Мақолалар

Исломнинг инсоният учун фазли

Ўзининг ўзгармас қонуни бўлган қуръони каримда бандаларига ҳақиқий тарбия йўлини баён қилиб берган оламларнинг тарбиячиси Аллоҳ таолага чексиз ҳамду санолар бўлсин. Олий хулқлар билан хулқланган, мақталинган хулқларни батамом қилиш учун юборилинган Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга беадад дуруду саловатлар бўлсин. Аллоҳ уларни ўз пайғамбарига суҳбатдош қилиб, динини улар билан қоим қилишни ихтиёр қилган, Муҳаммадийя дорилфунунининг талабалари бўлган энг саодатли авлод бўлмиш саҳобалардан Аллоҳ рози бўлсин.

Ислом шариати инсониятнинг шахсини тарбиялаш, келажак авлодни етиштириш, салоҳиятли уммат барпо қилиш, дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатманд бўлишни кафолатини берган ягона диндир. Бу шариат инсониятнинг барча мушкулларини, барча замонларда, барча маконларда уларнинг хилма хиллигига қарамай еча оладиган, муолажа қиладиган ягона диндир. Бу шариат ўзидан олдин келган бирон бир низом, бирон

бир тузум ёки     қонун-қоидалар жамламаган хусусиятларга эгадир. Чунки бу дин, бу тузум, бу қонун раббонийдир,  илоҳийдир!. Бу шариатнинг қонунлари, ҳукмлари, асослари қосирлик, ожизлик, маданият, ҳолат, замон ва макон, меҳр-шафқат, ҳавои-нафс, кайфият ва тараққиётга қараб таъсирланишга маҳкум бўлган инсон тарафидан эмас, балки барча коинотни барпо қилган, шу жумладан инсонни ҳам яратган, уларнинг Роббиси бўлган,   уларга нима фойда-ю,  нима уларнинг даражасини кўтаради, уларга нима рухсату, нима уларни ислоҳ қилади, уларга нима зарару, нима уларнинг даражасини туширишини ўта яхши билган Роббилари тарафидан асос солингандир. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилиб айтади;

Яратган зот ўзи билмайдими?, ваҳоланки у дақиқларгача билгувчи ва хабардор зотдир”.(мулк сураси 14-оят)

Оддий ожиз инсон бирон нарса ихтиро қилса, унинг қандай ишлаши, нимага  аҳамият қилса соз туриши, нима сабабидан, қачон, қандай бузилишини билади-ю , бутун борлиқни йўқдан пайдо қилган Зот ўз бандаларининг ҳолини билмайдими?. Бу шариатнинг аввалги ва асосий мақсади инсонларни Роббиси билан боғлашдир. Токи инсонлар ўз Роббисини ҳақиқий таниш билан танисин, Унга ҳақиқий тақво қилиш билан тақво қилсин, ҳақиқий ибодат қилиш билан ибодат қилсинлар. Чунки улар шунинг учун яралгандирлар. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай дейилган:

 “Жин ва инсонни фақат менга ибодат қилишлари учунгина яратдим” Зориёт-56 оят.

 Бу ибодат фақат якка шахсларгагина хос бўлиб қолмасдан, балки шариатнинг бошқа ҳукмларини ҳам ўз ичига олади. У ҳукмлар хоҳ оилавий бўлсин, хоҳ маданий,  хоҳ жиноий, хоҳ халқаро бўлсин. Бу шариатдан мақсад, инсонлар роҳат-фароғатда яшашлари, ўзаро бўган келишмовчиликларда, хусуматда, ҳатто энг оз бўлган манфаъатли нарсаларда ҳам ҳур ва тенглиги кафолатланади. Кучли билан кучсизга бир хил муомала қилинади. Бу шариат раббоний бўлганлиги учун бунинг ҳукмларини қабул қилишликда мусулмонман деган киши учун ихтиёр бўлмайди. Чунки бу -иймон тақозосидир. Чунки бу -ислом шартномасидир. Бу борада Қуръони каримда шундай дейилган:

Ёки китобнинг баъзисига иймон келтириб баъзисига куфр келтирасизларми?! Сизлардан ана шундай қилганларнинг жазоси бу дунёда фақат хор бўлишларидир, охиратда эса,  шиддатли азобга қайтарилурлар”. Бақара-85

Ушбу оят гарчи яҳудийлар ҳақида нозил бўлган бўлса ҳам, биз мусулмонлар учун ибратдир. Бундай қабиҳ сифатлар ҳозирги кунда мусулмонликни даъво қилгувчилар орасида тарқалмоқда.  Ислом бир-бирини тўлдирувчи турли амаллардан иборатдир. Намоз ўқиб закот бермаса, эътиқод исломий бўлса-ю, яшаш христианча бўлса, бўлмайди. Тўлиқлигича исломий бўлиши керак. Ислом шариати Раббоний бўлганлиги учун мусулмонлар қалбида унга нисбатан ҳурмат, эгилиш, итоатни топамиз. Инсонлар тарафидан ўрнатилган қоидаларда эса, бу қадар ҳурмат топилмайди.

