Мақолалар

Имом Бухорий  - фахримиз

Инсоният тараққиёти тарихида ўчмас из қолдирган мўътабар зотларнинг асарлари ҳозирги кунга қадар ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Буюк муҳаддис, Ислом оламида машҳур Абу Абдулло Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий,   Абу Исо Муҳаммад ибн  Исо ат-Термизий, Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол аш-Шоший, Абу Али ибн Сино, Абул Қосим Маҳмуд аз-Замахшарий ва бошқа кўплаб машҳур юртдошларимизнинг муборак номлари тарих зарварақларидан муносиб ўрин олган. Умуминсоний маданият ва билимларни юксалишида бу алломаларнинг хизматлари беқиёсдир. Муқаддас китобларимизда келтирилган ҳикматларни изчил ўрганиш ва ижтимоий, маънавий ҳаётимизга татбиқ этиш, халқимиз онгига чуқур сингдириш – долзарб вазифа. Илму маърифат, маънавий қадриятларимиз, тарихий, маданий меросимиз, ўтмишда яшаб ўтган буюк алломаларимиз ҳаёти ва фаолияти, илмий мероси ҳақида тўла маълумот беришимиз ҳозирги давримиз учун жуда муҳимдир. Бу борада буюк бобокалонимиз Имом ал-Бухорий ҳазратларининг  серқирра фаолиятлари, бой илмий меросларини пухта ўрганиш ва ёшлар тарбиясига йўналтириш муҳим аҳамият касб этиб, жамиятимиз маънавий соғломлигининг янада ошишига хизмат қилади.

Ўтмишда асоссиз унутилган кўплаб алломаларимиз қатори Имом ал-Бухорий ҳам ўз элига қайтарилди. Унга бўлган муносабат охирги йилларда тубдан ўзгарди. Асарлари ўрганилиб, кенг жамоатчиликка тақдим қилинаётир. Имом ал-Бухорий ҳазратларининг ҳурматларини жойига қўйиш, руҳи покларини тиловату дуолар билан шод этиш мақсадида  ул зоти бобаракотнинг муборак қадамлари теккан, ўзлари мангулик оламига сафар қилган муқаддас масканда, яъни Хартанг қишлоғидаги зиёратгоҳда Президентимиз Ислом Каримов ташаббуслари билан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Шунингдек, унинг 1998 йилда таваллудларига 1225 йил хижрий сана буйича Халқаро илмий-амалий анжуман ҳам бўлиб ўтган.

Имом ал-Бухорий умр бўйи ҳадисларни  тўплаш ва бир тизимга солиш  билан шуғулланганлар, шунингдек уларни саҳиҳ (тўғри, ишончли) ва ғайри саҳиҳ (хато ёки заиф)га ажратганлар.  Бу ишни ҳадис ровийларининг кечирган ҳаётлари , яшаш жойлари, таваллуд  ва вафот этган саналари , бир-бирлари билан қилган ўзаро  мулоқотларини ўрганиш билан  боғлиқ ҳолда олиб борганлар. Аллома олти юз мингга яқин ҳадис тўплаб,  шундан  юз минг «саҳиҳ» ва икки юз минг «ғайри саҳиҳ» ҳадисни ёддан билганлар. Имом ал-Бухорий ўзларининг бундай ноёб қобилият ва  қувваи-ҳофизасининг кенг мушоҳадалилиги билан ўз тенгқур ва илм аҳлларини ҳайратда қолдирганлар.

Имом ал-Бухорийнинг қаламларига мансуб асарлар сони йигирмадан ортиқдир. Улардан айримлари  бизгача етиб келган. Алломанинг шоҳ асари  «Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ», (Ишончли тўплам) деб номланган 4 жилддан иборат ҳадислар тўплами Ислом оламида бошқа муҳаддислар тузган ҳадис тўпламлари орасида энг ишонарли ва мукаммалидир. Имом Бухорийнинг   «Ал-Адаб ал-муфрад» (Адаб дурдоналари) асари эса, тарбиявий аҳамиятга эга бўлган  бебаҳо тўпламдир. Шунингдек, «Ат-тарих ал-кабир» (Катта тарих), «Ат-тарих ас-сағир» (Кичик тарих),  «Ат-тарих ал-авсат» (Ўрта тарих), «Китоб ал-фавоид» (Фойдали ашёлар ҳақида китоб), «Ал-Жомеъ ал-кабир» (Катта тўплам), «Ат-тафсир ал-кабир» (Катта тафсир), «Китоб ал-куня» (Кунялар ҳақида китоб) ва бошқа бир қанча асарларни ҳам таълиф этганлар.   Бу асар «Саҳиҳ ал-Бухорий» номи билан машҳурдир. Мазкур асарнинг қимматли томони шундаки, Имом ал-Бухорийгача ўтган муҳаддислар ўз тўпламларига эшитган барча ҳадисларни киритаверганлар. Имом ал–Бухорий эса турли ровийлардан эшитган ҳадисларини табақаларга бўлиб, уларнинг ишончли (саҳиҳ)ларини танлаб, алоҳида китоб яратдилар.

