Мақолалар

Каъбанинг хитоби "Аллоҳу акбар"

Усмон ибн Абу ал-Асо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Омина онамизнинг кўзлари ёриб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келган тунда менинг онам ўша ерда бўлган экан. Ўша муборак воқеани онам тасвирлашга сўз топа олмасдан бундай дер эди: “Бутун хона нурга тўлиб кетди, қарасам, юлдузлар шу қадар яқин келган эдики, улар бошимга тушиб кетмаса деб чўчиб кетдим. Омина Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) туққан вақтида ундан бир нур чиқиб, хонани ва бутун уйни ёритиб юборди. Мен бундай чароғон нурни умрим бино бўлиб кўрмаган эдим”

Ал-Хатиб ал-Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳ ровийлар халқасидан келтириб хабар қиладики, “Омина онамиз: “Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) туққанимда бошим узра ёғду таратиб турган каттакон оппоқ булут пайдо бўлганини кўрдим”, деган эканлар”.

“Пайғамбарлар тарихи” китобида баён қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилганидан кейин осмонга олиб чиқишдан олдин у зотга хизмат қилишга буюрилган учта фаришта тушиб келган. Улардан бирининг қўлида сув идиши бўлиб идишдан мушки анбарнинг ҳиди келиб турар эди. Иккинчисининг қўлида тўрт тарафига тўртта жавоҳир билан безак берилган олтин тоғора бор эди. Фаришта бу тоғора дунёнинг тимсоли эканини айтиб, Аллоҳ таолонинг севган қулидан дунёнинг истаган тарафини танлаши мумкинлигини билдирган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини тоғоранинг ўртасига қўйганлар. Шунда хотифдан у  хайрли ва баракотли жой – Каъбани танлади, деган овоз келган. Яна шунингдек, Аллоҳ таоло Каъбани у зот ва у зотнинг умматлари учун қибла қилгани ҳам айтилади.

Учинчи фаришта қўлида ипакдан қилинган жуда ҳам чиройли оппоқ матони қатланган ҳолда тутиб турган эди. Ризвон фариштаси қатланган матони очиб, унинг ичидан нубувват муҳрини олди ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг қопқоқлари орасига босди. Бундан олдин икки фаришта чақалоқни тоғорага солиб сув идишдан бошига етти марта сув қўйиб чўмилтирган эди.

Ўша тунда Каъба шу қадар қаттиқ силтандики, унинг деворларидаги бутлар жойидан отилиб, ҳар тарафга сочилиб кетди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бобоси Абдулмуталлиб ўша вақтда Каъбани айланиб юрган эди. Каъбанинг қандай силкинганини ўз кўзи билан кўрди. Яна у Каъбанинг ерга сажда қилганини ва икки марта “Аллоҳу акбар”, деб нидо қилганини эшитди. Шундан кейин Аллоҳнинг Уйи “Муҳаммад пайғамбар туғилди”, дея суюнчи олди.  Абдулмуталлиб осмондан бугун тунда Омина Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни туғди деган овознинг келганини ҳам эшитди.

Овозда Омина исми тилга олинганини эшитган Абдумуталлиб келинидан хавотир олди ва ундан хабар олиш учун уйига чопқилаб борди.

Абдулмуталлиб келинининг уйига оппоқ булут соя солиб турганини кўрди ва туш кўрмаяпманми, дея ўзини чимчилаб кўрди. Кейин кўзларини артди ва ўзига ўзи: “Мен ухлаганим йўқ-ку!” деб далда берди.  Аммо келини Оминанинг уйига келдими, адашиб бошқа жойга бориб қолдими – шундан шубҳа қилиб қолди. “Омина”, деб  чақирган эди келини эшик очиб қаради.

Абдулмуталлиб димоғига урилган мушку анбарнинг муаттар ҳидидан маст бўлди. У Оминадан нимадир юз бердими деб сўради. Омина онамиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилганини айтиб суюнчи олдилар. У чақалоқни кўрмоқчи бўлиб ичкарига отилган эди йўлини қилич яланғочлаган одам тўсди ва фаришталарнинг зиёрати тугамагунича бирорта одамни ичкарига қўйиш мумкин эмаслигини айтди.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

Read 4253 times

Мақолалар

Top