 “Ишончи комил қавмлар учун Аллоҳдан ҳукми яхшироқ ким бор?(Моида-50).

Аллоҳнинг ҳукми билан банданинг ҳукми орасида Аллоҳ билан бандачалик фарқ бор. Шуунинг учун шариатни фақатгина диний ишларда эмас , балки дунёвий ишларга ҳам татбиқ қилмоқ лозим. Агар фақат диний ишларгагина татбиқ қилиб, дунёвий ишлардан ажратилса буддиц ёки насронийлардан фарқ қолмайди. Ислом ундай эмас. У ҳаёт учун мукаммал дастур.  Унда ақида ҳам, ибодат ҳам, муомалат ҳам мавжуд. У инсоннинг ҳаётида ва жамиатида интизомни ўргатадиган кўрсатмадир. Ақида ва фиқҳ китоблари сўзимизнинг далилидир.  Буни маҳкам тутган кишигина саодатли ҳаёт кечиради. Қуръони каримда шундай дейилган:

Яъни, “Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва ойдин китоб келди. У билан Аллоҳ ўз розилигини истаганларни салом йўлларига бошлар ва уларни Ўз изни ила зулматлардан нурга чиқарар. Ҳамда сироти мустақимга ҳидоят қилар”. Моида 15-16.

Усбу оятдаги “нур”дан мурод Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Ислом динидир. “Китоб”дан мурод эса,  Қуръони каримдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: Яъни, “сизларга икки ишни қолдирдим, маҳкам тутсангиз ҳеч адашмайсиз. Аллоҳни нг китоби ва расулининг суннатидир”. Дарҳақиқат бу икки нарса инсониятни зулматлардан нурга олиб чиқадиган, унга икки дунё саодати кафолатини берадиган ягона кўрсатмадир. Бунинг учинчиси йўқ. Қолган қонун-қоидалар ҳам мазкур икки нарса асосида ва шу икки нарсанинг мақсадини кўзлаган ҳолда тузилсагина инсониятнинг манфаъатига хизмат қилади. Шариатнинг хилофида ҳаёт кечириб фожиали офатларга учраган, ҳаром-ҳаришни билмай турли дардлар орттирган, кучли кучсизга зулм қилган, оилалар бузилиб фарзандлар етим қолган, одоб-ахлоқ нималигини билмай тарбия топиб отасига қўл кўтарган, етти ухлаб тушга кирмайдиган жиноятлар содир бўлганини кўрганда Исломнинг нақадар катта неъмат эканлиги билинади. Шунинг учун бошқа ишларимиз қатори фарзанд тарбиясида ҳам шариати Исломияни асосий дастур қилиб олсак кутилган натижага аниқ, тез ва осон эришамиз. Чунки бу услуб тажрибадан кўп ўтган самарали услубдир.  Ушбу услуб билан Расулуллоҳ энг пешво уммат саҳобалар авлодини тарбияладилар. Расулуллоҳ саҳобаларга иймон, ислом ва амални тенг олиб боришни ўргатдилар.  У зот ўнлаб, юзлаб, минглаб Қуръонлар чоп қилдилар.  Уларни саҳифаларга сиёҳ билан чоп қилмади, балки саҳобаларнинг қалбларига нур билан битиб қўйдилар. Саҳобалар ерда юрадиган, таом ейдиган тирик Қуръонлар бўлиб етишдилар. Инсонлар уларни кўрганларида Исломни кўргандек бўлар эдилар. Тарихга мурожаъат қилинса тасдиғи топилади. Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд саҳобаларнинг фазли ҳақида шундай деганлар:

Ким иқтидо қилмоқчи бўлса Расулуллоҳнинг саҳобаларини танласин, чунки улар бу умматнинг энг қалблари пок, илмлари чуқур, такаллуфлари оз, ҳидоятлари тўғри ва ҳолатлари гўзал кишиларидир. Аллоҳ уларни Расулига суҳбатдош қилди, улар билан динини қоим қилди. Уларнинг фазлини билингиз, изларидан эргашингиз, чунки улар тўғри йўлда бўлганлар”.

Пошшахон ЭШОНХОН ҚИЗИ

«Хадичаи Кубро» аёл-қизлар

билим юрти мударрисаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 3338 times

Мақолалар

Top