Мақолалар

Ҳаётий ҳикоя: Ҳаё пардаси кўтарилмасин

Болалар ахлоқий тарбияни муҳитдан олишади,

бошқача қилиб айтганда, болалар сувга ўхшайдилар,

сув идишнинг шаклини олганидек, болалар ҳам

муҳитнинг одоб – ахлоқини қабул қилади.

Абдурауф Фитрат

 

Тўлин ой. Кузнинг шўх шамоли ўз куйи билан эсмоқда. Ҳаётга интилаётгандек шоҳдаги барглар лола баргидек ҳилпирамоқда. Йўлакдаги гуллар атрофга келинчакдек эгилмоқда. Совуқ ҳаво оқими аёз бободан дарак бермоқда. Қораси кўринаётган  бир-икки пиёдалар ҳам оғзидан буғ чиқариб,  жунжикиб кетишмоқда. Ҳаёлларни чалғитиш учун мусиқа садоси янграсада, орқа ўриндиқдан “уҳ-ҳ” деган инграш овози эшитилмоқда. Собир ака мошинани қанчалик моҳирлик билан бошқармасин, вақт имиллаб ўтаётгандек туюлмоқда. Навбатчи дўхтирлар беморни  зудлик билан муолажа хонасига олиб кираркан “кутиб туринг” дегандек қўшнисининг  ўғли аранг қўли билан ишора қилди.

Шифохона остонасида ғамгин, ўйчан ўтирган қора кўзларни кўриб Собир ака тан сиҳатлик чексиз бахт эканлигига яна бир бор амин бўлди. Совуқ ҳаво таъсирини ўтказдими, негадир кўнгли иссиқ чойни тусади. Мошинани оҳиста бошқараркан, улкан бино ертўласининг қия очилган эшигидан, ошпазнинг қора қозонидан чиқаётгандек буғ чиқаётганига кўзи тушди. Зинапоядан пастга йўналаркан, иккита барзанги йигит:

-Қаерга?- дея юзланди.

-Чой ичгани.

Йигитлар елка қисгандек бир – бирига юзланди. Собир ака деворга чизилган улкан аждарҳони кўриб юраги сесканди. Аждарҳо важоҳатли термулар, оғзидан олов пуркаб турарди. Ўткир тирноқли панжалари бошингиз узра шайлангандек. Қоятош устида ҳиссиз ётган сувпарининг суқли нигоҳлари сизни таъқиб қилмоқда. Ичкарига одимларкан, бурсиқиб кетган тамакининг аччиқ ҳиди димоғига урилди ва беихтиёр йўталди. Қулоқларни қоматга келтирувчи мусиқа садолари остида, ёш яланглар лойни тепкилаётган Ҳаким пахсачидек ҳаракат қиларди. Атрофни кузатаркан кимдир имлаётганини  сезди ва секин йўналди.

-Биринчи келишингизми?

-Ҳа.

-Нима ичасиз?

-Чой...

-Бу ер чойхона эмас.

-Кофе...

-Мана кофе.

Ҳа, бу жой чеҳралардан ҳаё пардаси сидирилган, ор-номус, ибо, адаб хилқатидан мосуво бўлган макон эди. Қайноқ кофени лабига тутаркан, атрофни кузатишни давом этди. Ёнига ҳуштори билан суйкалишиб келган тўсатдан қийқириб кулган қизнинг қозиқ тишлари-да кўриниб кетди. Чироқларнинг липпилаб ўчиб-ёнишида қизнинг типратикондек сочлари қизилга бўялгани, ибо-латофат пардаси сўтилган кўзларда, ҳирс ўти балқиб турар, сувсаган туядек ўткир ҳидли стакандаги ичимликни симирар эди. Қизнинг ҳаёсиз кийимидан  қоши чимирилган Собир ака йигитга юзланди.

Алпқомат, шалпайган вужуднинг кўзлари қашқирдек  мақсадли боқмоқда. Ҳилол ойдек соқол қўйсада, оғзи четидан паравоздек тутун чиқмоқда. Лўмбозга лой босаётган ҳашарчидек пешонасига латтани танғиб олган. Француз конягини ҳўплаганда томоғидаги чаён татуировкаси ҳаракатга келгандек. Таранг футболкасига одам бош чаноғининг  сурати туширилган , кўк шими ҳам жийдазордан чиққандек титилган эди.

Қизиқ...,  каскали йигит боши билан чархпалакдек чунонам айландики, оёқлари вертолёт паррагининг ўзгинаси. Ажабо...,бу қиз боғда олма тераётгандек  ўйнаса, ёнидагиси тўк ургандек ҳаракатланмоқда. Ўйин ҳам ҳар хил бўларкан-да.

Атрофдаги бу юзларда заррача ҳаё ҳилқати кўринмас, либослари  хижолат бўлгудек, айёрона кўзлар сузилган эди.

Хона ўртасида юқоридан бир тўп рангли чироқлар юлдузлардек ёғду сочмоқда. Кўзлар қуйи тушаркан Собир ака дахшатдан титраб кетди... Ёшгина жувон чақалоғини бағрига олиб эмизарди. Гўдак жамалак сочларни ўйноқлаб ютиниб-ютиниб қўяркан, мунчоқдек кўзлари билан бўридан қўрққан қўзичоқдек атрофга термуларди. Ўжар асов отдек таралаётган куй оҳанглари гўдакни ҳоли қўймасди. Шарқираб оқаётган зилол сувдек бола яна она бағрига талпинарди.

Эҳ, қалблар чироғи бўлган, она алласидан бебаҳра бўлган болажон...,дунё қанчалик кенг бўлмасин онаси  бағри ҳам  торлик қилаётгандек эди.

Телефон жиринглади.

-Алло...

-Қўшни, қаердасиз?

-Ҳозир.

Собир ака юқорига кўтариларкан, қалбида нидолар булоқдек қайнай бошлади. Эй одамлар, жондан азиз фарзандларимизни кўз қорачиғидек асрайлик.  Мурғак қалбларига яхшилик уруғини қадайлик, токи мардлик, адаб-ахлоқ, кўзларида шарму ҳаё ифорлари бўйлаб турсин. 

 

Тойиржон ТУНГАТОВ

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4255 times

Мақолалар

Top