиб бериш учун уларнинг биронтасига боғланиб қолмаслик керак. Ғалаба ва мағлубият, тўғри қарор ва хатолик, қайғу ва қувонч, кўтарилиш ва қулаш–бу қарама–қаршиликлар биргаликда ҳаёт ва бахт деган категорияни келтириб чиқаради. Хўш, ҳаётни тўлалигича қабул қилиб яшашга бизларга нима ҳалал беради? Ўйлаб кўрсак, қўрқув пайтида маълум бир ҳолатда унга бутун кучимиз билан боғланиб қоламиз ва қарама – қарши томонга, яъни қўрқувни енгиб, куч тўплаб ҳаракатланиш ўрнига қўрқув исканжасида қолиб кетаверамиз, тўсиқлардан ўтиш ўрнига монелик қиламиз. Қанчалар эҳтиёткор бўлмайлик, барибир ўтишимиз керак бўлган вазиятга тушамиз.Ичимизда биз ўтадиган вазиятларни яратиб берадиган

кучлар бор, бунинг ортидан тажрибага эга бўламиз. Шунинг учун қийин вазиятга тушдингизми, аввал тинчланинг, муаммони мамнуният билан қабул қилинг. Олдиндан кўра билмаганингиз, сезмаганингиз учун ўзингизни койиб ўтирадиган бўлсангиз, вазиятни янада мураккаблаштирасиз. Бу нарса онгингизга чуқур сингиб бораверади ва ҳозирги ҳолатдан сабоқ чиқармагунингизгача янада қийин вазиятларни келтириб чиқараверади” . Юртбошимизнинг ушбу сўзларини доимо ёдда сақламоқ керак: “Биз бошимиздан кечираётган замон барчамиздан, ҳар биримиздан огоҳ ва сезгир бўлиб яшашимизни, бугунги ва эртанги кунимизни, тинч ҳаётимизни ўзимиз асрашимизни талаб этади. Фақатгина тинчликни ният қилиш, орзу қилиш эмас, балки тинчлик, осуда ҳаёт учун, мусаффо осмон учун албатта баҳоли қудрат курашишимиз даркор” .

“Сизга ваҳий этилган нарсага эргашинг ва то Аллоҳ ҳукм қилгунича сабр қилинг! Албатта, У ҳукм  қилувчиларнинг яхшисидир” (Юнус сураси 109–оят).

“Деярли барча афсоналарда одам боласи махлуқни енгиб ғалабага эришгани ҳақида гапирилади. Эртак ва афсона қаҳрамонлари ички ҳотиржамлиги ва Аллоҳга бўлган ишончи билан уч бошли, тўққиз бошли ва ҳатто қирқ бошли аждарҳони ўлдирган. У билаги кучга тўлган паҳлавон бўлгани учун эмас, балки ватани, халқига хавф туғдираётгани, уларни хавфдан озод этиш ҳисси юрагида жўш ургани, ана шу жўшқинлик жисмоний қувватини оширгани учун ҳам душманини мағлуб этди. Чўпчаклардаги махлуқ рамз, у бизнининг ичимизга жойлашиб олган. Аждарҳо қувватимиз, ҳиссиётларимиз ва биздан – да кучли бўлиши мумкин бўлган хислатларимиздир. Кучингизга, ўзингизга ишонсангизичингиздаги махлуқни ўргатишингиз мумкин. Демакки, ўзингизга ишонсангиз, кучингизга ишонсангиз, энг кучли бўлган душманни ҳам енга оласиз” .

“Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур.Қачон унга (ҳасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур”(Исро сураси 83 – оят). Умидсизликка тушсак, демак, билишимиз лозим бўладики, биз камолга етишиш йўлидамиз. Қийинчиликларни енгиб, ҳаммасини бир бошдан тиклаб, биз кейинги зинапоядан юқорига кўтариламиз. Мақсадга эришиш учун албатта қўрқувларимизни енгиб, уларни таслим бўлишига эришишимиз лозим. Бунинг учун эса доимий чиройли сабр ва Яратгандан дуо ила умидланиш лозим бўлади. Унутмаслик лозимки, умидсизлик улғайиш учун бор йўғи бир сабаб. Зеро, президентимиз Ислом Каримов шундай дейдилар: “Ўзимнинг ҳаёт тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, бу дунёда ёмонликни кўрмаган одам яхшиликнинг қадрини билмайди. Қийналмаган одам ҳақиқий бахт нима эканини тўлиқ англаб етмайди” .

Хуршида УСМОНОВА

Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом билим юрти

мударрисаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4035 times

Мақолалар

Top