Мақолалар

Тарихда ибрат ва Аллоҳнинг борлигига далил бор

Агар биз тарихга мурожаат қилсак, унда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг борлигига, илмига, барча нарсага қодирлигига моддий далилни топамиз. Келинг, ушбу сурани ўқиб, ўрганиб чиқайлик:

أَلَمْ تَرَ كَيْفَ فَعَلَ رَبُّكَ بِأَصْحَابِ الْفِيلِ أَلَمْ يَجْعَلْ كَيْدَهُمْ فِي تَضْلِيلٍ وَأَرْسَلَ عَلَيْهِمْ طَيْراً أَبَابِيلَ تَرْمِيهِم بِحِجَارَةٍ مِّن سِجِّيلٍ فَجَعَلَهُمْ كَعَصْفٍ مَّأْكُولٍ

“Роббинг фил соҳибларини қандоқ қилганини билмадингми? Уларнинг макру ҳийласини зое кетказмадими? Ва уларнинг устига тўп-тўп қушларни юбормадими? Лойдан пиширилган тошларни отадиганларни? Бас, уларни қурт еб ташлаган ўсимликка ўхшатиб юбормадими?” (Фил сураси)

Бу сурада келтирилаётган мўъжиза Аллоҳнинг Байти бўлмиш Каъбанинг муқаддаслигини исботлаш ва уни ҳимоя қилиш учун нозил бўлди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Фил йилида таваллуд топдилар. Бу мўъжиза Аллоҳнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қиладиган динини ҳимоя қилишдан одамлар бош тортсалар ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи уни ҳимоя қилиши ва сақлашига аломат тарзида содир бўлди.

Фил воқеаси жуда машҳур. Унинг қаҳрамони ўша пайтда Яман подшоҳи бўлган Абраҳадир. У Яманда одамлар ҳаж қилишлари учун Каъбанинг ўрнига бир бино қурдиради. Баъзи араблар бориб, ўша бинонинг ичига ахлатларни ташлашади. Шунда Абраҳа Каъбани бузиш орқали араблардан ўч олишни қасд этади. Катта қўшин, кўп сонли филларни тўплаб, Макка сари юриш қилади. Макка аҳли бу қўшинни кўриб, қочиб кетади. Шу пайт бир гала қушлар жаҳаннам тошларини олиб келиб, қўшинга отишади. Бир неча дақиқа ичида Абраҳа, унинг қўшини ва филлар ер билан яксон бўлади.

Бу қиссани мусулмон бўлмаганларнинг ақли инкор қилади. Улар “Қандай қилиб кичкина қуш филлардан иборат катта қўшинни йўқ қилиб юбориши мумкин?! Мабодо ўшандай қушлардан юзтаси битта филнинг устига қўнса ҳам фил ҳеч нарсани сезмайди-ку!” дейишади.

Баъзи “олимлар” эса “Албатта, Аллоҳ Абраҳа ва унинг қўшинини йўқ қилиш учун бактерияларни юборган” дейишади. Гўё бу гаплари билан ишни ўзларининг ожиз ақлларига мосламоқчи бўлишади. Аммо Аллоҳ таоло барча нарсага қодирдир!

Биз шундай деймиз: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фил йилида таваллуд топдилар. Қирқ ёшларида у зотга пайғамбарлик келди. Бу сура исломий даъватнинг бошида, Маккада нозил бўлди. Ўша пайтда кофирларда қувват ва устунлик бор эди. Мусулмонлар эса озчилик ва заиф эдилар. Кофирлар Ислом динига таъна етказиш учун доим изланардилар. Бу сура Маккада нозил бўлди дедик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса қирқ ёшларида Набий этиб юборилдилар. Ўша кунларда Маккада эллик, эллик беш, олтмиш, олтмиш беш ёшга кирган кишилар бор бўлиб, улар Фил воқеасини ўз кўзлари билан кўришган эди. Агар қушлар келмаган, Абраҳа ва унинг қўшини йўқ қилинмаган бўлганида, ўша одамлар “Бу гап нотўғри. Биз ўша пайтларда Маккада эдик. Ҳеч қандай қушни ҳам, қўшинни ҳам кўрмаганмиз” дейишар ва бу орқали Исломга, Қуръонга таъна етказишга уринишар эди. Лекин қушлар келган, мўъжиза содир бўлиб ўтган эди. Шунинг учун ҳам Ислом душманларидан бирортаси бу воқеани инкор қилолмади”.

 

 

Шайх Муҳаммад Мутаваллий

Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг

“Ал-Адилла ал-мааддийя ала вужудиллаҳ”

номли асаридан Нозимжон Иминжонов таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 4012 times

Мақолалар

Top