Мақолалар

Анвар қори домла дуоси мустажоб инсон эди

Табиатида динимизга муҳаббати  чексиз бўлган Анвар қори Турсунов 1981 йил Тошкент давлат университетининг филология факультетини тамомлаб. меҳнат фаолиятини “Ёшлик” журналида муҳаррир вазифасидан бошлади. Кейин ЎзФА, Абдулла Қаҳҳор уй музейи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси каби нуфузли ташкилотларда самарали фаолият юритди. 1989-1992 йилларда Қуръони каримнинг Шайх Алоуддин Мансур таржима қилган матнига муҳаррирлик қилди. Ана шу жараён Анвар қорининг илмий-ижодий фаолиятида диний мавзулар янада устувор бўлишига туртки бўлди.
Бевосита диний соҳадаги фаолиятини эса 1994 йил пойтахтнинг ҳозирги Яшнобод туманидаги «Янгиобод» масжиди имом-хатиби сифатида бошлади. Ўша йилнинг ўзидаёқ юртдошларимиз ажойиб бир воизни кашф этдилар.
1999 йилдан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ва «Хожа Аҳрор Валий» масжиди имом-хатиби бўлиб ишлаш баробарида 2001 йил Тошкент ислом институтини ҳам тугатди. 2015 йилдан бошлаб эса «Минор» масжиди бош имом-хатиби вазифасида фаолият юритди.
Анвар қори ўзбек тилини пухта билган салоҳиятли муҳаррир бўлгани боис Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатволарини тайёрлашда фаол қатнашар, диний нашрлар ва маҳаллий матбуотга ўқишли мақолалар ёзар, халқаро анжуманларда маърузалар билан иштирок этар, диний ва илмий мавзулардаги асарларга муҳаррирлик қилар, радио ва телевидениенинг маънавий ва маърифий дастурларида бошловчилик ва чиқишлар қилар эди. Шунча иш билан бирга таржима, таълиф ва таснифга ҳам вақт топар эди. Айниқса, олимнинг «Шарқ юлдузи», «Жаҳон адабиёти» журналлари, «Ўзбек адабиёти ва санъати» газетасида Алишер Навоий ижоди ва фаолияти, навоийшунослик ва тасаввуф илми ҳақидаги кўплаб илмий, маърифий-маънавий мақолалари ўқувчилар эътиборига тушган эди.
Бир сўз билан айтганда, Анвар қори Турсунов оммавий ахборот воситалари орқали доимий чиқишлари, диний мавзудаги маърузалари билан халқимиз қалбидан муносиб жой олган уламо эди.
Унинг Али ибн Аҳмад Найсобурийнинг «Асбобун нузул» («Оятларнинг нозил бўлиш сабаблари») таржимаси, «Фазилатлар китоби», «Инсон мукаррам зот» номли китоблари нашр этилди. Уларнинг ҳаммаси ўзига хос пишиқ-пухта асарлар бўлиши баробарида Анвар қори халқимиз орасида ўткир воиз сифатида машҳур эди. Айниқса, «Хожа Аҳрор Валий» масжидида имом-хатиблик қилган кезларида унинг ҳазрат Навоий, Мирзо Бобур, Сўфи Оллоёр, Бобораҳим Машраб, Муҳаммадризо Огаҳий ва мумтоз адабиётимизнинг бошқа забардаст вакилларининг жўшқин байтларидан мисоллар келтириб, сўзлаган амри маъруфларини эшитиш учун шаҳримизнинг энг чекка ҳудудларидан одамлар гуррос-гуррос бўлиб жума намозини ўқишга  шу масжидга келар эдилар. Жумадан кейин эса олган таассуротларини ўзаро гаплашиб кетишар, узоқ вақтлар ана шу амри маъруфлар таъсирида юришар эди.
Анвар қори ака “Минор” масжидига келганидан сўнг ўша мухлислар оқими шу ерга келишни одат қилишди. Бу одамнинг овозида тингловчига таскин бўладиган нимадир бор эди. Кейин у киши толиби илмларга хайрихоҳ бўлган ниҳоятда фазилатли инсон эди. 2005 йилги жума маърузаларидан бирида шундай деган эди:

