Мақолалар

Никоҳ одоблари

Уламои киромларнинг бирортаси никоҳ суннат амал эканига ихтилоф этмайди, балки унга тарғиб этади. Никоҳнинг фазилати ва фойдалари кўп. Улардан бири фарзанд кўришдир. Зеро, никоҳдан мақсад насл қолдиришдир. Наслни давом эттиришда Аллоҳга муҳаббат ва бу йўлда ҳаракат этиш каби фойдалар мавжуд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, фарзандли бўлишда қиёмат кунида умматларни кўпайтириш ният қилинади. Бу билан у зотнинг муҳаббатлари топилади. Бундан ташқари, солиҳ фарзандлар дуоси билан савоб олиш ва кичик ёшдаги фарзанднинг вафот топиши билан шафоатга эришиш мумкин бўлади.

Никоҳнинг фойдалари қуйидагилардир:

- жисмоний қувватдан ҳосил бўлган шаҳват уруғини ҳалолликка ишлатиб, шайтон васвасасидан омон бўлади;

- инсоннинг руҳи хотини билан бирга бўлганда унс – улфат топади;

- уй юмушларидан қалби фориғ топади, хотин таом пишириш, супуриб-сидириш, ўрин-кўрпаларни солиб-йиғиш, идиш-товоқларни ювиб тозалаш ва бошқа шу каби яшаш учун зарур шароитларни ўз зиммасига олади. Инсон бир ўзи бунча кўп ишларни уддалай олмайди. Агар бу юмушларни ўз зиммасига оладиган бўлса, аксари вақтини зое этади. Илм олиш ва ишлаш учун фориғ бўла олмайди. Солиҳа аёл бу борада динга ёрдамчидир. Бу дунё икир-чикирларининг кўплиги ва хилма-хиллиги қалбни доимо банд этади;

- оиласи ва аҳли-аёлининг ҳуқуқларини ҳимоя этиш, уларга бош бўлиш ва риоя этиш билан ҳаётий кураш олиб бориш, хотинларнинг инжиқлигига сабр этиш, улардан бўладиган турли жафо ва азиятларга чидаш, хотинларни йўлга бошлаш, улар учун ризқ топиш йўлида ҳалол касб этиш ва фарзандлар тарбиясига машғул бўлиш.

Оиласига ғамхўрлик қилиш, уларга бош бўлиш ва уларнинг риоясида бўлиш амалларининг фазилати улуғдир.

Хотин ҳаққини адо этишда ноқислик ва камчиликлардан қўрққан киши уйланишдан эҳтиёт бўлади. Аҳли аёлларнинг заҳмат ва қийинчиликларига бардош бериш – Аллоҳ таоло йўлида жиҳод этиш баробарида бўлади.

Имом Муслимнинг муфрад ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Аллоҳ йўлида бир динор эҳсон этдинг, қўл остингдагиларга бир динор сарф этдинг, мискинга бир динор садақа қилдинг, аҳли аёлингга бир динор харж қилдинг. Шуларнинг ичида энг афзали ўз аҳли аёлингга қилинган нафақадир».

Уйланишда бир неча офатлар ҳам бор:

  1. Бу офатлар ичида энг кучлиси ҳалол ризқ топишдан ожиз бўлишдир. Чунки бу қийин иш. Эркакларнинг қўли кўпинча ўзиники бўлмаган нарсаларга чўзилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда хабар бериб айтади: «Никоҳ (учун лозим маблағ) топа олмайдиган кишилар то Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитгунча ўзларини (ҳаромдан, зинокорликдан) пок тутсинлар!» (Нур сураси, 33-оят).
  2. Хотинлар ҳуқуқларини адо этишда ожиз бўлиш. Уларнинг ёмон хулқлари ва азиятларига сабр эта олмаслик. Бунда катта хавф бор. Зеро, эркак қўл остидагилардан масъулдир.
  3. Аҳли аёли ва болалари кишини Аллоҳ таоло зикридан машғул этиши. Кеча ва кундузларини улар билан машғул бўлиб ўтказиш, натижада қалб охират ва унинг йўлида амал этиш тўғрисида ўйламай қўйиши.

