Мақолалар

Аҳиллик – тинчлик гарови

Ҳар қандай жамиятда комил инсонни тарбиялаш учун асосан унинг руҳий- маънавий оламини бойитиш, онгига эзгу фазилатлар ва юксак ахлоқ руҳини сингдириш алоҳида аҳамиятга эга. Бу борада мусаффо ва бағрикенг, олийжаноб ва инсонпарвар дин бўлган Ислом дини инсонларни ҳалолликка, эзгуликка, инсоф-адолатга, яхшилик қилишга чорлаши билан катта хизмат қилиши муқаррар.

Ислом дини аввал бошданоқ инсониятга асл мурувватни, ҳатто ғайримусулмонларга эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган. Аллоҳ таоло моида сураси 8-оятида шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ учун (тўғриликда) собит турувчи, одиллик билан гувоҳлик берувчи бўлингиз: бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин! Адолатли бўлингиз! Зеро, у (адолат) тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ ишларингиздан хабардордир”.

Пайғамбаримиз соллалллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи аҳлига наф берувчироғидир”, дейилган.

Кўнглида адоват бўлмаган ҳамда жамиятга зарари тегмайдиган кишилар билан яхши муомалада бўлиб, улар билан дунёвий ишларда ҳамкорлик қилиш керак. Шунинг билан бирга тинчлик ишига раҳна соладиган, нафақат Ислом, балки бошқа динлар равнақига хам зиён етказиш ғаразида бўлган кишиларга нисбатан муроса қилмаслик динимиз талабидир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин ва эътиқод вакилларига бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурмат қилиш, ҳақларига риоя этишнинг олий намунасини кўрсатибгина қолмай, умматни ҳамиша ана шу йўлдан боришга даъват қилишдан чарчамадилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким бошқа дин вакилига азият берса, менга азият бергандай бўлади, ким менга заҳмат берса, қиёмат куни унга хусуматчи бўламан”, дейилган.

Мамлакатимизнинг турли соҳаларда тараққий этаётгани, фуқароларимизнинг юрт осойишталиги ва фаровонлиги йўлида елкадош бўлиб меҳнат қилаётганлари, илм-фан, саноат, қурилиш, маданият, санъат ва спорт борасида эришаётган ютуқларимизнинг замирида халқимизнинг аҳил ва бағрикенг бўлиб яшаётгани ётибди. Шунингдек дастурхонларимизнинг тўкин сочинлиги, ҳосилдорликни мўл-кўллиги, бир сўз билан айтганда, осмонимизнинг мусаффолиги ҳам айнан тинчлик деб аталмиш буюк неъмат ва кўп миллатли халқимиз тотувлигининг нишонасидир.

Юртимизда азал-азалдан турли эътиқодга мансуб миллат ва элатлар истиқомат килиб келган, 130 дан зиёд миллат фарзандларининг ҳур ва озод диёрда туғилиб, тинчлик ва осойишталик кайфиятида яшашлари ватанимизнинг бағрикенглик ўлкаси эканлигининг ёрқин намунасидир. Уларнинг ўзаро баҳамжиҳат иноқликда бир-бирларининг эътиқодларини ҳурмат ва эҳтиром руҳида яшаб келишларининг ўзи яратганнинг халқимизга берган улкан неъматидир.

Аллоҳ таоло ер юзида турли миллат ва элатларни, турли хил тилларда сўзлашувчи халқларни яратишининг ҳикматларидан бирини бундай баён этади: «Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир».

