Мақолалар

Маҳмуд Замахшарий меросининг ўрганилиши

Маҳмуд Замахшарий  мероси  асрлар давомида Шарқ ва Ғарб тадқиқотчиларининг диққат марказида бўлган. Алломанинг айниқса,  Қуръон тафсирига оид “Ал-Кашшоф” асари кўплаб тадқиқотчилар эътиборини тортган. Замахшарий ҳақидаги маълумотларни биз Самъоний, Ибнул Анборий, Ёқут Ҳамавий, Қифтий, Ибн Халликон, Ибн Қутлуғбека,  Суютий, Тошкўпризода, Ҳожи Халифа, Абдулҳай Лакнавий, Зириклий каби муаррихларнинг асарларида ҳамда  Брокелман, Б.З.Холидов, А.Б.Холидов каби олимларнинг тадқиқотларида  кўришимиз мумкин. Жумладан, Қози Ибн Халликон:  “Замахшарий тафсир, ҳадис, наҳв ва баён илмида йирик имом эди. Ўз даврида турли фанлардан таълим олиш учун  унинг  ҳузурига илм изловчилар бориб турадиган  замона  пешвоси эди.  Грамматикани Абу Мудар Мансурдан ўрганди ва у бўйича ажойиб асарлар тасниф этди” дея алломанинг 28 асари номини келтиради[1]. Уларни  соҳалар бўйича  қуйидаги шаклда  тасниф этиш мумкин:

  1. Тафсир: “Ал-Кашшоф” (Кашф этувчи)
  2. Ҳадис: “Ал-фаиқ фий ғарибил-ҳадис” (Ҳадис лафзлардаги номаълум маъноларни аниқлаштирувчи)
  3. Фиқҳ: “Руусул-масаил” (Асосий масалалар), “Муъжам ал-ҳудуд” (“Ҳад”лар қомуси), “Ал–минҳаж фил-усул” (Усул илми бўйича йўлланма), “Ар-роиз фий илмил-фароиз” (Фароиз илмининг ўргатувчиси), “Шақоиқ ан-Нуъмон” (Қизил гулдаста),  “Шафий ал-ъай” (Дардлар шифоси).
  4. Дидактика: “Рабиъ ал-аброр ва фусус ал-ахбор” (Яхшилар баҳори ва хабарларга оид асосий маънолар), “Ан-насоиҳ ал-кибар” (Муҳим насиҳатлар), “Ан-насоиҳ ас-сиғор” (Кичик насиҳатлар), “Ар-рисала                 ан-насиҳа”( Насиҳат рисоласи).
  5. Адабиёт: “Муқаддамат ал-адаб” (Адаб илмининг муқаддимаси), “Дийван ар-расаил” (Рисолалар девони), “Дийван аш-шиър” (Шеърлар девони), “Шарҳ абяти Сибавайҳ” (Сибавайҳ байтларининг шарҳи) “Ал-қистос” (Аниқ мезон).
  6. Тилшунослик: “Асас ал-балаға” (Балоғат илми асослари), “Муташабиҳ асамий ар-руват” (Ровийлар исмларидаги ўхшашликлар), “Ал-мустақсо фий амсал ал-араб” (Чуқур ўрганилган арабча иборалар), “Сомийм ал-арабия” (Ҳақиқий араб тили), “Саваирул-амсал” (Сараланган иборалар), “Девонут-тамассул” (“Тамсил” девони),  “Ал-амалий фий кулли фан” (Барча фанларга тегишли имлолар).
  7. Грамматика: “Ал-муфассал”(Муфассал баён), “Ал-унмузаж”(Намуналар), “Ал-муфрад вал-муаллаф” (Ёлғиз ва қўшма сўзлар).

       Замахшарийнинг  Ибн Халликон нақл қилган асарлари орасида унинг  фақат ”Золлатун–нашид” (Изловчининг мақсади) асари   қайси соҳага тегишли экани ҳақида маълумот йўқ.

