Мақолалар

Уч оятда ўн мўъжиза

Маълумки, Қуръони каримдаги энг ихчам суралардан бири “Кавсар” сурасидир. Бу сура атиги уч оятдан иборатдир. Лекин, Аллоҳ таъоло Ўзининг қудратини, энг кичик сурасининг бирида “ўн” рақамига боғлиқ қилиб ўнта мўъжиза кўрсатганлиги инсонни ҳайратга солмай иложи йўқ. Бу рақамлардаги сонлар бир дона кўп ёки бир дона кам бўлмай, айни ўнта эканлигини кўриб, беихтиёр “Субҳаналлоҳ” деб юборасан киши. Чунки бундай мўъжиза фақат оламларнинг Роббиси томонидан бўлиши мумкин холос. Тўғри, бу мўъжизаларнинг ҳаммаси араб алифбосидагина кўринади. Зеро, Аллоҳнинг каломининг мўъжазлиги, нозил бўлган тилидагина намоён бўлади. Келинг, уларни бир-бир санаб чиқамиз: 

1. Суранинг калима (сўз)лари сони ўнтадир.
2. Суранинг аввалги оятида ҳижо ҳарфлариниг ўнтаси қўлланган.
3. Суранинг иккинчи ояти ҳам, ўнта ҳижо ҳарфларидан ташкил топган.
4. Сўнгги оятда ҳам ўнта ҳижо ҳарфлари мавжуд.
5. Сурада энг кўп такрорланган ҳарф “алиф” бўлиб у ҳам ўнтадир.
6. Сурада фақат бир марта келган ҳарфларнинг сони ўнтадир.
7. Сурада “ҳарфи муқаттаот”лардан бўлмаган ҳарфлар ўн марта такрорланган.
8. Суранинг барча оятлари “ро” ҳарфи билан тугаган. “Ро” ҳарфи эса ҳарфи ҳижоияларнинг ўнинчи тартибида туради.
9. Қуръони каримда оятлари “ро” ҳарфи билан тугайдиган сураларнинг сони ўнта бўлиб, Кавсар сураси ўнинчи ўринда туради.
10. Суранинг сўнгги оятида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга “Қурбонлик қилинг” деб буюрилган. Бу қурбонликни сўйиш амали зулҳижжа ойининг ўнинчисидан бошланади.

Юқоридаги муборак суранинг ўзбек тилидаги маъноларига бир назар ташласак, фойдадан холи бўлмас.

Кавсар сураси

Меҳрибон ва раҳимли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. (Эй Муҳаммад)! Биз сизга Кавсарни ато этдик.
2. Бас, Роббингизга намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг.
3. Албатта Сизни айбловчининг ўзи маҳрумдир.

Суранинг ўқилиши ва ёд олишнинг осонлиги, ҳар бир оятнинг вазнлари ва “қофия”ларининг бир-бирига ўта мутаносиблиги, Аллоҳ таъолонинг Ўзи ҳам, сўзи ҳам нақадар буюк эканлигига далолат қилади.

 

 

Манбалар асосида

Қувасой шаҳар “Ислом” масжиди имом-ноиби

Олимжон АБИДЖОНОВ

тайёрлади

 

Read 7098 times

Мақолалар

Top