“Бир куни пешиндан кейин намозхонлар тарқалди. Масжиддан энди чиқмоқчи бўлиб дарвоза ёнига келсам, бир қизгина мунғайиб турибди. Қаршимга чиқиб ийманибгина салом берди. Сўнгра ТошМИга (ҳозирги Тиббиёт академияси)  контрактга ўқишга кирганини, аммо ота-онаси контрактга тўлашга пул топа олмаётганини айтиб ёрдам сўради. Фаҳмладимки, бу даргоҳ унинг сўнгги илинжи... Менда унча пул йўқ. Нима қилишни билмай бошим қотди. Кейин “Қизим, сиз шу ерда ўтириб туринг, мен ичкарига кириб икки ракат намоз ўқиб чиқаман, Аллоҳ меҳрибон, бирор жойдан етказиб қолар”, дедим-да масжидга қайтиб кириб икки ракат ҳожат намозини ўқидим. Раббимизга шугинани ноумид қайтармасликни сўраб дуолар қиляпман-у, кўзим эшикда. Аммо ҳеч ким келмади. Ахийри, ўрнимдан туриб қизгинанинг олдига бордим. У менинг аҳволимни кўриб дарров тушунди, ҳеч нарса демади. Олдин-кейин бўлиб. ташқарига йўналдик. Шу вақт орқадан бировнинг “Қори ака!” деб чақиргани қулоғимга чалинди. Ўгирилиб қарасам, орқа дарвоза тарафдан бир одам гўёки учиб келяпти. Бизга етар-етмас: “Қори ака, контракт тўлайдиган талабалар йўқми?” деса бўладими...”
Бу Анвар қори аканинг ўзи сўзлаб берган воқеа. Энди бевосита ўзимиз гувоҳ бўлган ҳодисага эътибор қилинг. Бу йил қишда ёғингарчилик кам бўлиб кунлар исиб кетгани эсингизда. Шундай кунларнинг бирида жума намозини “Минор” масжидида ўқидик. Намоз сўнггида Анвар қори ака совуқ ҳаво ва қор ёғдиришини сўраб дуо қилди. Масжидга киргунча иссиқ ҳаводан бир оз лоҳасланиб турган эдик. Чиққанимизда иккита жаноза бор экан. Жанозани ўқигунимизча ҳаво шу қадар совидики, ҳатто совқотиб қолдик. Бирор соат ўтганидан сўнг қор аралаш ёмғир қўйиб берди.
Анвар қори ака дилкаш суҳбатдош бўлиб, кўнгилга ёқадиган мулойим мутойиба ҳам қилар эди. У кишининг суҳбатига тўймас эди одам. Кейин Анвар қори ака бундай дедилар деб тўлқинланиб гапириб юрар эди.
Ўлим орамиздан шундай буюк инсонни олиб кетди. Чунки Аллоҳ таолонинг амри шундай бўлган. Улуғларимиз айтганидек, бундай зотлар аниқ вазифа билан келади. Ўша вазифани ўрнига қўйганидан сўнг бу дунё ҳаётидан ҳақиқий дунё кўчади.
Бизнингча, Анвар қори Турсуновнинг вазифаси кўнгилларга Ислом нурини ёқиш, Ислом маърифатини тарқатиш бўлган ва у бу вазифани бир уламонинг имконияти даражасида муваффақиятли равишда бажарди. 60 ёш умр кўрган одамга бундан ортиқ шараф бўлиши мумкинми!..
Бу мумтоз олимдан шу вақтга қадар элимиз манфаат кўриб келди, энди унга манфаат етказиш гали бизники, азизлар. Муҳтарам устозни ҳар доим дуоларимизда йўқлаб турайлик. Шоядки, руҳи шод бўлиб ётган жойи жаннат боғчаларидан бирига айланса!



ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4548 times

Мақолалар

Top