Мақолалар

“Ухла, олабўжи келди”

Ёлғон ва рост:  Қайсини қўпроқ ишлатамиз? 

Катта-ю кичик ҳамма ўзини ростгўй ҳисобласа-да, унча-мунча одам “Мен ёлғончи эмасман”, деб баралла айта олмайди. Айтганлари ҳам шу вақтгача тўқилган ёлғонларини яна битта  ёлғон билан бойитиб қўяди, холос.

Нега дунёда ростгўйлар бармоқ билан саналарли-ю, ёлғончиларнинг сони бунчалик кўп?

Чунки мурғаклигимизданоқ олган тарбиямиз шунақа. Бу ҳам камлик қилгандек болаларимизни ҳам шу йўсинда тарбияламоқдамиз. Масалан, уларни чақалоқлигиданоқ “олабўжи келяпти, ажина келди, тез ухла”, деган ёлғонларимиз билан қўрқитамиз. Бола бечора уйқуси келмаган бўлса ҳам, қаттиқ қўрққанидан ўзини мажбурлаб ухлаб қолади. Баъзан уйқусидан чўчиб уйғониб чириллаб қолса, “ёмон туш кўрди, шайтон қўрқитди-да”, деб ўзимизнинг айбимизни шайтонга ағдарамиз. Болани ўйнатишимиз ҳам ажойиб: бирор ўйинчоқни орқамизга яширамиз-да,  “йў-ўқ”  деймиз. Биздан ўрганиб у ҳам такрорласа “уу, қитмир”, деб уни рағбатлантирамиз. Болакай эса қиқир-қиқир кулиб “ду-ук” деб алдашда давом этади. Тез орада олабўжининг ҳам, ажинанинг ҳам, йўқ нарсалар эканини билиб олади-да, бизнинг ўзимизни олабўжидан қўрқита бошлайди. Биз эса ўзимизни худди қўрққан кишидек кўрсатиб яна алдашда давом этамиз. Бола бундан завқланади.                                          

“Мен уйда йўқман”

Кейинчалик болакай гапга тушунадиган, росту ёлғонни фарқига борадиган бўлганда уни рост гапиришга ундай бошлаймиз. Афсуски, бу ишимиз ҳам амалсиз одамнинг насиҳатлари бўлгани боис унга таъсир кўрсатмайди. Бир куни нимадандир гап очилиб, етти ёшдаги ўғлимнинг мени алдаётганини сезиб қолдим. Табиийки, фарзандининг келажагини ўйлайдиган ота сифатида бу каминани ташвишга солди. Ахир қайси ота кўзининг оқ-у қораси ёлғончи бўлиб улғайишини хоҳлайди? Уни ёнимга чақириб кўп насиҳатлар қилдим. Ёлғончиликдан келадиган турли офатларга ўтмишдан бир неча мисоллар келтирдим. Унга ўгит бериш асносида юз-кўзидан ифодани кузатиб бордим. У менинг гапларимни жон қулоғи билан тинглар, кўзлари катта-катта очилиб ҳайратга тушарди. Айниқса, у ёлғончи қул ҳақидаги ҳикоядан таьсирланди. Ҳикоя кўпчиликка таниш бўлгани учун батафсил сўзлаб ўтирмасдан, мазмунига бироз тўхталиб ўта қолай: бир бой бозордан қул сотиб олмоқчи бўлади. Қулжаллоб сотилаётган қулнинг биргина айби борлиги – ёлғончилигини айтиб, уни огоҳлантиради. Бой эса бунга кўп эътибор қилмайди. Натижада қул турли уйдирмалар тўқиб бой билан хотини ўртасига нифоқ солади. Бой жаҳл ва гумон устида хотинини  ўлдириб қўяди, хотиннинг қариндошлари бойни ўлдиради, бойнинг қариндош-уруғлари уларга ҳужум бошлайди, улар – буларга. Хуллас, уруш-жанжал қабилалар ўртасидаги росмана жангга айланади, кўплаб одамнинг қони тўкилади.

Ўғлимни мазкур ҳикоя воситасида ёлғондан юз ўгирадиган ҳолга келтириб тургандим. Бахтга қарши шу пайт телефон жиринглаб қолди-ю, менинг ҳамма ваъз-насиҳатларимни йўққа чиқариб, ўзимни уятли аҳволга солиб қўйди. Телефон гўшагини олиш учун ўрнидан турган ўғлимга беихтиёр: “Мен уйда йўқман”, деб юбордим. Аслида ким биландир гаплашгим келмай ҳам юрганим йўқ эди, шунчаки ўрнимдан қўзғалгим келмаётганди, холос. Шахдам қадамлар билан кетаётган болакай таққа тўхтаб, менга бир қараб олди, сўнг: “Дадам бир жойга кетувдилар”, деб гўшакни жойига қўйди-да, кўчага шаталоқ отиб ўйнагани чиқиб кетти. Мен мулзам бўлиб қолавердим.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир гўдак болага, мана буни ол, деса-ю, ҳеч нарса бермаса, у одам ёлғончи бўлади», дейдилар.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда эса, Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳу қуйидагиларни келтирадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимизда ўтирган эдилар. Онам менга:

«Бу ёққа кел, сенга бир нарса бераман», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам онамдан:

«Унга нима бермоқчи эдинг», деб сўрадилар.

