Мақолалар

Касаллик ва шифо Аллоҳнинг борлигига моддий далилдир

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

وَإِذَا مَرِضْتُ فَهُوَ يَشْفِينِ

“Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам Унинг Ўзи” (Шуаро сураси, 80-оят).

Баъзи одамлар “Табиб шифо берди, тузатди” дейишади. Бу нотўғри. Лекин ҳақиқат – шифо Ёлғиз Аллоҳнинг қўлидадир. Табиб муолажа қилади, холос. Гоҳида бемор табибнинг қўлида шифо топади. Гоҳида табиб муолажада хатога йўл қўяди ва беморнинг ўлимига сабаб бўлади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳар бир касалликнинг шифосини яратган. Шунинг учун баъзида янги иш бошлаган ёш табиб ўзини турли катта табибларга кўрсатган, табиблар унинг касаллигига тўғри ташхис қўёлмаган беморга тўғри рецепт ёзиб беради. Мана шундай пайтларда одамлар ҳайрон бўлишади ва “Албатта, билим юртини яқинда тамомлаган бу табиб устозларидан кўра билимлироқ” дейишади.

Биз айтамизки, бу нотўғри фикр. Устоз қатъий равишда шогирдидан илмлироқ. Ахир табобатни шогирдга у ўргатган. Лекин Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қайси касалликка қачон шифо бўлишини тақдирга ёзиб қўйган.

Янги иш бошлаган табиб беморни муолажа қилишни бошлаганда, Аллоҳ таоло ўша касалликнинг шифосини унга билдиради. Кейин табиб ўша билим асосида рецепт ёзиб бериб, беморни муолажа қилади, бемор эса тузалади.

Бу гаплардан “Албатта, Аллоҳнинг Ўзи шифо берар экан, биз тузалиш чорасини кўрмай ўтираверишимиз керак экан” деган маъно чиқмайди. Аллоҳ таоло бу дунёда бизга сабабларни ушлашимизни буюрган. Ана ундан кейин сабабларнинг натижаси борасида Аллоҳ таолонинг Ўзига таваккул қиламиз.

 

Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг “Ал-адилла ал-мааддийя ала вужудиллаҳ” номли асаридан Нозимжон Иминжонов таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4342 times

Мақолалар

Top