Ана шулар никоҳнинг фойда ва офатларидир. Энди бирор кишининг уйланиш ёки уйланмаслигининг фойда ва зарарлари ҳукмига келсак, бу иш юқоридагиларни ўз ичига олган мажмуа асосида бўлади. Ҳар бир мурид ўзини ана шу ҳолатларга солиб кўриб, ўзида никоҳнинг офатлари топилмай, фойдалари жам бўлган бўлса, ҳалол мол-дунёси, чиройли одоб-ахлоқи бўлса, бунинг устига ёш йигит бўлиб, майл-шаҳватни бостиришга муҳтож бўлса, якка бўлиб, уй-жой тадбирларини кўришга муҳтож бўлса, бундайларга уйланиш афзалдир. Агар бунинг акси бўлса, у киши никоҳни тарк этади.

Яхши муошарат учун аёлда эътиборга олинадиган томонлар:

  1. Аёлнинг диндор бўлиши. У асл сабаблардан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хусусда бундай деб марҳамат қилдилар: «Дини бор аёлга уйланинг». Бу Имом Бухорий ва Муслим ривоят этган ҳадиснинг бир жузъидир. Агар аёл динда бўлмаса, эрининг динини фасод этади ва эр ҳурматини мукаммал адо эта олмайди. Агар аёл ғайрлик кўчасига кирса, эр-хотин ҳаёти бало ва офат остида қолиб, бахт-саодатдан маҳрум бўлади.
  2. Чиройли одоб-ахлоқда бўлиши. Зеро, бадхулқлиликнинг зарари унинг фойдасидан кўра кўпроқдир.
  3. Гўзал бўлиши. Гўзаллик матлубдир. Чунки бу билан эрнинг пок бўлиши вужудга келади. Шунинг учун ҳам никоҳдан олдин маҳбубага, яъни уйланмоқчи бўлган аёлга қарашга амр этилган. Аммо баъзи одамлар чиройга унча ҳам аҳамият бермаган. Бошқача қилиб айтганда, никоҳда гўзалликдан бахраманд бўлишни қасд этмаганлар. Чунончи, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ ғилай хотинни синглисидан афзал деб ихтиёр этган эканлар. Аммо бундай ҳолатлар жуда кам учрайди, чунки инсоннинг табиати бунга қарама-қаршидир.
  4. Маҳрнинг енгил бўлиши. Шайх Саид ибн Мусаййаб ўз қизларини икки дирҳам маҳрга турмушга берганлари маълум. Умар розияллоҳу анҳу айтдилар: «Аёллар маҳрида жуда баланд бўлмангизлар». Шу каби хотинлар томонидан ҳам маҳрни кўп талаб қилиш макруҳ кўрилган. Эркак томонидан хотиннинг мол-дунёсини суриштириш ҳам макруҳдир. Имом Саврий айтадилар: «Агар уйланаётган эркак: «Хотиннинг қанча мол-дунёси бор экан?» деб сўраса, билингки, у ўғри».
  5. Никоҳланаётган аёл қиз бўлиши шариат тавсия этади. Чунки қиз эрини севади, жувон аёлга қараганда эрига кўпроқ эл бўлади ва кўнгил қўяди. Улар ўртасида муҳаббат пайдо бўлади, негаки инсон табиати биринчи бўлиб синашта бўлган билан тезроқ улфатлашади, эр ҳам унга нисбатан меҳрини зиёда қилади. Чунки инсон табиати ўзидан бошқа одам уни ушлаган ёки у билан бирга ҳаёт кечирганини билса, кўникиши қийин бўлади (яъни, уйланадиган аёли фақат уники бўлаётганини билса, хотиржам бўлади).
  6. Туғишга қодир бўлиши. Қиз боланинг туғиш ёки туғмаслигини билиш қийин, аммо унинг яқин қариндошлари фарзандли бўлса, у ҳам туғиши мумкин.
  7. Насабли бўлиш, яъни динли ва солиҳ оиладан бўлиши.
  8. Қариндош бўлмаслиги. Шу каби эр ҳам хотин ҳақида шуларга қарайди. Хотиннинг валийси эркакнинг дини, ахлоқи ва аҳволларига қарайди, чунки қизи никоҳ билан гўё унга чўри бўлади, яъни эрнинг ихтиёрига ўтади. Қачонки, эр фосиқ ёки бидъатчи бўлса, қизига ва ўзига зулм этган бўлади.

Бир киши Имом Ҳасан Басрийдан сўради: «Қизимни кимга эрга берайин?» Имом жавоб бердилар: «Аллоҳдан қўрққанга бер. Агар у қизингни севса, ҳурмат қилади, агар ёмон кўриб қолса, унга зулм этмайди».

 

Тошкент вилояти Пискент тумани «Мулла Бўта Қози»
жоме масжиди имом
-хатиби Вохидов Мирсобит
манбалар асосида тайёрлади.

Read 5372 times

Мақолалар

Top