Мақолалар

Тамагирдан яхшилик кутманг!

«Тамаъ» деб бировдан бир нарса умидвор бўлишга айтилади.

Тўрт мучаси саломат, куч-қуввати бор кишиларга тамаъ қилмоқ ҳаром. Ожиз ва нотавон, саломатлигида камчилиги бор инсонларга мубоҳ.

Тамаъ балосига гирифтор бўлган кишилардан номус ва ҳаё сифатлари кўтарилади.

Ҳозирги кунда тамаъ билан қорин тўйғазадиган кишилар кўпайгани ачинарли ҳол.

Агар уларга «Биродар, соппа-соғ одам бўлсанг, сенга тамаъ ҳаром эмасми?» десангиз, «Ота-бобомнинг касби шу», дейди уялиш ўрнига.  

Алалохир, тамаъ нонини еб улғайган, касбу ҳунар ўрнига дангасалик ва ялқовликка ўрганган кимсаларнинг ўзларидан ҳам, фарзандларидан ҳам яхшилик кутиб бўлмайди.

Тамаъ хорликка сабаб. Тамагир бой – хор ва тубан. Ким тамагирлик йўли билан бирор нарсани ундириши мумкин бўлса-ю, лекин олмаса, бу – унда тамаъ иллати йўқлигига далолат қилади ва унинг шу иши ҳар қандай саховатдан қолишмайди.

Тамагирнинг кўзи дунё молига тўймайди. Ҳакимлар айтадики, тамагирга бир водий тилло кошона берилса ҳам яна бир водий бўлсайди деб ношукрлик қилади.

Бу ҳақида Сўфи Оллоёр бувамизнинг қуйидаги байтда ҳам баён қилинади.

Тамалик сийладин беҳдур сийланган,

Тилангандин эрур ортиқ - тилинган.

Маъноси:  (Тамаъ билан бир сурув қўй олгандан кўра, елкага мушт урганлари афзалдир. Тиланчи бўлиб юргандан эски кийимларда тилиниб юрган яхши)

Эмаклаб кетса, тушса эт била пўст,

Тама қилма кишидин тўша, эй дўст!

Маъноси:  (Эмаклаб, тери-ю этинг тушуб не машаққатлар ичида юрган бўлсанг-да, одамлардан гарчи биргина луқма бўлса ҳам тамаъ кутма, эй дўст!)

Бугун моддий манфаат учун, мансаб учун, йўқчиликдан қўрқиб, одамларнинг хурмат ва эътиборидан қолишдан кўра ўзларига тамани жоиз кўрганлардан таъби хира бўлади кишининг.

Аллоҳ таоло бундай инсонларнинг кўзини тамаъ ҳирси билан тўлдириб қўйган. Улар нафсининг йўлида ҳар қандай қаттолликка ҳам қўл уриш мумкин.

Раббимиз барчамизни ўз нафсига қул бўлиб, тамадан, дунё молига тўймас очкўз кишиларнинг ёмонлигидан сақласин.

 

Муҳаммад Содиқ КАРИМОВ,

«Обиджон Ботиров» жоме масжиди имом-хатиби

Read 4141 times

Мақолалар

Top