Мақолалар

“Муслим мобил репортёр”: бир мухлиснинг қалб садолари

Алҳамдулиллаҳ ҳар томонлама соғу-саломатмиз, иймон деган бебаҳо неъматдан, ислом шукуҳидан, озодлик наъшидасидан, мосуво эмасмиз. Шундай тинч фаровон турмуш қадрига етайлик. Гўёки кўзларимизни ҳар дақиқа очиб юмиб асраганимиздек, ўзимизни меҳрни жиққа булоғига ботириб шукронадан бўшамайдиган замон ва маконда яшаяпмиз. Аммо барибир сабр, қаноат, қисматимга бўлган ўлчамлар мени хавотирга солади. Айтингчи, уларни қаердан олай, мен уч эшикларга йўналган бир йўловчиман. Тўрт болага ҳамда баъзи яқинларимга йўлбошчидирман. Йўловчилигини тўғри бажара олмаётган банда, қандай йўлбошчи бўлиши мумкин? Унинг залворидан қўрқаман.

Менга ноёб топилмаларни қаердан олишим керак бўлган манзилларни айтсангиз бўлди. Оёқ яланг бўлиб бўлса ҳам, эмаклаб бўлса ҳам бораман. Ҳозир ўз ихлосимдан, кўнглимдан хавфдаман. Илгарилари, кимдир дилозорлик қилса, ёки ғуруримни топтаса, парво қилмасдим. Нега дейсизми, кўзларимни пастга қаратсам кифоя эди. Шундоқ ёноқларимда янги қазилган ўз қабримни кўрардим. Ва ҳаммаси шу ондаёқ унутиларди. Дилимга ғафлат уя қурмасди. Энг кераги, мен ҳеч кимдан хафа бўлмасдим, умуман нолиш деган ҳамроҳим бўлмаган. Нима бўлди-ю, турмушга чиққанимдан кейин кўплаб фазилатларим табора камайиб кетди.

Ора-орада шикоятчи мансабига ҳам ўтирдим. Жаҳл деган иллатга кўп десам хато бўлади, кўпроқ ошно бўлдим. Ортимга бир назар ташласам, ҳаётимнинг баъзи зиналарида қандай жоҳил яшаганимдан уялиб кетаман. Маънан қашшоқ одамлар ҳам ўзини шундай тутмасалар керак, деб баҳо бераман ўзимга.

Биласизми, ҳозир анча хотиржамман. Чунки, мени бу ҳолатдан алҳамдулиллаҳ муборак Зикрлар ва дуолар қутқарди. Нажот ва сабр бераётган Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва у кишининг оила аъзоларига салом ва саловотлар бўлсин.

Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3496 times

Мақолалар

Top