Имом ал–Бухорийнинг ушбу йирик асарлари ёзилганига қарийб 1000 йилдан ошган бўлганига қарамай,   ўша даврдан  то ҳозирги вақтгача ислом таълимотида Қуръони каримдан кейинги иккинчи ўринда турадиган асосий манба сифатида юқори баҳоланиб келиниши барчага маълум. Бугунга қадар «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» муҳим манба сифатида у қайта-қайта нашр қилинган.

Тарихдан маълумки, қадимдан бу китобни саёҳатчилар ҳам ўзлари билан доим олиб юрганлар. Шайх Абу Муҳаммад Абу Абдуллоҳ ибн Абу Ҳамза ёзадиларки: «Мен аҳли зуҳду тақволардан эшитдим: «Саҳиҳ ал-Бухорий» мушкул кунларда кишига нажот йўлини топишга ёрдам беради».

Имом ал-Бухорий ҳазратлари «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» китобини ёзиб тугатганларидан сўнг, айтган эканларки: «Бу китобни мен олти юз минглар чамасидаги ҳадислар орасидан саралаб олиб, ўн олти йил мобайнида ёзиб битириб, ўзим билан Аллоҳ таолонинг ўртасида ҳужжат қилдим».

Алломанинг бу ўчмас асарлари мусулмонларга ҳидоят йўлини кўрсатувчи манба сифатида асрлар оша ўз қимматини йўқотмайди.

Имом ал-Бухорий тўпламларига киритилган ҳадислар фақатгина шариат аҳкомларига оид умумий қоидаларни акс эттириш билан чекланиб қолмайди. Уларда меҳр-оқибат, сахийлик, очиқ кўнгиллик, ота-она ҳурмати, олий ҳиммат, мурувват, ватанга садоқат, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, дўсту  биродарлик каби инсоний фазилатлар ўз ифодасини топган. Бутун Ислом оламида Имом ал-Бухорий ҳақида эшитмаган бирор кимса, ул зотнинг  номи етмаган бирор жой йўқ, десак сира муболаға қилмаган бўламиз. Чунки, мусулмон дунёсининг барча мадрасаю дорилфунунларида алломанинг буюк  асарлари асосий қўлланма, дастуриламал ҳисобланади. Олиму фузалолар, дин уламолари Имом ал-Бухорийнинг ибратли фаолиятига тез-тез мурожаат этиб, илмий меросидан кенг фойдаланадилар ва унга таяниб иш юритадилар.

Дунёнинг қайси бурчагига бормайлик, бизга Имом ал-Бухорийнинг ватандоши, авлодлари – бухорийлар деб катта ҳурмат ва эътибор билан муносабатда бўлишади, ҳавас қилишади. Имом ал-Бухорий барчамизнинг фахримиз, ифтихоримиз. Чунки, хайрли амалларни қилган, қалблари доимо Парвардигор зикри билан банд бўлган зотдирлар. Номи етти иқлимда  машҳур бўлган зотга муносиб ворис бўлиш ҳар биримиздан катта масъулият талаб этади, албатта.

Буюк ватандошимиз Имом ал-Бухорийнинг бой илмий меросини пухта ўрганиш, кенг тарғиб ва ташвиқ қилиш ва ҳаётга татбиқ этиш мақсадида республикамизда Имом Бухорий Халқаро маркази фаолият юритиб келмоқда. Имом ал-Бухорий ҳазратларининг илмий-ижодий фаолиятлари билан бир қаторда ул зотнинг ҳаётлари, ахлоқ-одоблари, юксак инсоний фазилатларида биз учун ибрат, намуна бордир.

У киши илмда, хулқи одобда ва тақвода энг олий даражага эришганлар. Ана шулар туфайли одамлар қалбидан чуқур жой олган эдилар. Имом ал-Бухорийнинг энг улуғ фазилатларидан бири ул зот таассуб (мутаассиблик)нинг ҳар қандай шаклларидан узоқ эдилар. Ўз салоҳиятлари билан бирор марта ғурурланмадилар. Баъзида ёлғон билан синамоқчи бўлганларга нисбатан яхши гумон қилиб, ўз зеҳнларини ҳимоя қилдилар. Мақсадлари бу дунё амалларидан фақат тўғрилик ва ҳалоллик билан охират савобини топиш  эди.

Ривоятларга қараганда, Имом ал-Бухорий ҳаётлари мобайнида бир лаҳза ҳам Аллоҳнинг зикридан тўхтамадилар. Йил бўйи Қуръони карим билан муттасил алоқада эдилар. Рамазон ойида эса ҳамма ишлардан холис бўлиб, бутун шижоатлари билан Қуръони карим тиловатига киришиб, ҳар куни саҳардан то қуёш ботгунгача бир ёки уч хатм, ҳар уч саҳарда қироат билан бир хатм қилардилар, яъни 114 сурани ёд ўқиб тугатар эдилар. Аллоҳ таоло ул зотни Ўз раҳматига олган бўлсин!

Шайх Абдураззоқ Юнус, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

 

Read 10462 times

Мақолалар

Top