Мақолалар

Ислом динида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик масалалари

Мамлакат тараққиёти, унда яшайдиган аҳолининг ўзаро ҳамжихатликда яшашидаги энг муҳим омиллардан бири бу — миллатлар ўртасидаги тотувлик ва диний бағрикенгликнинг ўрнатилиши ҳамда унинг амалда қўлланишидир.

Мамлакатимиз аҳолисининг кўпчилик қисми эътиқод қилувчи ислом дини неча-неча асрлар давомида жамики инсонларни ҳамжиҳат бўлишга, эзгу мақсад йўлида қўлни қўлга беришга, ўзаро низо, урушлар ва миллий ҳамда диний камситишларга йўл қўймасликка, умумий уйимиз-курраи заминда дўст-биродар, аҳилликда яшашга ундаб келмоқда. Динимиздаги тотувлик ва бағрикенглик тушунчалари Қуръони Карим, ҳадиси шариф ҳамда улуғ аждодларимиз асарларида ўз исботини топган. Буни қуйидагилар мисоллида ҳам кўриш мумкин.

Биринчидан, Исломнинг асоси бўлган Қуръони каримдаги илк “Фотиҳа” сурасида Аллоҳни барча оламларнинг Парвардигори, дея тафсир этилиши динимизнинг тенглик ва бағрикенглик дини эканлигидан далолатдир. Ушбу сурада Аллоҳнинг раҳмли ва меҳрибон эканлиги эътироф эътилади;

Иккинчидан, Исломда Қуръондан кейинги энг муҳим манба бўлган ҳадиси шарифда, исломда энг яхши хислатлар очларга таом бермоқлик ҳамда таниган ё танимаганга салом бермоқликдир дейилади. “Ассалому алайкум” сўзи эса “сизга тинчлик, омонлик тилайман” деган маънони англатади. Демакки, миллатидан, эътиқодидан қатъий назар барча инсонларга тинчлик, сиҳат-саломатлик тилаш динимизда ўз ифодасини топган. Худди шу ҳадис Имом ал-Бухорийнинг “Ал-адаб ал Муфрад” асарида ҳам учрайди.

Учинчидан, Ислом адабиётида ҳам тенглик ва бағрикенглик тамойиллари кенг тарғиб этилган. Масалан, Имом ал Бухорийнинг “Ал-адаб ал Муфрад” асарида барча инсонларнинг ўзаро ҳамжихатликда яшашлиги хақида ёзилган. Жумладан, Абу Ҳурайра р.а ривоят қилади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирингизга ҳасад ва адоват қилманг, дунё ишларида сендан мен ўтаман, деб жанжаллашманг, бир-бирингизга тескари бўлманг. Эй Аллоҳнинг бандалари, ҳаммангиз ака-ука бўлинглар” дедилар. Бундан кўриниб турибдики, жамики инсонлар бир-бирини ҳурмат қилиши, қўллаб-қувватлаши ва ўзаро низоларга бормасликлари лозим.

Шарқ адабиётида “Маънолар отаси” деб танилган Мирзо Абдулқодир Бедилнинг шундай рубоиси бор:

Шеърим менга неча юз забондин келадир,

Кўпдан бери, кўп вақту забондин келадир.

Таврот эмаски ул, то тахмин этсам:

Бир йўла магарки осмондин келадир…

Ушбу рубоийда Тавротнинг осмондан келишини таъкидлаш бежизга эмас, чунки Қуръонда Таврот ва Инжил ҳурмат ила номга олинади.

Хулоса қилиб айтганда, исломда бир жамиятда яшовчи бошқа дин ёки миллат вакиллари учун шахсий эркинлик, ҳурфикрлик, ақида мустақиллиги, дахлсизлик масалалари тўлиқ кафолатланади. Умуминсоний қадр-қимматлар билан йўғрилган ислом динидаги тотувлик ва бағрикенглик масалалари ҳали ҳам ўз долзарблигини йўқотгани йўқ.

 

Бобур Усмонов тайёрлади

ЎМИ Матбуот хитмати

Read 4711 times

Мақолалар

Top