Аллоҳ таоло рўзанинг ҳикматларини баён қилар экан, тақво сифатига алоҳида аҳамият берган. Чунки киши рўзадор бўлса-ю, аммо унинг ҳаққини адо этмаса, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтиб ўтганларидек барча аъзоларини гуноҳдан тиймаса, ундай киши очлик ва чанқоқликдан ўзга нарсага эга бўлмайди.
Зеро, Исломда ҳар бир амалдан буюк бир мақсад кўзланади ва шу мақсад амалга ошар экан, унга ажр-савоблар битилиб, бу дунё ҳаёти ҳам том маънода фаровон бўлиб бораверади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида кишиларни яхшилик қилишга ундаб, ҳаттоки киши ўз оила аъзоларига қилган яхшилигига ҳам савоб берилиши ҳақида таъкидлаб ўтадилар. Ваҳоланки бу нарса оила бошлиғининг зиммасидаги бурчи эди. Ёки бўлмаса очиқ чеҳра ила хушмуомалада бўлиш гўзал ахлоқ эканини ва бу сифат эгасини қиёмат кунида савоблари оғир бўлишига хизмат қилиши ҳақидаги ҳадисларини олайлик.
Буларнинг бирида яхшиликка тарғиб бўлса, иккинчисида яхшиликка тарғиб ҳамда ёмонликдан гўзал ва нозик тарзда қайтариш бўлмоқда. Яъни яхшилик қилишга қодир бўлмаган кимса, кишиларнинг кайфиятига салбий таъсир этадиган тундлик ва бадқовоқликдан ўзини сақлаб очиқ чеҳралик бўлишга чақирилмоқда. Бас шундай экан, рўза ҳам бизнинг жисмимизга шифо бўлиши билан бирга, ўзига хос қийинчилик ва машаққат синовларини ҳам олиб келади. Чунки ҳаёт қонуни ўзи шундай тузилган. Бемор бир дарддан фориғ бўлишни истаса, албатта табибнинг аччиқ дориларига сабр қилади. Пировардида эса жисми соғлом бўлиб мақсадига етишади.
Рўзани ҳам шунга қиёслайдиган бўлсак, очлик ва ташналик жисмимиздаги ортиқча туз ва ёғларни камайтириб, тун-кун, йиллаб дам олиш нималигини билмай ишлаб турадиган ошқозонимизга бир муддат дам беради. Натижа эса барчамизга маълум, яъни уни қўлга киритиш мақсадида узоқ сафарларга отланганимиз ва кўплаб маблағларимизни сарфлаганимиз “соғлик-саломатлик” деб аталган неъматга эга бўламиз.
Муборак рамазон рўзасини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек муносиб тутишимиз ва бундаги вақтинчалик машаққатга бесабрлик қилмаслик учун қалбларимизга ҳузур олиб келган баъзи бир ҳадисларни сиз азизлар эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.
Мақсадимиз, рўза очлиги-ю чанқоқлиги асаб толаларимизни таранг қилганда қуйидаги ҳадислар бутун вужудимизга малҳам бўлса-ю рамазоннинг улуғ ажрларидан бебаҳра қолмасак.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳадиси қудсийда шундай деб марҳамат қилдилар:
“Одам боласининг рўзадан бошқа барча амали ўзигадир. Рўза Менгадир, унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман”
Келаётган рамазон ойини барчамиз учун савобли ва мазмунли қилсин. Шу ойнинг шарофатидан қолган ойларимизни ҳам барокатли, хайрли қилиб, юртимиз ва бутун дунёда тинчлик, хотиржамлик ва яхшиликларни бардавом айласин!
Мақсудбек Мадиримов,
Ҳазорасп туманидаги “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин” жоме масжиди имом-хатиби