Мақолалар

Ўлимнинг элчиси юзимиздадир

Соқолимга оқ оралади, десам ўзимни ёш кўрсатишга уринган бетавфиқ ва муғомбир қариянинг қилиғини қилган бўламан. Соқолим оппоқ десам озгина муболаға бўлиб қолади. Ҳақиқатга яқин бўлсин учун соқолимнинг кўпи оқарди, дея қолай.

Бинобарин, ҳазрат Навоий айтади:

 

Соқол оқи ўлимга пешравдир,

Тириклик сабзаси узра қиравдир.

 

Буни қарангки, буюк шоир шу биргина байтда бутун бошли тарихни, мақоми баланд пайғамбар – Иброҳим алайҳиссаломнинг вафот этган замонини ифодалаш баробарида, инсоннинг ёши улғайганида соқолининг оқариши ҳам пайғамбарлар суннати эканини билдирган экан.

Мўътабар манбаларда келтирилишича, “Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолога: “Менга ажалим  етишидан бир йил бурун хабар бер, ўлимга тайёргарлик кўриб қўяй”, деб муножот қилган экан. Раббимиз Халилуллоҳнинг дуосини ижобат қилибди-ю, аммо буни у зот сезмай қолибди. Азроил алайҳиссалом жонини олгани келганида “Ҳали вақти етгани йўқ-ку!”  дея ҳайрон бўлибди. Азроил алайҳиссалом: “Вақт бўлмаса, менга амр бўлмас эди”, дебди. Шунда Аллоҳ таоло хитоб қилиб: “Эй Иброҳим, соқолингга қачон оқ кирди?” деб сўрабди. Иброҳим алайҳиссалом: “Парвардигоро, бир йил тўлди”, деб жавоб берибди. Аллоҳ таоло: “Эй Иброҳим, соқолнинг оқариши ўлим элчиси бўлади” дебди. Иброҳим алайҳиссаломдан олдин ҳеч кимнинг соқоли оқармаган экан.

Буни англаган Иброҳим алайҳиссалом: “Дўст дўстнинг жонини олурми?” деб сўрабди. Ўша заҳоти Жаброил алайҳиссалом етиб келиб Аллоҳ таолонинг: “Дўст дўстнинг қошига келмасми!” деган хитобини етказибди. Бу ваҳийни эшитган Халилуллоҳ Азроил алайҳиссаломга юзланиб: “У ҳолда жонимни олишга киришинг”, дебди”.

Менимча, ўғлим ҳазрат Навоийнинг байти-ю  Иброҳим алайҳиссалом вафоти тарихини билмайди. Аммо соқолнинг ўлим элчиси эканини билади. Ахир соқол қарилик белгиси, қариган кишиларга у дунё бир қадам бўлиб қолиши ҳаммага ҳам аён-ку, тўғри эмасми? 

Хуллас, соқолнинг оқи элчи бўлиб келиб қолган экан, ёши элликни қоралаган биз тенгилар энди нима қилмоғимиз керак. Аввало, ана шу ёшгача умр берганининг шукронасини қилмоғимиз лозим. Чунки бунинг сабаблари кўп. Гап исботи билан бўлгани яхши деганларидек, улардан шу онда эсимизга келиб қолганларини айтиб ўта қолайлик:

отамиздан онамизга ўтган ўн миллиондан ортиқ эмбирионлар ўлиб кетди ва биргина биз тирик қолдик;

ботқоқдаги бир чивинми ёки бошқа бир судралиб юрадиган кўримсиз жонзот бўлиб эмас, ашрафул махлуқот  – инсон наслида дунёга келдик;

оловга, сигирга ёки бошқа бир нарсага сиғинадиган, майхўрликни ибодат билиб адашиб-улоқиб юрган ота-онадан эмас, ислом динига эътиқод қиладиган, намозли-ниёзли покиза хонадонда туғилдик;

буддачи ёки кришначи ё яна бошқа бири эмас, Оламлар сарвари, кўзимизнинг нури, қалбимизнинг севинчи, меҳрибонимиз, мушфиғимиз, шафоатчимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлиб дунё юзини кўрдик;

сохта салафчи ёки бошқа реакцион диний оқимга мансуб хонадонда эмас, ақидаси тўғри ҳанафий мазҳабида дунёга келдик;

майиб-мажруҳ бўлиб эмас, тўрт мучамиз соғ туғилдик;

Африканинг жазирама иссиқ ёки Сибирнинг қақшаткич совуқ ўлкаларидан бирида эмас, мўътадил иқлимли бир юртда туғилдик;

бир ёшга етмасимиздан тенгдошларимизнинг қанчалари турли касалликлар сабаб бўлиб вафот этиб кетди, Аллоҳ таоло бизни асради;

синфдошларимиздан бири мактаб даврида, бошқаси ҳарбий хизматда бир ёрнинг висолига етмасдан вафот этиб кетди, бизга эса уйланиб оила қуриш насиб этди;

иймонига, тақвосига ишониб танлаган жуфти ҳалолимиз асло намозини, рўзасини ва бошқа ибодатларини канда қилмади;

фарзандларимиз соппа-соғ туғилди ва Раббимизни таниб ўсди.

