Мақолалар

Инсон умри қадрли...

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: (Мутлоқ) ҳукмронлик “қўли”да бўлган зот – Аллоҳ барокатли (буюк)дир ва У ҳар нарсага қодирдир. (У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У Азиз (қудратли) ва Ғофур (кечиримли)дир” (Мулк сураси, 1–2 -оятлар).

Демак, Парвардигоримиз инсонга ҳаёт ҳақини бериш билан бирга, унга ҳаётдаги масъулиятни ҳам юклаган. Бу масъулият иложи борича кўпроқ яхшилик қилиш билан белгиланади.

Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир гуноҳ. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир” (Моида сураси, 32-оят).

Имом Насафий айтади: “Баъзи жоҳиллар каби одам ўзини ўзи ўлдирмаслиги керак”. Ўз жонига қасд қилиш ва бошқа одамларнинг ҳаётига зомин бўлиш ислом асосларига кўра оғир гуноҳ бўлиб, унга ҳаттоки жаноза ҳам буюрилмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ким ўзини-ўзи бўғиб ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобга қолади ва ким ўзини олов билан ўлдирса, дўзах оловида ҳам худди шундай азобга қолади” (Имом Бухорий ривояти).

Ислом динида бировни ўлдириш қанчалик оғир жиноят деб тан олиниши билан бирга ўзини ўзи ўлдириш ҳам шунчалик гуноҳ деб огоҳлантирилади. Ўзини ўлдириш ва зулмдан қайтариб Аллоҳ таоло шундай хитоб қилади: “Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирларингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм шафқатлидир. Кимда-ким (қотиллик)ни адоват ва зулм юзасидан қилса, албатта, биз уни дўзахда куйдирамиз. Бу (эса) Аллоҳга осондир” (Нисо сураси, 29–30-оятлар).

Ислом таълимотида нафақат ўзини ўзи ўлдириш, балки ўзига ўзи ўлим тилаш ҳам тақиқланган. Ўзига ўлим тилаган саҳобийлардан бири Аббос ибн Абдулмуталлиб розияллоҳу анҳуга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй Амаки, ўзингга ўлим тилама, агар сен яхши бўлсанг, ўлиминг орқага сурилиб яхшилигинг зиёда бўлгани сен учун яхшидир. Агар ёмон бўлсанг, ўлиминг орқага сурилиб ёмонлигингдан қайтишинг, сен учун яхшироқдир. Бас, ўлимни тилама, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Демак, инсон умри қадрли, унга ҳеч кимнинг тажовуз қилишга ҳаққи йўқ.  Шундай экан, ҳаётимиз давомида дуч келадиган баъзи зиддиятлар, қийинчиликлар ва тушунмовчиликлар домига тушиб қолмасдан, Аллоҳдан мадад сўраган ҳолда динимиз буюрган амаллар билан муаммоларни ечишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Халқ манфаати, Ватанимизнинг янада ривожланиши йўлида қўлимиздан келганча хайрли ишларда бардавом бўлсак, дунё ва охиратда бизга ҳалол таълим ва тарбия берган ота-онамизнинг, қолаверса, ўзимизнинг юзимиз ёруғ ва қадримиз баланд бўлади, иншоаллоҳ.

 

Наргиза АБДУҒАНИ қизи,

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти катта ўқитувчиси

 

Read 6890 times

Мақолалар

Top