Мақолалар

Бир-бирига мувофиқ гўзаллик

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Сизларни ундан яратдик, унга қайтарамиз ва яна бир бор ундан чиқариб оламиз”. (Тоҳа,55) Яъни, Биз сизларни ер (тупроқ)дан яратдик, ўлганингиздан сўнг яна унга қайтарамиз. Қиёмат куни эса сизларни қайта тирилтириб, ердан чиқариб оламиз.

Бошқа бир оятда эса Раббимиз шундай дейди: “Сен Раббингнинг фаришталарга: “Албатта, мен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан башар яратгувчидирман”, деганини эсла. (Ҳижр,29)

Демак, инсон жисмининг асли тупроқдир. Аллоҳ таоло отамиз Одам алайҳиссаломни тупроқ ва сувдан қорилган, балчиқсимон лойдан яратди.

Оятнинг давомида эса Аллоҳ таоло шундай деб айтади: “Бас, қачонки уни тўғрилаб бўлганимда ва ичига Ўз руҳимдан пуфлаганимда, унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинг”, деганини эсла. ( Ҳижр,29 ва Сод,72)

Юқоридаги оятлардан маълум бўладики, инсон иккита нарсадан ташкил топган: жисм ва рух. Улардан бири бўлмаган пайтда инсон “Тирик одам” дейилишга кифоя қилмайди. Чунки, инсон вафот этгандан кейин гарчи танаси ўз ўрнида турган бўлсада, унда рух бўлмаганлиги сабабли жасадни тупроққа дафн қилинади.

Инсон тирик экан, бу икки жуфтлик яъни рух ва жисм ҳам парваришга, озуқага мухтождир. Жасад моддий озуқа билан озиқланса, рух маънавий озуқа билан озиқланади. Худди шунингдек, моддий озуқадан тўсилган жасад заиф, нимжон ва хаста бўлиб қолгани каби, маънавий озуқа ила озиқланишдан махрум бўлган, унда рух қарор топган қалб  ҳам заифлашади ва касал бўлади. 

Луқмони ҳакимдан ривоят қилинади: У зот ўғилларига: “Эй ўғлим! Албатта, инсонлар уч қисмга тақсим бўлади: учдан бири Аллоҳ учун; яна учдан бири ўзи учун; яна учдан бири қуртлар учундир. Аллоҳ учун бўлгани – бу унинг руҳидир. Ўзи учун бўлгани – бу унинг амалидир. Қуртлар учун бўлгани – бу унинг жисмидир”, дедилар. (Мунаббиҳот)

Минг афсуслар бўлсинки, бугун жудаям кўп инсонлар бу “учлик”ни унутган гўё. Бугун биз фақатгина  қуртлар учун бўлган жисмимиз тарбиячиси бўлиб қолдик. Инсонлар назари тушадиган жисмимизни энг яхши таомлар билан,  салқин ичимликлар ва гўзал либослар ила парвариш қилмоқдамиз. Унга бир шикаст ёки оғриқ етса дарҳол энг яхши мутахасисларга чопиб, энг қиммат дори дармонлар ила даволамоқдамиз. Нафақат ўзимиз, балки ҳали туғилмаган гўдакларимизни ҳам, эндигина йўлга юра бошлаган гўдакларимизни ҳам жисмонан соғлом бўлишлиги учун бор имкониятимизни ишга солмоқдамиз. Сўнгги русумдаги бўёқлар ва техникалар ёрдамида жисмимиз гўзаллигига яна гўзаллик қўшишга ҳаракат қилмоқдамиз.

Бироқ, Раббимиз учун бўлган қисмимиз, яъни рухимиз, Аллоҳнинг назаргоҳи бўлган қалбимиз қаровсиз, хувиллаган, хароба уй каби бўлиб қолгани билан ишимиз йўқ. Илм ва ҳикмат ила, Аллоҳнинг Каломи ила тарбияланадиган рухимиз, Аллоҳнинг зикри ила ором оладиган  қалбимиз яхши бир озуқага, таскинга мухтожлигини унутганмиз. Гуноҳлар ила қорайган қалбимиз, рухимиз касалликдан азият чекканча, очлик ва чанқоқликдан қорайиб ётгани билан ишимиз йўқ. Улар ҳам яхши бир табибга, жароҳатга малҳам бўлувчи дармондори ва витаминларга муҳтожлиги эсимиздан чиққан.

Бугун биз қилаётган барча харакатлар фақатгина жисм учун хизматчи бўлиб қолди. Ҳаттоки, жисмимизнинг мухофазаси учун қонунлар жорий этилди. Бировни бир жойини уриб кўкартирсанг жазо бор. Жароҳат етказсанг жазо бор. Ўлдирсанг энг олий жазо муқаррар.

Бироқ, бир инсонни гуноҳ ва маъсиятга бошлаш ила қалбини қорайтирсанг, захарли тилларинг ила қалбини жарохатлаб тилка пора қилсанг, қалбини минг марта ўлдириб  ташласанг ҳам хеч кимнинг иши йўқ. Гўё, сенинг бу қилмишингни хеч ким кўрмагандек. Бироқ, эсингиздан чиқмасин. Модомики, рух Аллоҳ учун экан, қалб Аллоҳнинг назаргоҳи экан, буларга қилинган ҳар бир тахдид эгасининг хусуматчиси ҳам Аллоҳ таолодир.

Хулоса: Жисмингиз дунё лаззатлари ила роҳатланаётган пайтда, қалбингизни ҳам ибодат лаззати ила роҳатлантириб туринг. Жисмингизни гўзаллиги учун табибга ва салончига сарфлаётган вақтингиздан озгинасини қалбингизни гўзаллаштириш учун ҳам ажратиб туринг. Қурт қумурсқалар насибаси бўлган жисмингиз билан фахрланаётган пайтингизда, Аллоҳ учун бўлган рухингиз ва қалбингиз ила ҳам уялиб қолмасликка харакат қилинг. Ўзингиз учун бўлган амалингизни ҳам чиройли қилингки, бор гўзаллигингиз ўзгаларда қолиб, ўзингиз энг жирканч, энг хунук ҳамроҳ ила ёлғиз қолманг. Дунё ва охиратингиз учун бирдек ҳаракат қилинг. Чунки, Росулуллоҳ с.а.в. айтганларидек: “Сизларнинг яхшиларингиз динини деб дунёсини, дунёси деб динини унутмаганидир”.  Лекин булардан бирортасини биринчи ўринга қўйиш керак бўлса, қалб гўзаллигига эътибор беринг. Чунки, Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади: “ Албатта, Мен сизларнинг на суратларингизга, на чиройларингизга қарайман. Балки қалбларингизга назар соламан ва сизлардаги яхши хислатлардан рози бўламан ”.

Қолаверса, охират кунида инсонга жисмининг хушбичимлигию, сийратининг гўзаллиги фойда бермайди. “У кунда на мол манфаат берар ва на болалар. Магар ким Аллоҳ хузурига тоза қалб ила келар,( ўша манфаат топар)” (Шуаро,88-89-оятлар).

Аллоҳ таоло барчаларимизни соғлом ва покиза қалб эгаларидан қилсин. Зоҳиримизни гўзал қилгани каби, ботинимизни ҳам чиройли қилсин. Ўзининг хузурига саломат қалб ила боришликни насиб айласин.

 

Ёрбек Исломов,  

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди ноиб имоми

 

Read 3744 times

Мақолалар

Top