Мақолалар

“Зиё” ва “Нур” орасидаги фарқ

Қуръони Карим нозил бўлган пайтда одамлар Ойнинг нури билан Қуёшнинг нурини ажрата олмас эдилар. Ёруғлик ва иссиқликни Қуёш таратишини, Ой эса Қуёшнинг зиёсини акс эттирадиган совуқ жисм эканлигини англамасдилар.

Қуръони Карим Ойни “нур” деб, Қуёшни “зиё” деб васф қилди. Дарҳақиқат, бугунги замонавий илмнинг айтишича, Қуёш ловуллаб турган ядро печкаси бўлиб, унинг ичида бирикиш реакциялари содир бўлиб, водород моддаси гелийга айланади, бунинг натижасида ҳар сонияда фазога ҳайратланарли даражада кўп миқдорда энергия тарқатар, Ерга эса бу энергиянинг озгина миқдори етиб келар, ушбу етиб келган оз миқдордаги энергия Ердаги ҳаётнинг давом этиши учун етарли ҳисобланар экан.

Ушбу Қуёш энергияси Ойга ҳам етиб боради. Ана шу пайтда Ой Ерда нурли бўлиб кўринади. Нур – ҳароратсиз ёруғлик бўлиб, бизга Ой сиртидан етиб келади. Аслида эса ўша нур Ойнинг ўзиники бўлмай, балки, Қуёшдан келган энергиянинг Ой орқали Ерга акс этишидир. Бунда Ой фақат кўзгу вазифасини ўтаб беради.

Қуръони Карим бундан ўн тўрт аср олдин бу ҳақида очиқ-ойдин гапирган:

هُوَ الَّذِي جَعَلَ الشَّمْسَ ضِيَاء وَالْقَمَرَ نُوراً وَقَدَّرَهُ مَنَازِلَ لِتَعْلَمُواْ عَدَدَ السِّنِينَ وَالْحِسَابَ مَا خَلَقَ اللّهُ ذَلِكَ إِلاَّ بِالْحَقِّ يُفَصِّلُ الآيَاتِ لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ

“У қуёшни зиё ва ойни нур қилган ҳамда сизлар йилларнинг ададини ва ҳисобини билишингиз учун унинг манзилларини ўлчовли қилган зотдир. Аллоҳ ўшани фақат ҳақ ила яратди. У биладиган қавмлар учун оятларини батафсил баён қилади”. (Инсон ҳаёти давомида доимий ҳис этиб турадиган мавжудотлардан бири қуёш, яна биттаси ойдир. Лекин инсон уларнинг мавжудиятига ўрганиб қолганидан кўп ҳам эътибор бермайди.) (Юнус сураси, 5-оят).

Субҳаналлоҳ!

Инсоният илм ва технология орқали яқин йиллар ичида ўрганган ҳақиқатларнинг бундан ўн тўрт аср олдин, бу ҳақиқатлар ҳақида ўйлаш башариятнинг хаёлига келмаган бир пайтда Қуръонда баралла айтилиши – Қуръон Аллоҳнинг Каломи, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг охирги Расули эканликларига далолат қилади!

 

 

www.kaheel7.com сайтидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

Read 6225 times

Мақолалар

Top