Мақолалар

Аллоҳ таоло Ўзидан нимани сўрашни тақиқлаган?

Ривоят қиладиларки, кунларнинг бирида Иблис Мусо алайҳиссаломнинг ҳузурига келиб, унга:

– Эй Мусо (алайҳиссалом)! Аллоҳ таоло сени пайғамбар ва каломуллоҳ қилиб танлади. Мени ҳам У яратди. Аммо мен гуноҳ қилдим ва осий бўлдим. Энди эса Раббимга тавба қилмоқчиман. Дуо қил, менинг тавбамни қабул этиб гуноҳимни кечирсин, – деди.

Мусо алайҳиссалом:

– Ё Раббим! Иблиснинг  тавбасини қабул эт! – деди.

Аллоҳ таоло:

– Одамнинг қабрига бориб сажда қилсин, тавбасини қабул қиламан, – деди.

Аммо Иблис сажда қилишдан бош тортиб:

– Одам тирик вақтида унга сажда қилмаган эдим, энди ўлигига сажда қиламанми? – деди. 

Ривоятларда айтиладики, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга:  

– Эй Мусо! Менинг марҳаматим сенга яқин бўлишини истайсанми? Агар истасанг сенга тилингдаги сўзингдан ва кўзинг оқидаги қорачиғингдан ҳам яқин бўламан, – деди.

Мусо алайҳиссалом:

–  Ё Раббим! Албатта истайман, – деб жавоб берди.

Аллоҳ таоло:

 – У ҳолда Муҳаммад мустафога кўп салавот айтишни одат қил, – деди.

Яна Мусо алайҳиссалом:

– Ё Раббий! Сен менга яқин вақтингда жимгина ибодат қилавераман. Агар мендан узоқлашсанг баланд овозда Сени чорлашга мажбур бўламан, – деди.

Унга жавобан Аллоҳ таоло:

– Ким Менга яқинлашишни истаса, Мен унинг яқинидаман. Ким Мени севса, Мен ҳам уни севаман. Агар бандам Мени изласа, Мен уни албатта топаман, – деди.

“Рисолайи Қушайрий”да келтирилишича, Мусо алайҳиссалом:

–  Ё Раббим! Сен одамни ўз қудратинг билан яратдинг ва унга турли мўъжизалар ато қилдинг. Унинг мамнунлиги нимада ифодасини топди? – деб сўради.

Аллоҳ таоло:

– У Мендан нимани ўрганган бўлса, ўшандан, – деб жавоб берди.

Мусо алайҳиссалом:

– Ё Раббим! Менга ҳам Сени рози қилиб ажру мукофотга етказадиган амалларни ўргат, – дея илтижо қилди.

Аллоҳ таоло:

– Эй Мусо! Менинг розилигим бу – айни вақтда сенинг ҳам розилигингдир. Агар сен Менинг амрларимга рози бўлсанг, Мен ҳам сендан рози бўламан.

Аллоҳ таоло яна айтдики:

– Эй Мусо! Қачон дарвешларни учратсанг, уларни ўқитиб, илм ўргат. Бойларни ўқитаман деб бекорга вақтингни сарфлама, уларни ўқитиш билан камбағалларни ўқитмаслик – илмни чуқур қазиб кўмиш билан баробардир,– деди.

Парвардигор яна хитоб қилиб:

– Эй Мусо! Қиёмат кунидаги тарози палласида  эзгу ишларинг оғир келишини истайсанми? – деб сўради. 

Мусо алайҳиссалом:

– Албатта, истайман, – дея жавоб берди.

– У ҳолда беморларнинг ҳолидан хабар ол, уларга меҳрибонлик кўрсат. Дарвешларга бит ва кир-чирдан покланишга ёрдам бер, – деди.

Шундан сўнг Мусо алайҳиссалом беморларнинг ҳолидан хабар олишни, уларга меҳрибончиликлар кўрсатишни ҳамда юртма-юрт кезиб юрувчи дарвешларнинг кийимларини тозалашга ёрдам беришни одат қилди. 