«Хурмо бермоқчи эдим», деди.

Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар бирор нарса бермайдиган бўлганингда, сенга бир ёлғон ёзилар эди», дедилар.

Ҳай Аллоҳ, у ҳолда бизга нечта ёлғон ёзилган экан, Раббимизнинг Ўзи мағфиратини дариғ тутмасин!

    
“Мени деб ёлғон гапирманг!”

Бир ҳамкасбимиз бундай ҳикоя қилади: ”Ишхонамизда вазифамга кўра икки раҳбар ўртасидаги одамман. Икковига ҳам ниҳоятда ҳурматим баланд. Улар фақат раҳбар сифатидагина эмас, шахс сифатида ҳам ҳурмат ва ҳавас қилишга арзийдиган инсонлар. Шароит тақозосига кўра, бош раҳбар лавозими каттароқ бўлган иккинчи раҳбарнинг ишининг натижасини ҳам мендан сўрайди. Буниси ҳам ҳадеганда раҳбарнинг топшириғини бажара қолмайди. Менга эса бу ёқдан зуғум кучаяди. Шундай кунларнинг бирида ўша ижро муддати чўзилиб бораётган иш юзасидан гаплашаётганда иккинчи раҳбарга дағалроқ муомала қилиб қўйдим чоғи, у норози оҳангда ўзининг ва каминанинг кимлигини эслата бошлади. Мен шу дамда яна бир қовун туширдим. “Устоз, шу ишни бажаришга кўп вақтингиз кетмайди-ку, мендан “катта” талаб қиляпти, сизни деб ёлғон гапиришга ҳам мажбур бўлдим”, дедим. У эса мен каби мулойим табиатли йигитдан бундай гап кутмаган эканми, “Мени деб ёлғон гапирманг, умуман ёлғон гапирманг, нега ёлғон гапирасиз?” дея баттар авж олди. “Хўп”, деб хонамга чиқиб кетдим.

Суфён ибн Усайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энг катта хиёнат сенга ростгўйлик қилаётган биродарингга ёлғон гапиришингдир», дедилар». (Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган).

Бу одамнинг ёнини оламан, икки кишининг ўртаси бузилмасин деб ёлғон гапиришга мажбур бўлганим ва бу ҳам камдек, ўзим тарафини олган кишининг ўзи мени ёлғончиликда айблагани кайфиятимга жуда ёмон таъсир қилди. Иш вақти тугагунча хонамда сиқилиб ўтирдим. Кечга бориб, ҳа энди уники ҳам феъл-да, балки мен ошириб юборгандирман деган ўйда узрхоҳлик қилиб, аразларни ёзиш мақсадида “Қайтмаймизми?” деб хонасига мўраладим. “Қайтамиз”, дея у нарсаларини йиғиштира бошлади. “Хайрлашиб кетмаймизми?” дея раҳбарнинг хонасига ишора қилдим. У бир тараддудланиб олди-да, “Мени кетиб қолибди” деб қўя қолинг, деди.

Шунақа гаплар, муҳтарам юртдош! Биз, ўзини ростгўй санайдиганлар ёлғонсиз кун ўтказа олмаймиз. Чунки айтиб ўтганимиздек, тарбиямиз шунақа.

Аслида дунё ёруғлик ва зулмат, муҳаббат ва нафрат, эзгулик ва ёвузлик... каби қарама-қарши кучларнинг муросасиз кураши асосида яралган. Бунда катта ҳикмат бор: бу қарама-қаршиликлар инсоннинг ақл-фаросатини ўлчовчи мезонлардир. Одамзод маънавий баркамолликка эришмас экан, курашлар давом этаверади. Ҳалигача улардан бирортаси иккинчисининг устидан тўлиқ ғалаба қозона олмаганининг ўзиёқ инсониятнинг ақлида қусур борлиги исботидир. Ҳатто, одамларда шундай тушунча пайдо бўлганки, улардан бирортаси буткул ғолибликни қўлга киритса, ҳаёт ўз рангини йўқотадигандек. Рост ва ёлғон ҳам шундай. Халқимизда “Арафа куни ёлғон гапирганнинг Намоз (Ҳайит) куни юзи қора”, деган мақол бор. Шундай экан, азизлар,  ўзимизга ва  бошқаларга яхшилик тиласак, ёлғондан тийилайлик, ростгўйлар сафида бўлайлик. Ана шундагина юзимиз ёруғ бўлади.   

Дамин ЖУМАҚУЛ,

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Read 3595 times

Мақолалар

Top