Аллома қолдирган бой  мерос мустақиллик йилларида кўплаб илмий изланишларга асос бўлди.  Замахшарийшунослик соҳасида  тадқиқот олиб борган ва бу борада  қимматли маълумотларни тақдим этган академик                  А.Рустамов профессорлар У.Уватов, А.Ҳасанов, фан номзодлари   М.Ҳакимжонов, Б.З.Холидов, У.З.Қориев,  Р.Обидов,  таниқли шарқшунос А.Абдужабборов каби олимларимиз сафига фил.ф.н. Н.Сулаймонова, фил.ф.н. М.Носирова, т.ф.н. А.Абдуллаев каби тадқиқотчилар келиб қўшилди[2].  

Бугунги замахшарийшуносликнинг тараққий этишида аллома  меросига ўз илмий фаолиятининг асосий  қисмини бағишлаган профессор Зоҳиджон Исломов хизматларини  алоҳида қайд этиш зарур. Сўнгги йилларда З.Исломов томонидан аллома меросининг барча қирраларини қамраб олишга қаратилган тадқиқотлар олиб борилди, китоблар ва  рисолалар чоп этилди,  мақола ва кўрсатувлар тақдим этилди, номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди[3]. Олиб борилган илмий изланишлар натижасида Замахшарийнинг 66 та асари борлиги, улардан 40 таси дунёнинг турли фондларида сақланаётгани маълум бўлди[4]

Профессор  З.Исломов каби фидойи олимларимиз меҳнати самараси ўлароқ, кейинги пайтда ўзбек замахшарийшунослиги янги босқичга кўтарилди ва унинг ҳосиласи сифатида юртимиз таълим муассасаларидан улуғ аждодлар ишини давом эттирадиган, Ўзбекистон довруғини халқаро илм марказларида тараннум этадиган олиму алломалар етишиб чиқгусидир, иншааллоҳ.

 

Кўкалдош ислом ўрта махсус билим юрти 4-курс талабаси

Раҳматуллоҳ Саиджалолов

[1] Шамсиддин Аҳмад ибн Муҳаммад Ибн Халликон. Вафаятул–аъян ва анбауз–заман .–Амман: Дарус–сақофа, 1968. Ж. 6. –Б. 323

[2]  Рустамов А. Маҳмуд Замахшарий. -Тошкент.1971.; Маҳмуд Замахшарий. Нозик иборалар / Таржимон ва нашрга тайёрловчи У.Уватов. -Т.: Камалак, 1992. Маҳмуд аз-Замахшарий. Ал-Унмузаж / Нашрга тайёрловчи, муқаддима ва атамалар шарҳи муаллифи Абдуҳафиз Абдужабборов. -Т.: Тошкент ислом университети нашриёти, 2001. Абдуллаев А. Абул-Қосим Маҳмуд Замахшарийнинг “ал-Кашшоф” асари ва унинг тафсир илмида тутган ўрни // Шарқ машъали, 2-сони, 2005.

[3] Исломов З. М. Маҳмуд Замахшарийнинг “Муқаддаматул-адаб” асаридаги туркий феъллар таҳлили:  Филол. фан. ном.  дис... автореф. –Т: Тошкент Давлат Университети (ЎзМУ),1993. Маҳмуд Замахшарийнинг “Муқаддаматул-адаб” асарининг қўлёзма манбалари ва арабча-туркий феъллар сўзлигининг йиғма илмий-танқидий матни:  Филол. фан. докт.  дис. автореф. –Т: ЎзР ФА Қўлёзмалар институти, 1998.; Адаб илмининг дурдонаси –Т.: Тошкент ислом университети (ТИУ) нашриёти, 2002.; Муқаддаматул-адаб (манбашунослик таҳлили) Т.: ТИУ нашриёти, 2002.; Муқаддаматул-адаб (матн) Т.: ТИУ нашриёти, 2002.; Шарқ манбашунослигида “Муқаддима” ва унинг аҳамияти // Тарихий манбашунослик муаммолари: Тўплам. Т.: 2003.; Маҳмуд Замахшарий // Мовароуннаҳрнинг буюк алломалари (араб тилида) : Тўплам. Т.: ТИУ нашриёти, 2004.

[4] Исломов. З.М.Маҳмуд Замахшарий асарларида тасаввуфий ғоялар талқини // Тошкент ислом университети илмий-таҳлилий ахбороти. 2-сон, 2003.

Read 5456 times

Мақолалар

Top