Мақолалар

Ғанимат кечалар

Юртимизда моҳи Рамазон! Яқиндагина уни интизорлик билан кутаётган эдик. Энди эса бу ойнинг дастлабки ўн куни – раҳмат даҳаси охирламоқда. Алҳамдулиллаҳ, саҳобаи киромлар йил бўйи интизор кутган мағфират ойида турибмиз.

Рамазон руҳан покланиш, ахлоқан юксалиш ойидир. Унда шайтонлар кишанланиб, ёмонликка чорловчи васвасаларига чек қўйилади, инсонларга ўз нафсининг ёмонликларидан қутилиб, гуноҳлардан тикланиш кишиларга ўзларини тарбиялашга имкон берилади. Зеро, бу ойда рўза тутиб, бир қатор ноқулайликларга, машаққатларга қарамай, ўзининг энг муҳим эҳтиёжларини тийган киши сабр ва чидамнинг энг юқори даражаларини ўзлаштиради. Шунинг учун ҳам, ҳадисда: «У (Рамазон) сабр ойидир, сабрнинг савоби эса жаннатдир», дейилган. Ана шу жаннатга эришиш учун эса ушбу ойнинг ҳар бир лаҳзасини ғанимат билиб, улардан имкон қадар кўпроқ савоб олиб қолишдир.

Мўмин кун бўйи рўзадор бўлиб, савоб олади. Кечаси эса ибодат билан ўтказиш, кўпроқ истиғфор айтиб, тавба қилиш, бу ойда гуноҳлардан покланиб олиш учун берилган энг яхши имкониятдир. Бу Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига энг ҳайрли ўлжани – савобларни, мағфиратни, раҳматни  осонлик билан қўлга киритиш онларидир.

Рамазон кечаларига алоҳида файз бағишлайдиган, мўминлар кўнглини илоҳий даргоҳга йўналтириб, ҳотиржамлик индирувчи ибодат бу – таровеҳ намозидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳдан савоб умид этиб, Рамазон намозини (таровеҳни) ўқиса, олдинги гуноҳлари кечирилади”, дея марҳамат қилганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Дастлаб тарқоқ ҳолда ўқилган таровеҳ намози Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) даврларига келиб жамоат ҳолида адо этила бошланди. Таровеҳ” луғатда “ором олдириш, дам бериш” маъноларида келган “тарвеҳа” сўзининг кўплик шаклидир. Истилоҳда Рамазон ойида хуфтоннинг суннати ва витр намози ўртасида ўқиладиган намозга нисбатан ишлатилади. Намознинг ҳар тўрт ракатидан сўнг тўхтаб, дам олингани учун “таровеҳ” деб ном берилган.  Мўминлар ўша даврдан ҳозир шу пайтгача ҳадиси шарифда муждаси берилган савобдан умид қилган ҳолда ана шу ибодатни адо этиб келмоқдалар.

Рамазон ойининг фазилатларидан яна бири бу ойда Каломуллоҳнинг нозил этилганидир. Шу сабаб бу ойда кўпроқ тиловати Қуръон қилиш мўминларнинг қалбини нурлантиради. Қуръони карим Аллоҳ таолонинг муборак каломи ўлароқ қадри баланд, тиловати ибодат бўлган энг улуғ каломдир. Шунга кўра, уни севиш, ўрганиш, тарқатиш, маъноларини ўзлаштириш ўзига хос фазилат бўлиб, Расули (акрам) бу шарафли амалларга Аллоҳ таолонинг алоҳида ажр-мукофотлари ваъда қилинган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Кимки агар Аллоҳнинг китобидан бир дона ҳарф ўқиса, бас, унга бир яхшилик ёзилади. Ва бир яхшилик эвазига ўн баробар унинг мислича мукофот бордир! Мен: “алиф лом мим” бир ҳарфдир, демайман. Балки, “алиф” бир ҳарфдир, “лом” бир ҳарфдир, “мим” бир ҳарфдир!” (Имом Термизий ривояти)

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахий бўлганлари эса, Рамазонда Жаброил мулоқотларига келганда бўлар эди. Жаброил (алайҳиссалом) Рамазон тамом бўлгунча ҳар кеча У зотнинг ҳузурларига келар эди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унга Қуръонни арз қилар (ўқиб берар) эдилар».

Ислом олимлари Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Жаброил (алайҳиссалом)га Қуръони арз қилиб берганлари каби ҳар бир мўмин ушбу муборак ойда Каломуллоҳни бир бир хатм қилиши лозимлигини таъкидлаганлар.

Рамазон ойида ҳар кечани ибодат ва тиловат билан ўтказайлик. Токи, ғанимат бу лайзалар номаи амолимизга савоблар қилинган ой дея битилсин!

Нигора МИРЗАЕВА

Read 6253 times

Мақолалар

Top