Мақолалар

Инсонга шикаст етказиш оғир гуноҳ

Ким биродарининг обрўсига ёки бирор нарсасига зулм қилган бўлса динор ва дирҳам фойда бермайдиган кун (қиёмат) келишидан олдин ҳаққини ҳалоллаб олсин. У кунда агар яхши амали бўлса етказган зулми миқдорича савоби олинади ва агар савоби бўлмаса биродарининг гуноҳидан олиб унинг бўйнига юкланади” (Имом Бухорий ривояти).

Инсон ҳали ҳаётлик вақтида зиммасидаги адо этиши лозим бўлган ҳақларни ҳалоллашга имкони бор. Охиратда эса солиҳ амалларидан бошқа ҳеч нарсаси бўлмайди. Қиёмат куни мазлумнинг ҳаққи золимдан ундириб берилади. У кунда банданинг асосий дастмояси бўлмиш ҳасанотлари (савоблари)дан олинади, агар у савобларни жамғаришга улгурган бўлса, албатта,..

Акс ҳолда мазлумнинг гуноҳлари золимнинг зиммасига юклаб қўйилади.
Мазкур ҳадиси шарифнинг зоҳиридан маълумки, инсон бирор биродарига нисбатан ноҳақлик қилган бўлса, бу дунёнинг ўзида уни ҳалоллаши лозим. Ҳаттоки ўзи билиб-билмаган ҳолда биродарини шаъни, обрўсига тажовуз қилган бўлса ҳам…
Зулм қилиш инсоннинг ё жонига ёки молига ёхуд шаънига бўлиши мумкин. Ислом дини зулм қилишнинг барча турини ҳаром қилди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мусулмон кишига ҳар бир мусулмон кишининг қони, моли ва обрўсини тўкиш ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти).

Агар бир инсоннинг жонига зулм қилинган, масалан, уриш, жароҳатлаш, бирор аъзосига шикаст етказиш ёки ўлдириш каби жиноят содир этган бўлса, ҳақ эгаси қасос олиши, агар қасос олиш имкони бўлмаса, золим зиммасидаги ҳақни тўлалигича тўлаб бериши лозим.

Агар инсоннинг молига тажовуз қилинган бўлса, молни эгасига қайтариб бериш вожиб бўлади. Агар молнинг эгасини топиш имкони бўлмаса, у молни савоб умид қилмасдан бирор муҳтожга бериб юборилади. Агар мол эгаси вафот этган бўлса, уни меросхўрларига бериш лозим. Чунки киши вафот этгандан сўнг унинг моли меросхўрларига ўтади.

Агар бир инсоннинг шаънига тажовуз қилинган, масалан, бир инсонни ҳақорат ёки ғийбат қилган бўлса, унинг олдига бориб ундан кечирим (узр) сўраши лозим. Агар унинг узрини қабул қилиб, кечирса, уларнинг хар иккиси учун Аллоҳнинг неъмати бордир.
“Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта У золимларни севмас” (Шўро сураси, 40-оят).

Агар кечирмаса, молидан бирор нарса бериб бўлса ҳам, рози қилиши лозим.
Аллоҳ таоло дилларимизни меҳр-шафқат, кечиримлилик туйғулари билан тўлдирсин!

И.СОБИРОВ,
Хонқа тумани “Хўжа Нураддин бобо” масжиди имом ноиби

 

Read 3798 times

Мақолалар

Top