Мақолалар

Аллоҳнинг борлигига ғайбий далиллар

Инсон нафсининг хусусиятларидан мисол

Аллоҳнинг борлигига ғайбий далиллар ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало инсоннинг ўзидан далил топамиз. Инсоният нафси ҳақида гапирар эканмиз, Аллоҳ таоло инсон нафсидаги яширин нарсаларнинг барчасини билишини айтиб ўтмоқчимиз. Инсоннинг ўзи, нафси, ундаги яширин нарсаларнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

“Ва Мусонинг онасига: “Уни эмизавер. Бас, (унга ёмонлик етишидан) қўрққан чоғингда уни дарёга ташла, қўрқма, хафа бўлма, Биз, албатта, уни сенга қайтаргувчимиз ва Пайғамбарлардан қилгувчимиз”, деб ваҳий қилдик” (Қасас сураси, 7-оят).

Араб тилшунос олимлари бу ояти каримани Қуръони Каримнинг юксак даражадаги балоғат ва фасоҳатига мисол сифатида келтирадилар. Аллоҳ таоло биргина оятда иккита буйруқ – “эмизавер” ва “дарёга ташла”, иккита қайтариш–“қўрқма”, “хафа бўлма”, иккита башорат–“уни сенга қайтарамиз” ва “Пайғамбарлардан қилгувчимиз” жуфтликларини ишлатгандир. Оналари кўнгилларига Аллоҳ таоло илҳом этган буйруқни бажардилар. Гўдакни сандиққа солиб, дарёга оқизиб юбордилар.

Демак, инсоннинг ўй-хаёллари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг қўлидадир. Инсоннинг ақли ҳам Аллоҳ таолонинг қўлидадир. Лекин инсон ихтиёр борасида ҳур қилиб яратилган. Лекин бу мутлақ ҳуррият эмас. Инсон ҳур, озод, эркин. Унга берилган жузъий ихтиёр орқали у яхши ёки ёмон йўлни танлайди. Инсон мусулмон бўлиш ёки бўлмасликда ҳам ҳурдир. У охиратда шу танловига кўра ҳисоб қилинади.

Инсон хусусияти ҳақида, Аллоҳнинг борлигига ғайбий далил ҳақида гапирар эканмиз, Масад сурасини келтириб ўтамиз.

 “Абу Лаҳабнинг икки қўли ҳалок бўлсин, ҳалок! Унга моли ва касб қилган нарсалари фойда бермади. У тезда чўғи қизиб турган ўтга киради. Ва унинг хотини, ўтин кўтарган аёл ҳам. У(аёл)нинг бўйнида эшилган арқон бор ҳолда”.

Ушбу муборак сура Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Лаҳаб ҳақида нозил бўлган. У иймон келтиришдан юз ўгирган кофир, Аллоҳ ва Расулига қарши курашувчи эди. Ушбу сура нозил бўлди, Абу Лаҳаб эса ҳамон куфрда. Макканинг кўплаб етакчилари кофир эдилар. Кейин Аллоҳ таоло уларнинг баъзиларига ҳидоят бериб, улар исломни қабул қилишди. Масалан Абу Суфён, Холид ибн Валид, Икрима ибн Абу Жаҳл ва бошқалар. Абу Лаҳаб ҳам шулар каби исломни қабул қилиши мумкин эди. Агар у исломни қабул қилганида, иймон масаласи буткул вайрон бўларди. Чунки, Қуръони Карим Абу Лаҳабнинг кофир ҳолда ўлишининг хабарини бериб турибди. Аммо бу ердаги унинг кофир ҳолида ўлиши ўзининг ихтиёридан келиб чиқиб содир бўлади. Яъни зоҳиран қараганда Абу Лаҳаб кофир бўлиб ўлишни ўзи ихтиёр қилган.

