Мақолалар

Оила ҳаловати – улуғ неъмат

Бахтли оилалар туфайли бахтли жамоа вужудга келади. Чунки бахтли ота-оналар бахтли болаларни улғайтирадилар, бир-бирига меҳр қўйган ота-оналарнинг фарзандлари ҳам бир-бирларига меҳр қўядилар.

Оила ҳар бир халқнинг, миллатнинг давомийлигини сақлайдиган, миллий қадриятларнинг ривожини таъминлайдиган, янги авлодни дунёга келтириб, уни маънавий ва жисмоний баркамол қилиб тарбиялайдиган, жамиятнинг асосий негизи ҳисобланувчи муқаддас маскандир.

Оила – кишилар ҳаётининг энг муҳим қисми, фуқаролик жамиятининг таянч нуқтасидир. Бу муқаддас масканда инсон дунёга келади, айнан мана шу ерда у маънавий ва ахлоқий жиҳатдан камол топади.

Оилада меҳр-муҳаббатнинг юзага келиши ва ҳукм суриши учун қуйидаги шартларнинг бўлиши кўзда тутилади:

–    оила аъзоларининг бир-бирини қадрлаши;

–    оила аъзоларининг бир-бирларига ишониши ва ҳимоялаши;

–    яқинлик, ўзаро ёрдам ва ўй-фикрларини ўртоқлашиш;

–    масъулиятни ҳис қилишлари (ота-оналарнинг ўз бурч ва масъулиятларини ҳис этиши);

–    қийинчиликларга қарши биргаликда курашиб, уларни ҳал қилишлари;

–    ўзлигини ифода эта олиш ва бахтли яшаш учун муносиб муҳит ярата олиш;

–    соғлом моддий ва маънавий ҳаётга эга бўлишлари;

Юқорида санаб ўтилган эҳтиёжлар оила муҳитида қондирилмоғи лозим. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир ҳадисларида: “Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан воз кечса, у мендан эмас” (яъни умматим эмас), деганлар (Ибн Можа ривояти).

Ҳозирда биз ҳам шу каби панд-насиҳатларни қилишимиз, айниқса, ёш келин-куёвларимизга ҳалол-ҳаромни, эр-хотинлик вазифаларини хусусан никоҳни бузилишига сабаб бўладиган масалаларни мукаммал тушунтирмоғимиз лозимдир. Шунда ҳар бир оила мустаҳкам, тинч, осойишта ва бахтли ҳаёт кечиради. Баъзи бир арзимас камчиликлар ва тушунмовчиликлар туфайли ажралишлар олди олинади.

Оила ҳаловати жуда улуғ неъмат саналади. Шу маънода оила ҳаётининг бахт-саодати ва хотиржамлигида эр ва хотин, қайнона ва келин, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муомаларига эътибор бериш лозим бўлади. Оила муҳитидаги юксак маънавий муҳитни ташкил этишда оила-аъзоларининг, айниқса, эр ва хотиннинг ўзаро муроса-мадорага бориши, ғазаби келганда уни енгиши ва ширин сўзли бўлиши, шу билан бирга, оилавий сирларни кўчага олиб чиқмаслиги сингари бир қатор омиллар жуда катта аҳамият касб этади.

Кейинги пайтларда юртимизда оила мустаҳкамлиги, келин-куёвнинг бахтли, туғилажак зурриётларнинг соғлом бўлишини ўйлаб никоҳ олдидан келин-куёв тиббий кўрикдан ўтказиш ҳам жорий этилди.  Авайлаб-ардоқлаб вояга етказган қизини не-не умидлар ва катта ҳаражатлар билан турмушга узатган, қизлари туфайли куёвли бўлган набираларни орзулаган ота-она тўйдан кўп ўтмай куёвининг давосиз, бедаво дардга йўлиққанини билса, қай аҳволга тушишини бир ўйлаб кўринг. Ёки куёвингиз гиёванд чиқиб қолса, қизингиз бахтига зомин бўлиб қолганингиздан дунё кўзингизга тор бўлиб кетади. Олган келинингиз руҳий хасталикка чалинган бўлсаю, ота-онаси буни яшириб, узатиб юборишган бўлса-чи? Ана шундай кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш, оила ва фарзандлар иқболини ўйлаб, соғлом оила ва турмушни барпо этиш мақсадида жорий этилган бу тадбирнинг келин-куёвга ҳам, уларнинг яқинларига ҳам фақат фойдаси бор.

Оиланинг таърифи қуйидагича:

О-Одоб

И-Илм

Л-Лутф

А-Аҳиллик

Қачон оила бахтли ва намунали бўлади, қачонки оилада одоб, илм, лутф, аҳиллик муҳити, ўша оила ибратли оилалардан бўлади. Ҳаммаларимизни ибратли оилалардан бўлишни насиб қилсин.

Муҳаммадюсуф ТЎРАҚУЛОВ

Андижон вилояти

 Олтинкўл туман бош имом-хатиби

 

Read 5269 times

Мақолалар

Top