Мақолалар

Қасам ичиш ҳаром эмасми?

Савол: Қасам ичиш ҳаром эмасми? 

Жавоб: Аллоҳ таоло марҳамат қилади: 

“Қасамларингиздаги беҳуда сўзлар учун Аллоҳ сизларни жавобгар қилмайди, балки сидқидилдан боғлаган қасамлар (бузилгани) учун сизларни жавобгарликка тортади. Бунинг каффорати (жаримаси) – оилангизни озиқлантириш учун лозим таомларнинг ўртача миқдорида ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг кийимлари ёхуд бир қулни озод қилишдир. Кимки (буларни) топа олмаса, уч кун рўза тутиши (мумкин). Ана шу ичган (ва бузган) қасамларингизнинг каффоратидир. Қасамларингизни асрангиз! Аллоҳ сизларга Ўз оятларини шундай баён қилади, токи шукр қилгайсиз” (Моида, 89). 

Динимиз беҳуда қасам ичишдан қайтаради. Қасам ичилса, фақат Аллоҳ таоло номи билан ичилади. Бизнинг диёрларда одат бўлиб қолган “нон ҳурмати”, “дастурхон ҳурмати”, “она сутим ҳаққи” деган гаплар лағв, яъни беҳуда ҳисобланади. 

Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оталарининг номини ўртага қўйиб қасам ичаётган жамоа ўртасидаги ҳазрат Умар ибн Хаттобга етиб олдиларда: “Аллоҳ таоло оталарингиз номини ўртага қўйиб қасам ичмоқни сизларга ман қилган эмасмиди?! Ким қасам ичса, Аллоҳ таоло номи билан қасам ичсин, яхшиси жим бўлсин!”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти). 

 

“Сўраган эдингиз” китоби асосида тайёрланди. 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 6162 times

Мақолалар

Top