Малик ибн Динор айтади: “Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга: “Эй Мусо! Оёғингга темирдан пойафзал яса, қўлингга асонгни ол-да, пойафзалинг адо бўлгунга қадар ер юзида сайр қил, Мен қўйган белги-ишоратларни кузат, Менинг билимларимни ўрганиб илмингни зиёда қил”, деди”.

Масойиб ўз асаридаги шарҳларида қуйидагиларни ҳикоя қилади.

Мусо алайҳиссалом кунларнинг бирида Аллоҳ таолодан:

­­­­­­­­­­­­­­­– Ё Раббим! Арш ва Курсининг орасидаги масофа қанча? ­–  деб сўради.

Аллоҳ таоло:

– Шарқу Ғарб орасидаги масофадан ўн минг баробар катта, – деб жавоб берди. Мусо алайҳиссалом:

– Ё Раббим! Сен менга Тавротни инъом этдинг, мен билан суҳбатлашдинг. Аммо мен тўртта нарсадан қўрқаман ва битта нарсадан умид қиламан, – деди.

Аллоҳ таоло:

– Нима экан улар? – деб сўради.

– Ё Раббим! Мен қашшоқликдан, ўлим олди талвасасидан, Қиймат даҳшатидан ва қабр азобидан қўрқаман. Аммо Сен менга ато қилган пок муҳаббатдан умид қиламан, – деди.

Шундан кейин Аллоҳ таоло бундай деди:

– Эй Мусо! Агар қашшоқликдан қўрқсанг, тонгда ибодат қил ва зухо намозини ўқи! Қашшоқликдан қутуласан. Ўлим олдидан бўладиган талвасадан қўрқсанг, шом намозидан кейин нафл намози ўқи. Ўзингни қабр азобидан халос қилишни истасанг, таҳажжуд намозига эътиборли бўл. Агар ражаб ойида рўза тутсанг, Қиёмат даҳшати ваҳимасидан эмин бўласан.

Эй Мусо! Агар сен учта нарсадан воз кеча олсанг, уларнинг ўрнига бошқа учта нарса бераман:

  1. Агар тилингни ёлғон ва ғийбатдан сақласанг, жаннатни бераман.
  2. Агар нодон улфатлардан йироқлашсанг, сени хайрли йўлдошларга яқин қилиб қўяман.
  3. Агар халқумингни тақиқланган ва шубҳали нарсалардан пок тутсанг, донишмандликни ато қиламан.

Эй Мусо! Мендан тўртта нарсани сўрама, Мен уларни ҳеч кимга бермаганман, сенга ҳам бермайман:

  1. Ўзингга ҳеч қачон керак бўлмайдиган бойликни Мендан сўрама, Кўриб турибсанки, бутун яралмишнинг Менга эҳтиёжи бор.
  2. Мендан ғайб илмини сўрама. Бу илмни Мендан бошқа ҳеч ким била олмайди. Фақат Менинг Ўзим хабар қилганларимни билишинг кифоя.
  3. Мендан ўзинг ҳақида одамлар тарқатган турли миш-мишларни тўхтатишни сўрама. Мен уларни яратувчи ва ризқлантирувчиман. Мен уларни тирилтираман ва ўлдираман. Мен уларни жаннатга ёки дўзахга тушираман. Шунга қарамасдан, улар Мен ҳақимда ҳақиқатни гапирмайдилар. Шу қилиқларига сабр қиламан, уларнинг тилини кесиб олганим йўқ. Сен учун ҳам бу ишни қилмайман.
  4. Мендан бу дунёда абадий қолишни сўрама. Боқий қолувчи фақат Менман. Барча яралганлар ўткинчидир.

“Анварул ошиқийн”дан олинди

Таржимон Робия ЖЎРАҚУЛОВА



Read 13740 times

Мақолалар

Top