Агар Абу Лаҳаб Макканинг катталари тўпланиб ўтирган жойга бориб, уларга қарата “Муҳаммад мен ҳақимда шундай-шундай деяпти. Айтишича мен кофир ҳолда ўлар эканман ва дўзахга кирар эканман. Лекин мен ҳозир олдингизда “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расулидир” деб гувоҳлик бераман. Бу билан Муҳаммад айтган гап тўғри эмаслигини, унга ваҳий тушмаслигини исботлайман” деганда нима бўларди?! Хўш, нима бўларди?! Абу Лаҳаб шаҳодатни риё учун, мунофиқона бўлса-да нутқ қилганда нима бўларди?! Дин масаласи бузилган бўларди. У агар шу гапни ёлғондан айтганида ҳам куфр тарафига ёрдам берган, хизмат қилган бўларди. Аммо шу гапни айтиш, ёлғондан бўлса ҳам айтиш унинг хаёлига келмади ва у бу гапни айтмади. Шу тарзда у кофир ҳолида ўлди.

Мана шунинг ўзи Аллоҳ ирода қилган нарса шаксиз амалга ошишига далил бўлмайдими?!

Аллоҳ таоло исломнинг энг катта душманларидан бирига динни бузиш имкониятини бериб қўйиши, у кимса эса бу имкониятни ишга сололмагани бу дин Аллоҳнинг дини эканига далил эмасми?!

Аллоҳнинг чиқарган ҳукми, олдиндан айтиб қўйган нарсаси сўзсиз амалга ошишига далолат эмасми?!

Аллоҳнинг ҳузуридаги ғайб нарса, олдиндан бўлади деган нарсаси аниқ юз беришидан ҳам каттароқ далил борми?! 

Қибланинг ўзгаришидан мисол

Қибла Байтул Мақдисдан Каъба тарафга ўзгарганда, ушбу оятлар нозил бўлди:

“Одамлардан эси пастлари: “Буларни қиблаларидан нима юз ўгиртирди экан?” дейдилар” (Бақара сураси, 142-оят).

Бу оятда “сийн” ҳарфининг ишлатилиши ҳали содир бўлмаган нарсанинг келажакда содир бўлишига далилдир. Агар гап бўлиб ўтган воқеа устида кетганда, у ҳолда “дейдилар” эмас, “дедилар” деган бўларди. Лекин “дейдилар” дегани ишнинг келажакда содир бўлишига далолат қилади. Ушбу оят мўминлардан бошқалар ҳақида нозил бўлган бўлиб, уларга мазкур гапни айтишларидан олдин тиловат қилиб берилди. Агар улар бироз фикрлаганларида, сукут қилган ва мазкур гапни айтмаган бўлардилар. Ана шу пайтда одамлар бир-бирларидан юқоридаги оят ҳақида, унинг амалга ошмагани ҳақида сўрай бошлар эдилар. Улар бир-бирларидан “Аллоҳ таоло “эси пастлар” деб васф қилган анавилар “Буларни қиблаларидан нима юз ўгиртирди экан?” деб айтмадилар-ку?” деб сўрар эдилар. Улар динни бузишга уринаётган бўлишларига, динни вайрон этишни истовчи бўлишларига қарамасдан Аллоҳ таоло уларнинг қўлларига динни бузиш имкониятини берди. Аммо улардан бирортасининг хаёлига юқоридаги гапни гапирмаслик, тилни тийиш фикри келмади. Балки улар ўша гапни айтдилар. Бу эса – инсон иродаси турган бўлса ҳам – Аллоҳнинг иши, ҳукми, ҳузуридаги ғайб иши сўзсиз амалга ошишига далилдир. 

Мунофиқлар қиссасидан мисол

Аллоҳ таоло қуйидаги оятда Ўзининг сўзи ростлигига моддий далил келтирган:

“Ва билингки, албатта, Аллоҳ ичингиздагини билади. Бас, Ундан огоҳ бўлинг” (Бақара сураси, 235-оят).

Иймон келтирмайдиганлар эса бу гапни тасдиқламайдилар ва “Бунга ақлий далил қани?” дейдилар. Биз айтамиз: “Ақлий далил бор. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда нафсдаги яширин нарсаларни ва унинг атрофида айланиб турган ҳолатларни билишига далил келтирган. У Зот шундай деб марҳамат қилади:

“Мунофиқлар ҳузурингга келганларида, гувоҳлик берамизки, сен, албатта, Аллоҳнинг Расулисан, дерлар. Ҳолбуки, Аллоҳ албатта сен Унинг Расули эканингни биладир. Ва Аллоҳ гувоҳли берурки, албатта, мунофиқлар ёлғончидирлар” (Мунофиқун сураси, 1-оят).