Аллоҳ таоло мазкур оятда: «Эй, инсонлар!» дея бутун инсониятга мурожаат қилиб, «Сизларнинг ота-онангиз бир» – барчангиз Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалгансиз. Шундай бўлса-да, сизни турли миллат, элат, халқ ва қабилаларга ажратиб қўйдик. Мақсад бир-бирларингиз билан ўзаро танишишларингиз учун. Бундан келиб чиқадики, инсонларнинг турли миллат, элат, халқ ва қабилаларга бўлинишлари Аллоҳнинг иродаси билан бўлган. Оят давомида инсонлар бир-бирлари билан аҳил яшашлари учун, улар ораларидаги афзаллик тақво билан бўлишини айтилди. Агар биз ушбу илоҳий мезонга эътибор бермасдан, ўзимизча инсоний мезон тузиб, кишиларга баҳо берсак, уларнинг молу дунёсига, кийган кийимига, мартабасига, миллатига, ирқига, насл-насабига қараб муомала қилишимизга тўғри келиб қолади. Натижада ирқий камситишлар, миллатлараро келишмовчиликлар, ўзаро низолар, зўравонликлар табиий равишда келиб чиқади. Агар барча инсонлар ўзларини асли тупроқ, асли бир ота-онадан эканликларини билсалар, ўз-ўзидан бағрикенглик пайдо бўлади. Бунинг орқасидан ҳар томонлама манфаатлар юзага чиқади. Исломда барча халқлар билан уларнинг дину диёнати, ирқи, насаби, миллатидан қатъи назар, ўзаро ҳамкорликда яшашга тарғиб қилинади.

Ислом диничалик илму-маърифатни улуғлаган дин ёки тузум йўқдир. Чунки Ислом инсонларни бешикдан то қабргача илм излашликка, ўз билмаган нарсаларига эргашмасликка буюрган. Буни Ислом кириб борган жойлардаги илму маърифат ва тараққиётнинг ривожланишидан билсак ҳам бўлади. Мусулмонлар ўзлари кириб борган илмий китобларни бошқаларга ўхшаб йўқ қилиб куйдириб юбормаганлар, балки уларни тўплаб, катта-катта илмий марказлар қуриб уларни ўрганиб ҳаётга тадбиқ ҳам қилганлар. Мусулмонлар табобат, кимё, математика ва бошқа табиий фанлар ривожига улкан ҳисса қўшганлар.

Сир эмас, қора ниятли кучлар ёки бошқача қилиб айтадиган бўлсак, фитначи гуруҳлар юртимизда эътиқод эркинлиги борасида олиб борилаётган ишларни, эришилаётган ютуқларни атайлаб бузиб кўрсатишга уринмоқдалар. Интернет ва бошқа воситалар орқали турли миш-мишлар тарқатиб тинчлигимизни бузишга ҳаракат қилмоқдалар.

Тинчликка, кишиларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига раҳна соладиган барча хатти-ҳаракатлар, бошбошдоқлик ҳамда террорнинг жамики кўринишлари бузғунчилик ва фасод ишлар саналади. Умумлашган тушунчада «террор» дегани у ёки бу кўринишда сиёсий мақсадларга эришиш учун объектларга, тинч аҳолига қарши куч ишлатишдир. Бошқача айтганда, ҳеч бир гуноҳсиз кишилар террорнинг нишони бўлишади. Террорчилар наздида ана шу одамларнинг бирдан-бир айби уларнинг «бошқа томонда» бўлганларидир. Демак, террор бегуноҳ одамларга қарши зўравонликни англатади, уни маънавий жиҳатдан ҳеч қачон оқлаб бўлмайди. Қуръони каримда мусулмонларга шундай хабар берилган: «Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди», (Бақара, 205). Ҳеч қандай гуноҳи, айби бўлмаган одамни ўлдириш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланиб, Аллоҳ таоло мўминларни шундай огоҳлантиради: «Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса), демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди» (Моида, 32).

«Бошқа бировни ўлдирмаган ва бузғунчилик қилмаган» одамни ўлдирган киши бутун инсониятни ўлдиришга тенг улкан гуноҳни қилган бўлади. Қуръони карим таълим берадики, ҳар қандай шаклдаги зулм ва зўравонлик Ислом ақидасига тубдан қарама-қаршидир ва биронта мусулмон ана шундай жиноятни содир этиши мумкин эмас. Шунинг учун ҳам биз доимо тинчлик ва меҳр-оқибатни ўзида мужассам этган муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этишни долзариб вазифа сифатида қараб, ислом динини ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишга уринаётган кучларга қарши доимо сергак ва ҳушёр туришимиз зарур.

 

Хайрулла Абдуллаев
ЎМИ Хоразм вилояти вакили

 

Read 3406 times

Мақолалар

Top