Шу ёшга етганча нималарни кўрмадик дейсиз: ёнғинлар, автоҳалокатлар, хасталиклар, қийинчиликлар...

Шундай одамларни ҳам кўрдикки, дўхтирлар ароқ ичсанг ўласан, деган кимсалар, ўлдирса ароқ ўлдирсин, деб ароқ ичиб ўлиб кетди. Овқатни камроқ е, юрагингни ёғ босиб боряпти деган кишилар, ўлдирса ош ўлдирсин деб ўлиб кетди. Аммо уларнинг ортида нима қолди? Ҳақиқий дунёдаги аҳволи нима бўлди?.. Барчаси Раббимизнинг ихтиёри-ла бўлади-ку, аммо шариатимиз таълимотига, динимиз аҳкомларига таяниб бандалик ила қилган ўй-хаёлларимизда уларнинг у ёқдаги аҳволи унчалик яхши эмасга ўхшаб туйилади.

Одамлар кексаларга “фалончи яхши қарибди”, “писмадончи ёмон қарибди”, деб баҳо беради. Одамлар яхши қарибди деб ўйлаганлар ибодатига маҳкам, одамларга яхши тилакда бўладиган кишилар бўлса керак. Чунки Аллоҳ таоло уларнинг юзини нурли қилиб қўяди. Ёмон қарибди деганлар эса кексайгани сайин дунё неъматларидан кўпроқ олиб қолай дея очофат кимсага айланиб қолган кимсалар бўлса керак. Аллоҳ атоло уларнинг юзига зулматнинг асоратини солиб қўяди.

Парвардигори олам ана шундай қаришдан сақлаган кишилар ҳақиқий бахтиёр инсонлардир. Чунки улар бошқалардан “соқол эчкига ҳам битади”, “соқолингга ўт тушсин”, деган таъна дашномларни эшитмайди.

Навоий ҳазратлари “Хазойин ул-маоний” асарининг 4-китобини “Фавойид ул-кибар” (“Кексалик фойдалари”) деб атаган эди. Дарҳақиқат, кексайгунга қадар одам ўқийди, ишлайди, саёҳат қилади, турли одамлар билан муомалада бўлади, фарзанд улғайтиради, ота-онасидан айрилади... ниҳоятда катта ҳаётий тажриба тўплайди.

Шунча тажрибага эга бўлганидан кейин одам ўзини қандай тутишни билиши, бошқаларда ўзи ҳақида салбий таассурот қолдирмаслиги керак-да.

Биз Раббимизга юқорида санаб ўтган неъматларимизга, шунча йил умр берганига шукр қилувчи бандалардан бўлсак, шокирликни ҳаётимиз аъмолига айлантирсак, эл-юртнинг олдида ҳам, Парвардигоримиз қошида ҳам юзимиз ёруғ бўлади. Ана шунда соқолимизнинг оқи бошқаларда ачиниш туйғусини уйғотмасдан уларнинг кўзига улуғворлик тимсоли бўлиб кўринади.

Бу гапларни нега ёзяпман? Биласизми, гоҳида қўлингизга тўсатдан нимадир тушиб қолади ёки йўлда-юзада бир нимани учратиб қоласиз. Ана ўша нарса тинчингизни бузади, беҳаловат қилади. Бўлмаса, 50 ёшга тўлганимда дўстларим, фарзандларим қучоқ очиб табриклашганида “Мен келдим, бу дунё кўрдими фойда, Кетсам мартабаси ошарми, қайда” (Умар Хайём рубоийсидан), дея кўп хижолат бўлган эдим.

Шу десангиз, ўтган кунимикин, валлоҳу аълам, Ишхонамиздаги кўркам йигитимиз Илҳомжон Маърупов тепасидаги анонсга “Шоир руҳи ёниши шартми”, “Имон надир” деб ёзиб қўйилган “Адаб гавҳари” деган газетани саҳифалаб турган экан. “Газетанинг номи ажойиб экан”, дедим унга. Қизиққанимни кўриб менга газетани совға қилди. Менинг эса газетани охирги саҳифасидан бошлаб ўқийдиган одатим бор. Чунки охирги саҳифага ўқишга қулайроқ материаллар қўйилади.

Адашмабман. “Буни ҳаёт дерлар...” деган рукнда Нурбахт Мўминхон қаламига мансуб “Бобо” деган бадиҳани маза қилиб ўқидим. Жумладан, ундаги “Аста, ҳушёр қадам ташласанг ҳатто кўчада серрайиб турган 50 йиллик дарахт ҳам сенга ниманидир ўргатади. Ўргансанг кони фойда, эшитсанг кони фойда, билсанг нақд хазина”, деган гаплар мени ўйлантириб қўйди: водариғ! наҳотки, тилсиз-забонсиз дарахтча бўлмадикми, қани, ўзимизни бир тафтиш қилиб кўрайлик-чи деган ниятда ана шу нарсани қораладим.

Дамин ЖУМАҚУЛ,

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4252 times

Мақолалар

Top