Мақолалар

Ҳалол касб – узоқ умр гарови

Баракали умр кўришни орзу қилмаган киши бўлмаса керак. Кўп яшаш фақат бойлик, тўкин-сочинлик билан эмас, балки мазмунли умр ила ўлчанади. Мазмунли умр эса кишини икки дунё бахту саодатига эриштиради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча ҳадиси шарифларида узоқ умр кўришнинг фазилатларини баён қилганлар. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Одамларнинг яхшиси ким?” деб сўради. У зот: “Узоқ умр кўриб, хайрли ишларни кўп қилувчи киши”, деб жавоб бердилар” (Имом Термизий ривояти).

Маълумотларга кўра, Одам алайҳиссалом 930 йил, Шис алайҳиссалом 912, Нуҳ алайҳиссалом 950, Иброҳим алайҳиссалом 175, Исҳоқ ва Яъқуб алайҳиссалом салкам икки юз йилдан умр кўришган.

Узоқ умр кўриш кўп жиҳатдан ҳалол касбга боғлиқ.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда барча мўминларга ўз тоқатиларига яраша касб қилишни фарз қилди: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверинглар! Аллоҳни кўп ёд этингизлар, шояд (шунда) нажот топурсизлар” (Ҳаж сураси 9-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзи соғлом бўла туриб, ишламайдиган киши Аллоҳ таоло ёмон кўришини қуйидагича баён қилдилар: “Албатта Аллоҳ таоло соғлом бўла туриб, ишламайдиган кишини хушламайди”.

Ҳалол касб қилишга нафақат инсонлар ҳатто пайғамбарлар ҳам буюрилган. Одам алайҳиссалом новвойлик қилган бўлса, Нуҳ алайҳиссалом савдогарлик бўлган. Иброҳим алайҳиссалом баззоз (газмол сотувчи) эди. Довуд алайҳиссалом совут ясар, Сулаймон алайҳиссалом занбил тўқирди. Идрис алайҳиссалом кийим тикар, Закариё алайҳиссалом эса дурадгорлик қилар эди.

Бундан ташқари, барча пайғамбарлар қўй боққани, чўпон бўлгани ҳақида саҳиҳ ривоятлар бор.

Саҳобалар ҳам бирор касбнинг бошини тутишган. Мисол учун, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу баззозлик қиларди (газмол сотувчи), Умар розияллоҳу анҳу тери ошларди, яъни кўнчи эди. Усмон розияллоҳу анҳу савдогар, Али розияллоҳу анҳу котиблик ва мардикорлик қилар эди.

Баҳоуддин Нақшбанд бобомиз бежиз: “Дилинг – Аллоҳда, қўлинг – меҳнатда бўлсин”, демаган. Ҳалол меҳнат, касб-кор киши умрини узун, ризқини бутун қилади.

Инсон манфаатлари устувор бўлган юртимизда истиқлол йилларида янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли, айниқса, ёшлар фойдали меҳнатга жалб қилиняпти. Касб-ҳунар коллежларида таълим олаётган фарзандларимиз камида икки-учта касбни эгаллаётгани қувонарли ҳол, албатта.

“Эл-Висти” ахборот маркази узоқ умр кўрувчи инсонлар яшайдиган мамлакатлар рейтингини ўрганиш бўйича таҳлил ўтказди. Унга кўра, Ўзбекистон умумий аҳолисига нисбатан юз ёш ва ундан ошган инсонлар сони бўйича Буюк Британия ва Япониядан кейин учинчи ўринни эгаллади.

Хўш, халқимизнинг умр кўриш даражаси йил сайин узайиб бораётгани замирида қандай омиллар мужассам? Мутахассислар инсоннинг узоқ умр кўриши унинг соғлом ва бахтли ҳаёт кечириши, тинч-хотиржам яшаши билан узвий боғлиқ эканини таъкидлайди.

Ўзбекистон истиқлол йилларида тинчлик-осойишталик барқарор бўлган, инсон ва унинг ҳуқуқлари, эркинлиги олий қадрият сифатида эъзозланадиган, иқтисодиёти изчил тараққий этиб бораётган мамлакатга айланди.

Сўнгги чорак асрда халқимизнинг ўртача умр кўриши эркаклар ўртасида 67 ёшдан 73 ёшга, аёллар ўртасида 75 ёшга етди. Бугунги кунда мамлакатимизда юз ёшдан ошган 8,7 минг нафар табаррук отахон ва онахон истиқомат қилаётгани барчамизга чексиз мамнуният бағишлайди.

 Салоҳиддин ТОШОНОВ,

Яшнобод туманидаги “Гўзал” жоме масжиди имом-хатиби

 

Read 3384 times

Мақолалар

Top