Бу ояти карима бир гуруҳ мунофиқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, ўзларининг мусулмон эканликларини эълон қилган пайтларида нозил бўлган. Ўшанда мунофиқлар нима дейишди? Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай дейишди:

“Гувоҳлик берамизки, сен, албатта, Аллоҳнинг Расулисан”.

Бу ҳақ гувоҳлик. Чунки, Аллоҳ таоло “Аллоҳ албатта сен Унинг Расули эканингни биладир” деган. Демак, мунофиқларнинг гувоҳлиги Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг илмига мувофиқ келди. Лекин Аллоҳ таоло “Ва Аллоҳ гувоҳли берурки, албатта, мунофиқлар ёлғончидирлар” деяпти.

Баъзилар “Қандай қилиб мунофиқлар ёлғончи бўлишди? Ахир уларнинг гувоҳлиги Аллоҳнинг илмига мувофиқ келди-ку?” деб сўраши мумкин.

Биз уларга шундай жавоб берамиз: “Албатта, Аллоҳ таоло Расули алайҳиссаломга мунофиқларнинг тиллари айтаётган нарса қалбларига мувофиқ келмаслигини билдиришни ирода қилди. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Расулликларига гувоҳлик беришди. Лекин бу фақат тилларида, холос. Қалблари эса бу рисолатни инкор қилади, ёлғонга чиқаради. Аллоҳ таоло шу тарзда уларнинг дилларидаги нарсани ва одамлардан яширган нарсаларини эълон қилди. Улар эса Аллоҳ эълон қилган нарсани инкор этишга журъат қилмадилар”.

Қуръони Карим Аллоҳ таоло инсон кўнглида сир тутадиган нарсаларни билишига кўплаб моддий далилларни келтиради. Бу борада Аллоҳ таоло шундай деган:

“Бас, албатта, у сирни ҳам, махфийни ҳам билгувчидир” (Тоҳа сураси, 7-оят).

Сир деб бир инсон иккинчи бир инсонга махфий тарзда айтадиган гапга айтилади. Сир одатда икки киши ўртасида бўлади. Сирдан ҳам махфийроқ нарса борми? Бор. Бу инсон бир гапни бировга айтмай, ичида сақлашидир. Аллоҳ таоло кофир ва мунофиқларнинг шармандасини чиқариб шундай деган:

“Ва ичларида, шу гапимиз учун Аллоҳ бизни азобламаса эди, дерлар” (Мужодала сураси, 8-оят).

Демак, улар бу гапни бировга айтишмаган. Ўзларининг ичларида гапиришган, тиллари билан нутқ қилишмаган, ташқарига чиқаришмаган. Лекин Аллоҳ таоло уларни фош этиб, дилларида яширган нарса ҳақида хабар берди. Улар эса буни инкор қила олмадилар. Агар Аллоҳ таолонинг берган хабари нотўғри бўлганида, улар дарҳол “Биз ичимизда ҳеч нарса демадик” деган бўлардилар. Аммо улар ундай демадилар. Аллоҳ таолонинг илмига қойил қолдилар, лол бўлдилар, оятни инкор қилолмадилар.

Мана шу тарзда Қуръони Каримда Аллоҳ таоло диллар яширган, сир тутган ёки ошкор қилган барча нарсаларни билишига моддий далиллар кетма-кет келади. Албатта, Аллоҳ таоло инсоннинг барчадан яширишга уринган нарсаларини билади. Аллоҳнинг илми инсон нафсининг барча яширган, беркитган нарсаларини қамраб олади. Биров билмайди деган нарсаларини ҳам Аллоҳ яхши билади.

 

 

Шайх Муҳаммад Мутаваллий

Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг

“Ал-Адилла ал-мааддийя ала вужудиллаҳ”

номли асаридан

 Нозимжон ИМИНЖОНОВ

таржимаси

 

Read 4452 times

Мақолалар

Top